1447 йил 22 жумадис сони | 2025 йил 13 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом

Тарих ва жуғрофия илмлари

13:56 / 28 сентябрь 937 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аввал бошда тарихий ҳодисалар ёд олиниб, оғзаки айтиб юриларди. Кейинчалик аста-секин уларни ёзишга ўтилди. Бу борада Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак сийратларини умматга етказиш иши ёрдам берди. Сийрат илмида энг аввалгилардан бўлиб номлари чиққан зотлардан тўрт киши алоҳида зикр этилади:

1. Урва ибн Зубайр (вафоти ҳижрий 93 сана). Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳунинг ўғли.

2. Абон ибн Усмон ибн Аффон (вафоти ҳижрий 105 сана). Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу­нинг ўғли.

3. Ваҳб ибн Мунаббиҳ (вафоти ҳижрий 114 сана).

4. Шурҳабийл ибн Саъд ал-Хутомий ал-Маданий (вафоти ҳижрий 123 сана). Бу киши ғазавотларни яхши биладиган олимлардан ва бадрийлардан эдилар.

Булардан кейин умавий халифалар даврида сийрат уламоларининг иккинчи табақаси зоҳир бўлди. Бу даврда набавий сийрат бўйича китоб ёзганлар ичида қуйидагилар алоҳида эътиборга сазовор саналадилар:

1. Осим ибн Умар ибн Қатода (вафоти ҳижрий 120 сана).

2. Муҳаммад ибн Шиҳоб Зуҳрий (вафоти ҳижрий 124 сана).

3. Абдуллоҳ ибн Абу Бакр ибн Ҳазм Ансорий (вафоти ҳижрий 125 сана).

Сўнгра аббосий халифалар даврининг сийратчилари етишиб чиқди. Уларнинг ичида қуйидаги зотлар шуҳрат топдилар:

1. Мусо ибн Уқба (вафоти ҳижрий 141 сана). Бу киши ғазавот китоби ёзган.

2. Муҳаммад ибн Исҳоқ Матлабий (вафоти ҳижрий 151 сана).

Бу киши халифа Мансурнинг талабига биноан Одам Атодан то ўзи яшаётган замонгача бўлган тарихни баён этувчи «ал-Мағозий» номли китоб ёзган. Халифа уни мухтасар қилишни амр этган. Ибн Исҳоқнинг китоби бизгача етиб келган биринчи сийрат китобидир.

3. Маъмар ибн Рошид (вафоти ҳижрий 150 сана). Бу кишининг китоби бизгача етиб келмаган.

4. Муҳаммад ибн Умар ал Воқидий (вафоти ҳижрий 207 сана).

Ал Воқидийнинг «ал-Мағозий» номли китоби ўзидан кейинги кўплаб сийратчиларнинг китобларига асос бўлган.

Сўнгра сийрат уламоларининг янги бир авлоди зоҳир бўлди. Уларнинг ичида алоҳида шуҳрат топганларидан бири Абу Муҳаммад Абдулмалик ибн Ҳишомдир (вафоти ҳижрий 218 сана).

Ибн Ҳишом аслида Ибн Исҳоқнинг китобини тартибга солган ва устозидан ҳам кўп шуҳрат топган. Ҳозиргача ким сийрат илмига мурожаат қилса, албатта Ибн Ҳишомга йўлиқади.

Ҳозирда энг машҳур сийрат уламолари ҳақида сўз кетар экан, албатта Ибн Исҳоқ ва Ибн Ҳишом раҳматуллоҳи алайҳиларнинг номлари тилга олинади.

Кейин келган сийрат уламоларининг деярли барчалари ушбу икки зотнинг келтирган маълумотларидан фойдаланганлар десак, муболаға қилмаган бўламиз.

Сийрат уламолари ўз фаолиятларида муҳаддисларнинг услубларидан фойдаландилар. Улар Пай­ғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларига оид маълумотларни у зотни кўрган, эшитган саҳобалардан ривоят қилган ровийлар силсиласига суянган ҳолда тўплаганлар. Дастлабки сийрат китобларида ҳар бир маълумотнинг ровийлари санади ҳам келтирилган.

Авваллари сийрат бобидаги маълумотларни иложи борича тўлиқ тўплашга ҳаракат қилинган. Ҳаттоки сийрат китобларига шарҳлар ҳам ёзилган.

Учинчи ҳижрий асрда тарих илми мислсиз равишда ривожланди. Тарих илмининг майдони кенгайди, пухта ва катта китоблар ёзилди. Ҳодисалар, насаблар, умматлар ва подшоҳлар, динлар тарихига оид китоблар битилди. Ўша даврларда ёзилган тарих китоблари ичида Муҳаммад ибн Саъднинг (вафоти ҳижрий 230 сана) «Табақотул кубро» китоби, Ибн Қутайбанинг (вафоти ҳижрий 276 сана) «Китабул имомати вас-сиёса» асари, Белазурийнинг (вафоти ҳижрий 279 сана) «Футуҳул булдон» китоби, Абу Ҳанифа Денаврийнинг (вафоти ҳижрий 282 сана) «Китабу ахборит-тивол» китоби, Тобарийнинг (вафоти 310 ҳижрий сана) «Тарихул умами вал мулук» номли китоби энг машҳурларидир.

Жуғрофия илми тарих илмидан кейинроқ ривожланди. Учинчи ҳижрий асрнинг охирида яшаб, илмий фаолият олиб борган Абулқосим Убайдуллоҳ ибн Хардозаба раҳматуллоҳи алайҳи энг қадимги жуғрофия олимларидан ҳисобланади. У киши «Масолик ва мамолик» номли асар ёзган. У кишидан кейин ҳижрий 282 санада вафот топган Яъқубий раҳматуллоҳи алайҳи «Булдон» номли асар ёзган.

Исмоил Гаспринский қуйидагиларни ёзади: «Батлимус (Птоломей) «Жуғрофия»си Маъмун замонига келиб эскирди. Унинг амри билан махсус ҳайъат тузилиб, мукаммал жуғрофия китоби – «Расм ал-арз» яратилди, олдингисига тузатишлар киритилиб, хариталар илова этилди. Улар асрлар давомида Европада дастуруламал бўлди».

«Ҳидоят имоми» китоби асосида тайёрланди.

Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитасининг 2023 йил 11 декабрдаги 03-07/9264-рақамли хулосаси асосида тайёрланган.

 

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳга даъват қилган, солиҳ амалларни қилган ва .Албатта, мен мусулмонларданман, деган кишидан кўра гўзал сўзли ким борДунёдаги энг гўзал сўз Аллоҳ таолонинг давоми...

6660 21:32 / 20.02.2018
Бу дунёда ҳаёт кечирар эканмиз, ўзимиз учун энг суюкли инсонларни намунаибрат қилиб оламиз ва уларга ўхшашга ҳаракат қиламиз. Аммо шуни таъкидлаш лозимки, биз давоми...

11288 16:44 / 30.09.2017
Соиб ибн Ақраъ розияллоҳу анҳу халифа ҳазрати Умарга Наҳованд жангида шаҳид бўлган кишиларни санади. У таниқли, кўзга кўринган кишиларнинг исмларини бирмабир давоми...

1899 07:36 / 15.12.2024
Баъзи .шарқшунослар, мусулмонларнинг фатҳлари ва Исломнинг ёйилишини бирбирига боғлашадида, бу дин қилич воситасида тарқалган деган хато фикрни олға суриб, ушбу давоми...

4711 19:50 / 22.04.2024
Аудиолар

213125 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

132347 14:35 / 11.08.2021