
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Давримизда бўлаётган ҳар хил фитналар тўғрисида севимли пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам огоҳлантириб кетганлар. Имом Термизий раҳимаҳуллоҳ ўзларининг ҳадислар тўпламида саҳоба Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қуйидаги ҳадисни ривоят қилганлар:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деб башорат қилган эканлар:
يخرج في آخر الزمان رجال يختلون الدنيا بالدين يلبسون الناس جلود الضأن من اللين ألسنتهم أحلى من السكر وقلوبهم قلوب الذئاب يقول الله عز و جل أبي يغترون أم علي يجترئون ؟ فبي حلفت لأبعثن على أولئك منهم فتنة تدع الحليم منهم حيرانا
«Охир замонда бир тоифа одамлар чиқади. Улар дунёга динини аралаштирадилар. Баъзи одамлар мулойим кўринишлари учун қўй терисини кийиб оладилар. Уларнинг тиллари шакардан ширинроқ. Бироқ, қалблари бўрининг қалбларидек бўлади. Аллоҳ азза ва жалла: “Улар менга мағрур бўладиларми ёки журъат қилаяптиларми? Ўзимга қасам ичдим, албатта уларга бир фитнани юбораман! Улар орасидаги ҳалим кимса ҳам ҳайронликда қолади».
Имом Термизий, 4/2404.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтишларича, Аллоҳ таоло бундай деган:
إن الله تعالى قال لقد خلقت خلقا ألسنتهم أحلى من العسل وقلوبهم أمر من الصبر فبي حلفت لأتيحنهم فتنة تدع الحليم منهم حيرانا فبي يغترون أم على يجترئون
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтишларича, Аллоҳ таоло бундай деган:
«Дарҳақиқат, мен бир одамларни яратдим. Уларнинг тиллари асалдан ширинроқ, қалблари эса сабур (олой)дан аччиқроқ. Ўзимга қасам ичдим: албатта уларга бир фитнани тайёрлайман! Улар орасидаги ҳалим кимса ҳам ҳайронликда қолади. Улар менга мағрурлик қиладиларми ёки менга журъат этадиларми?!»
Термизий, 4/2405.
Қўй терисини ёпинган бўри қалбли одамлар даври ҳақида муҳаддислар Ҳоким раҳимаҳуллоҳ ва Табароний раҳимаҳуллоҳ томонларидан ривоят қилинган қуйидаги ҳадиси шариф тўла тасаввур бера олади:
إذا اقترب الزمان كثر لبس الطيالسة و كثرت التجارة و كثر المال و عظم رب المال بماله و كثرت الفاحشة و كانت إمارة الصبيان و كثر النساء و جار السلطان و طفف في الميكال و الميزان و يربي الرجل جرو كلب خير له من أن يربي ولدا له و لا يوقر كبير و لا يرحم صغير و يكثر أولاد الزنا حتى أن الرجل ليغشى المرأة على قارعة الطريق فيقول أمثلهم في ذلك الزمان : لو اعتزلتما عن الطريق و يلبسون جلود الضأن على قلوب الذئاب أمثلهم في ذلك الزمان المداهن
«Қачон охирзамон яқинлашса, тайласон – арабларнинг бошга ташлайдиган рўмол ўрашлари кўпаяди; савдогарчилик ортади; мол-дунё кўпаяди; мол эгаси ўз мол-дунёси билан улуғланади; фоҳишалик кўпайиб кетади; болаларнинг (ёшларнинг) раҳбарлиги бўлади; хотинлар сони ортади; подшоҳлар жавр қилади; тарози ва ўлчовларда уриб қолинади; инсон кучук боласини тарбия қилиши ўз боласини тарбия қилганидан кўра яхшироқ бўлиб қолади; катталар ҳурматланмайди; кичикларга раҳм-шафқат қилинмайди; валади зинолар кўпаяди; ҳатто одамлар хотинлар билан кўча бўйларида алоқа қила бошлайдилар, бу замонда уларнинг (одамлар орасидаги) яхшироқлари: «Ҳой, икковингиз йўлдан сал чеккароқ жойга чиқсангиз бўлмайдими?», деб қолади; ўша одамлар бўри қалблари устига қўй терисини ёпиниб оладилар; бу замонда уларнинг яхшироқлари «мудоҳин»лар бўлади».
Ҳоким, 3/5465; Табароний, 5/4860.
Бу ҳадисдаги «мудоҳин»нинг кимлигини «Муснад ал-Ҳорис» номли ҳадис тўпламида: الذي لا يأمر ولا ينهى – «Амри маъруф ҳам, наҳий мункар ҳам қилмайдиган киши», дейилган (2/768).
Яъни, одамларни яхшиликка ҳам буюрмайдиган, уларни ёмонликдан ҳам қайтармайдиган бепарво, атрофдаги воқеа ва ҳодисалар билан иши йўқ, ўз-ўзи билан оввора инсонлардир. Бировни яхшиликка буюрса, фитна чиқади; ёмонликдан қайтарса, одамларнинг баттар жаҳли чиқади. Шунинг учун, инсон ўзини ўзи қутқарадиган бўлиб, ўзи билан ўзи андармон бўлиб, имкони қадар ўз ибодати билан машғул бўлиб қолади. Аллоҳ таолонинг розилигини топиш учун бўри қалбли одамлар орасида йўқдек умр кечиришга мажбур бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ғариб уммати бўлиб яшашга маҳкум бўлади.
Ўша даврдаги қўй терисини ёпинган бўри қалбли одамлар тўғрисида бошқа бир ҳадисда бундай дейилган. У «Иттиҳоф ал-хиярат ал-маҳара» ҳамда «ал-Матолиб ал-олия» асарларида келтирилган:
لا تذهب الليالي والأيام حتى يخلق القرآن في صدور أقوام من هذه الأمة كما تخلق الثياب، ويكون غيره أعجب إليهم، ويكون أمرهم طمعًا، كله، لا يخالطه خوف، إن قصر عن حق الله منته نفسه الأماني، وإن تجاوز إلى نهي الله، قال: أرجو أن يتجاوز الله عنِّي، يلبسون جلود الضأن على قلوب الذئاب أفضلهم في أنفسهم المداهن. قيل: ومن المداهن؟ قال: الذي لا يأمر ولا ينهى
«Кеча-кундуз ўтар экан, бу умматнинг бир гуруҳ одамлари қалбларида Қуръон худди кийим эскириб қолганидек эскириб кетади. Бошқалар улардан ажабланишади. Уларнинг ишлари эса барчаси тама бўлиб қолади. Улар (қалби)га хавф аралашмайди. Агар Аллоҳнинг ҳаққидан бирор нарсада нуқсонга йўл қўйишса, ўзларига омонликни миннат қилишади. Агар Аллоҳнинг таъқиқларидан тажовуз қилишса, «Аллоҳ менинг гуноҳларимни ўтар, деб умид қиламан», дейди. Бўри қалбларига қўй терисини кийиб оладилар. Уларнинг энг афзали «мудоҳин» бўлишади. «Мудоҳин» ким, деб сўралди. Амри маъруф ва наҳйи мункар қилмайдиган киши, дедилар». (8/7405; 4/4473).
Имом Доримий раҳимаҳуллоҳ ҳам қўй терисини ёпинган бўри қалбли одамлар тўғрисида бир ривоят қолдирганлар:
إِنِّى لأَجِدُ نَعْتَ قَوْمٍ يَتَعَلَّمُونَ لِغَيْرِ الْعَمَلِ وَيَتَفَقَّهُونَ لِغَيْرِ الْعِبَادَةِ وَيَطْلُبُونَ الدُّنْيَا بِعَمَلِ الآخِرَةِ وَيَلْبَسُونَ جُلُودَ الضَّأْنِ وَقُلُوبُهُمْ أَمَرُّ مِنَ الصَّبْرِ
«Албатта, мен шундай қавмни сифатларини топаман: амал қилмаслик учун таълим оладилар, ибодат қилмаслик учун фиқҳ ўрганадилар, дунёни охират амали билан излайдилар, қўй терисини ёпиниб оладилар, ҳолбуки қалблари сабурдан ҳам аччиқроқдир!». (Доримий, 1/305).
Одамлар бир-бирларини кўрганда қучоқ очиб кўришадилар, бир-бирларини давраларда мақтайдилар, бироқ, орқадан бўри сингари иш қиладилар. Ўша кулиб қараган одамга нисбатан қалбларида меҳр-шафқатдан асар ҳам йўқ. Ўлдириб юборилишига рози, хору зор бўлишига рози, унга ачинмайди, унга нисбатан қалби ачишмайди. Кулиб-кулиб, қарз олиб, бермай ҳам юраверади. Пул берганига шукр ҳам қилмайди, сўраса, «Нимага ҳадеб сўрайверасиз?!», деб энсаси қотади. Ўзининг бойлигини кўпайтириш учун мусулмон юртдошининг юзига қараб алдайверади, «Тирикчиликнинг айби йўқ!», деб кулиб туриб тарозидан уриб қолаверади. Ўз дўстининг саховати ва яхшилигидан баҳраманд бўлиб, унинг бизнесини банкротга учратади. Мансаб учун ва мансабда қолиш учун бир-бирини бўридек ғажийди. Олдида кулиб-кулиб, ишдан бўшатиб юбораверади. Очиқ юз билан қарши олиб, қаматиб юбораверади. Орқада «Сўралгани учун айтдим-да!», деб ғийбатни ҳам туҳматни ҳам қилаверади. Яна бирга-бирга кулиб-кулиб юраверади. Сизни алдаб, юзингизга кулиб қараб, «Ҳамма ишингизни битириб бераман!», деб сизни алдаб кетаверади. «Мана бунга қўл қўйинг, сизга ҳеч нарса бўлмайди», деб, сизни ёки бошқа бировни неча йилларга қаматиб юборишади.
Бўри қалбли одамлар иши битгандан сўнг, эшаги лойдан ўтгандан сўнг тоғасини ҳам унутиб юбораверади, иши битиши учун ўз акасини ҳам сотаверади. Халқ кўзи олдида оппоқ фаришта, лекин яширин ишларини суриштирса, шайтон ҳам ундан ҳазар қилиб кетади. Ўзлари қолганда даврадаги суҳбатга қулоқ солсангиз, одамларни қандай алдагани, қандай хиёнат қилгани, инсонларни қандай қамаб юборганларини мақтаниб гапиришади, устидан кулиб ўтиришади...
Ватанпарварлик ҳақида, уммат ғами ҳақида оғиз кўпиртириб гапирадиган, интернет қоралаб ёзадиган қўй терисини ёпиниб олган бўри қалбли ватанпарварларнинг агар телефондаги ўзаро гаплашувлари, телеграммдаги ёзувлари ёки ёзишмалари ёхуд яширин алоқалари кўздан кечирилса, ватан хоинлари ҳам улар, икки курсида ўтирувчилар ҳам улар.
Бўри қалбли одамлар амал қилиш учун илм ўрганмайдилар, тақво қилиш учун фиқҳ ўрганмайдилар. Балки илмини бошқаларни синдириш учун, ўзгаларнинг обрўсини тўкиш учун ишлатадилар. Содда бечоралар кўзига олим кўриниб, уларни ўзларининг ифлос тузоқларига илинтириб, хору зор бўлиб ўлиб кетишига рози бўлаверадилар. Яна ана шу ўзининг фитнаси ва алдовига учиб, ўлиб кетган бечоралар ҳақида «шаҳид» кетди, деб бўримисол ёвуз илмидан сафсата сотадилар.
Қўй терисини ёпиниб олган бўри қалбли одамлар давраларда сўзомол, интернетда фатвобоз, ҳаётда эса фитнасоз одамлар эканини ўйланг. Аҳли суннатман, деб туриб, сизни жамоатдан айирадиган ҳам улар. Суннийман, деб туриб, сизни суннатдан мосиво қиладиганлар ҳам улар. Саҳиҳ ҳадис айтаяпман, деб ҳадислардан юз ўгиртирадиган ҳам улар.
Абу Нуайм раҳимаҳуллоҳ ривоят қилишларича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бу умматнинг охири аввалгиларни лаънатлайди. Ўша вақтда ер юзи ва одамларида нафрат ва ғазаб тарқаган бўлади», деганлар. («Ҳилят ал-авлиё», 2/86).
Ҳа, нафрат ва ғазаб тарқаган бўлади: хатосини айтсангиз, сўкишади, тўғри йўл кўрсатсангиз тўпланиб олишиб, таъна қилишади, ғазабидан олам қўяди, сўкишларидан интернет портлайди. Яна ўзлари фитнанинг уяси бўлиб туриб, фитнасини айтсангиз, «Фитна қилма!» деб ёзғиришади, минг йиллик иттифоқни ва бирдамликни ўзлари бузиб қўйиб, «Нимага бузаяпсан?», десангиз, ўзларини қўйдек тутишиб, «уммат бирлашиши керак, иттифоқ бўлиши лозим», деб ёлғонини сотишади. Бирлашиш лозим бўлса, иттифоқ қилишимиз вожиб бўлса, «Кел, минг йиллик анъаналаримизга келақол!», десангиз, сизни радикалга чиқаришади...
Сиз билан дўстдек кўришиб, кўрганда югуриб келиб қўлингизни оладиганлар орқангиздан таъна қилиб, ғийбат қилиб, хатоингизни айтиб, ўзгалар гапига қулоқ соладиганлар ҳам улар...
Сиз аввалги умматлар бўлган Имом Ашъарий, Имом Мотуридий, Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳим ажмаъин каби умматнинг буюк уламоларига қўй терисини ёпинган бўриларнинг таъна қилиб, ёмонлаб-сўкиб, адашганга чиқарганларини кўрасиз. «Мен салафи солиҳларга эргашаман, Мотуридийга эмас, Ашъарийга эмас», деб сизга қўйдек мулойим гапирадиган ҳам улар. Хатосини айтсангиз, сизни бўралаб сўкадиганлар ҳам улар...
Қўй терисини ёпинган бўрилар ана шундай бўлади!
Аллоҳ таоло уларнинг ёмонлигидан паноҳ берсин!
Ҳамидуллоҳ Беруний
Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитасининг 2025 йил 22 июлдаги 03-07/4389-сонли рухсати асосида тақдим қилинди.