
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Одамларнинг ҳожатини чиқариш.
Ҳожатбарорлик чин мусулмоннинг олий инсоний фазилатларидан биридир. Ким бўлишидан қатъи назар, имкон қадар жонкуяр бўлиш катта аҳамиятга эга. Ҳозирги глобаллашув даврида мусулмонларнинг ўзга диндагилар учун хайрихоҳлик қилишлари, уларга яхшилик улашишлари Ислом одоби сифатида намоён бўлишини унутмаслик лозим. Дин биродарларининг ҳаққига ғоибона дуо қилиш мавзусида таъкидланганидек, ўзгаларнинг ҳожатини раво қилиш бир маънода, ўз ҳожатини қондириш демакдир: “…Ким бир мўминдан дунё ғам-қайғуларидан бирини аритса, Аллоҳ ҳам ундан қиёмат куни ғам-қайғуларидан бирини аритади. Ким мушкул аҳволдаги (одамнинг мушкули)ни енгиллатса, Аллоҳ ҳам уни дунё ва охиратда (ахволини) енгиллатади. Ким бир мусулмонни (айбини) беркитса, Аллоҳ ҳам уни дунё ва охиратда (айбини) беркитади. Модомоки банда (бошқа) биродарининг кўмагида (елиб югурар) экан, Аллоҳ ҳам унинг кўмагида (ҳозир) бўлади…”.
Юқоридагиларнинг барчасини умумлаштириб айтганда, одамлар (ўзига) яхшилик ва ғамхўрлик қилишлари ва озор беришдан тийилишларини хоҳлаган барча нарсада уларнинг ҳам шу борадаги ҳақларига риоя қилиш ва ҳоказолар мусулмон шахснинг зиммасидаги ҳақ ва вазифалардан саналади.
3-ҳолат. Омма мусулмонликдан ташқари қўшнилик, қариндошлик ёки қўл остида бўлиш каби сабабларга кўра боғлиқлик. Улар қуйида батафсил баён қилинади.
Улуғ олим Шамсиддин Самарқандий шундай деганлар: “Абу Ҳанифа ҳамда у зотнинг илм йўлидаги ҳамроҳлари Аҳмад ибн Ҳанбал наздида ҳар қандай инсонга амал ва ибодатида ҳосил бўладиган савобни бошқа кишига бағишлаши жоиздир. Хоҳ улар (нафл) рўза, ҳаж, садақа, Қуръон ўқиш ва улардан бошқаси бўлсин…”.
Имом Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳ Ислом ҳақларини хулоса қилиб, шундай деганлар:
Мусулмонлардан ҳеч кимни, хоҳ у тирик, хоҳ вафот этган бўлсин, хор ва ҳақир кўрмаслик лозим. Зеро аниқ билиб бўлмайдики, ёмонланган киши балки ёмонлагандан яхшироқдир. Бугун сен “фосиқ” деб қараб ёқтирмаган кишинг сени маънавий (даражада) анча ортда қолдириб, охир-оқибат бахтиёр бўлиши мумкин. Сен эса нафсига мағрур (алданган) ҳолда, охир-оқибат, бадбахт бўлиб қолишинг мумкин ( асрасин!).
Бой мусулмонларни бой бўлгани учун(гина) асло ҳурмат ва таъзим қилма (улуғлама). Зеро дунё ва ичидагилар Аллоҳ наздида ҳечдекдир.
Агар дунёга шўнғиган ва охиратдан ғафлатда қолган кимсалар сенинг назарингда катта кўринаётган бўлса, билгинки фоний дунёни улуғлаган бўласан ва шу орқали Аллоҳнинг назаридан қолган бўлишингни унутма.
Ҳеч ким учун фоний дунёнинг ўткинчи ва алдамчи қисса ва масаллари учун динингдан ва шарафингдан кечма. Зеро уларнинг назарида ҳам хўр ва ҳақир бўлиб, кейин улар берадиган дунё матоҳларидан ҳам маҳрум бўлиб қоласан. Маҳрум қолмаган тақдирингда ҳам абадий охират саодатидан жудо бўлиб, фоний дунёга алданган бўласан.
Халқ томонидан кўрсатилган юзаки муҳаббат ва ҳурматга ҳам асло алданиб қолма. Зеро, қоқилганингда сенга ёрдамга ошиқадиган бор-йўғи юзтадан битта одам бўлади, холос.
Аллоҳдан бошқасига ҳолингни арз ва шикоят қилма. Зеро Аллоҳ сени уларга топшириб қўяди-ю, ўрталиқда ҳеч кимсиз қолиб кетасан.
Халқнинг қўлига кўз тикма, зеро, бу инсонни тезда хорликка олиб боради. Кейин хоҳлаганингга ҳам эриша олмайсан.
Халққа мол-давлатинг туфайли катта кетиб кибрланма. Зеро, қилган кибрингга жазо сифатида Аллоҳ сени уларга муҳтож қилиб қўяди.
Бирор кишидан бир нарса сўраганингда истагинг бажо келтирилса, қанчалар яхши. Акс ҳолда асло хафа бўлма. Зеро, бундан душманлик пайдо бўлади. Насиҳатингни тинглашни ўзига эп кўрмаган кимсага бекорга оғзингни оғритиб, ўзингни чарчатма. Бир кимсадан яхшилик кўрганингда уни сенга йўллаган Аллоҳга шукр қил. Агар сенинг зарарингга юз берса, уни Аллоҳга ҳавола қилиб, ёмонликларидан Аллоҳдан паноҳ сўраган ҳолда жавоб қайтарма. Ҳар ким билан ҳам дўст бўлаверма. Зеро, уларнинг кўплари сендан содир бўлган камчилик ва айбни яширмайдилар. Сен сазовор бўлган озгина неъматни ҳам (катта) ҳисоблаб, оз-кўпига қарамай ҳасад қиладилар. Зоҳирда ёлғондан сенга ялтоқлансалар ҳам ичларида кин сақлаган ҳолда сенга душманлик қиладилар. Уларнинг ялтоқланишларига ишониб бўлмайди. Инсон қиёфасидаги баъзи бўрилар борки, замоннинг воқеаларини (фурсат билиб) пойлаб турадилар.
Синов ва тажрибадан ўтказмаган кимсангни муҳаббат ва ҳурматига ишонма. Синов шундай нарсалардир: у билан бир уй ёки жойда бир муддат ҳамдам бўлиш (бирга бўлиш), бирор лавозимдан четлаштирилиш ёки унга эришиш, (вақт етиб) бой ва фақир бўлиб қолиш, бирга сафарга чиқиш, пул билан боғлиқ ҳамкорлик ёки (қарз олди-бердиси каби) бирор муомала қилиш, қийинчилик ва изтиробга тушиш, муҳтож бўлиш ва шу кабилар…
Абдулҳамид Зайриевнинг “Мусулмоннинг ҳақ ва вазифалари” китобидан
Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023-йил 16-январдаги 03-07/184-сонли хулоса