
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Отангиз бирор жисмоний меҳнат билан шуғулланса, уни кексайиб қолганини айтиб, мутлақо чеклаб қўйманг. Уни тоқати етганича, бироз ҳаракат қилишига қўйиб беринг. Баъзан фарзандлар ота-оналарини фақат уйда дам олиб ўтиришлари, бирор юмуш билан шуғулланмасликларини таъкидлаб, ҳаракатсиз қилиб қўядилар. Бу эса уларнинг саломатлигига салбий таъсир қилиши мумкин. Хусусан, деҳқончилик ёки шу каби жисмоний меҳнат билан шуғулланган кишилар нафақага чиққандан кейин ҳам доимий уйда ўтира олмай, бирор юмуш билан банд бўлишга интиладилар. Бундай ҳолда имконингиз бўлса, у билан биргалашиб ҳаракат қилинг ва ўз вақтида ҳордиқ чиқаришини таъминланг. Дам оладиган пайтида уйда шовқин бўлмасин, у хотиржам роҳатланиши учун шароит ҳозирланг. Агар тоқатидан ортиқ ишга уриниб ўзини қийнаб қўядиган бўлса, ишини камайтириш тараддудини кўринг.
Отангиз мол-мулкини фарзандлар ёки бошқаларга ҳадя қилса ёки тақсимлаб васият қилса, асло унга қарши чиқманг. Аксинча, қарорини қўллаб-қувватланг. Шундай пайтда сизнинг отангизга чинакам меҳр-муҳаббатингиз, итоатингиз синовдан ўтади. Агар бунга эътироз билдириб, отангизни ранжитиб қўйсангиз, бир умр ҳасратда қоласиз. Ҳамиша отангизнинг дуосини олинг, Аллоҳ ўзи молу давлат беради. Баъзи фарзандлар отасининг тақсимотидан норози бўлиб, бойлик талашиб, бошқаларга шикоят қилиши, ҳатто судга бериш ҳоллари ҳам учраб туради. Бу каби ишлар отага нисбатан ўта ҳурматсизликдир. Бундай қилмиши билан фарзанд унга оқ бўлиб қолиши ва дунёю охиратини барбод қилиши мумкин.
Отангиз бемор бўлса, шифохонага ўзингиз бирга боринг, агар у ерда ётиб даволанишига тўғри келса, унинг ёнида қолинг. Бошқаларни хизматга ёллаб, улкан ажрдан бебаҳра қолманг. Ўғил фарзанд ота беморлигида ҳар қандай юмушини тўхтатиб, уни парваришлаши, таҳорати ва ғуслида ёрдамлашиши керак. Отангиз ўзини уддалай олмаса, уни таҳорат олдириб қўйинг. Вақти-вақти билан ювинтириб, соч-соқолини парваришланг. Кексалиги, қаттиқ беморлиги туфайли унда нохуш ҳолат юз берса, ундан ўзингизни тортманг, тозалигига эътибор беринг.
Отангиз оғир ҳолда ётиб қолса, ёнидан узоқлашманг. Бу пайтда унинг ҳузурига ўзи кўришни хоҳламайдиган, эътиқоди суст кишилар ва йиғлаб уни безовта қилиши мумкин бўлган аёлларни қўйманг. Кўпрок Қуръон тиловат қилиб, дам солиб туринг.
Аллоҳ асрасин, отангиз вафот этиб қолса, унинг васиятларини бажаринг ва ундан қолган меросни тезроқ уламолар ҳузурида шариат кўрсатмасига мувофиқ тақсимланишини таъминланг. Бугунги кунимизда меросни динимиз кўрсатмаларига мувофиқ тақсимлашга унча амал қилинмай қўйилгани учун биров вафот этса, марҳумнинг мол-мулкини тезда тақсимланадиган бўлса, одамлар меросхўрларга танбеҳ бериб, турли гап-сўзларни кўпайтирадилар. Мерос илмидан хабари йўқ ёши каттароқ қариндошлар, маҳалла оқсоқоллари марҳумнинг моддий мулкларини ўзларича тақсимлаб берадилар. Унинг уйи одатда кичик ўғилга, онанинг тақинчоқлари ва кийимлари эса қизларга бериб юборилади. Бундай тақсимот мутлақо нотўғри бўлиб, уни қабул қилиш ҳалол бўлмайди. Чунки мазкур иш Қуръони Карим оятлари ва ҳадисларда белгиланган Аллоҳ таолонинг тақсимотига мувофиқ келмайди. Сиз шундай ҳолатга дуч келсангиз, марҳумнинг моли ишлатиб юборилишидан аввал зудлик билан илмли, мерос масалаларини пухта биладиган кишини чақириб, мол-мулкларни шариатимизда белгиланган шаклда бўлинишини таъминланг. Бунда атрофдагиларнинг маломати, ортиқча гап-сўзларига парво қилманг. Сизнинг шариат кўрсатмасини бажаришингиз, диндан хабари йўқ кимсаларни хафа қилиши мумкин, лекин тутган йўлингиздан Аллоҳ рози бўлади ва отангизнинг руҳи шодланади.
«Қиблагоҳ» китоби асосида тайёрланди
Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2025 йил 16 январдаги 02-07/296-сонли хулосаси асосида тайёрланди.