1447 йил 14 жумадис сони | 2025 йил 05 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳаж

Марва тарихи

14:06 / 26 сентябрь 1405 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

У оқ қаттиқ тошдан бўлган кичик тоғдир. Ушбу тоғ Каъбанинг Рукни-Шомийсидан 300 метр узоқликда, шимолий-шарқий томонда жойлашган. У ҳаж шиорларидан бири бўлиб, саъй қилинадиган ернинг шимолий ниҳоясидир.

Аллоҳ таоло бу ҳақда: «Албатта Сафо ва Марва Аллоҳ буюрган маросимлардандир», деб айтган (Бақара сураси, 158-оят).

Саъй қилинадиган ўрин

Бу Сафо ва Марва оралиғидаги узун масофадир. Сафо ва Марва орасида саъй қилиш ҳаж ва умра маносикларидандир. Бу отамиз Иброҳим алайҳиссалом, Исмоилнинг оналари Ҳожарнинг суннатларидандир. Бу амални бизга Аллоҳ амр қилган. Набийимиз Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам уни бажарганлар.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Иброҳим алайҳиссаломга ҳаж маносиклари амр этилганида саъй қилинадиган ўринда шайтон дуч келиб қолди. Улар мусобақа ўйнашган эди, Иброҳим алайҳиссалом ўзиб кетдилар».

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан қилинган бошқа ривоятда шундай дейилади:

«Кейин Иброҳим алайҳиссалом Ҳожар ва ўғли Исмоилни олиб, Маккага келдилар. Ҳожар Исмоилни эмизардилар. Уни масжид тепасидаги Замзам устида чўзилган жойга қўйдилар. Ўша пайтда Маккада бирор киши ҳам, бирор сув ҳам йўқ эди. Иброҳим алайҳиссалом икковини бир идишда хурмо ва сув билан у ерда қолдирдилар. Сўнгра Иброҳим алайҳиссалом йўлга тушдилар. Шунда Исмоилнинг онаси Ҳожар у зотга яқинлашиб: «Эй Иброҳим, ҳеч кимсасиз водийда бизни қолдириб қаерга кетмоқдасиз?» деб бир неча марта айтсалар ҳам, индамадилар. Ҳожар: «Аллоҳ сизга бу нарсани буюрдими?» деганларида Иброҳим алайҳиссалом: «Ҳа», дедилар. Ҳожар: «Ундай бўлса, Аллоҳ бизни зое қилиб қўймайди», деб қайтиб кетдилар.

Иброҳим алайҳиссалом йўлларида давом этиб, Санийя деган жойга келдилар. Ҳеч ким кўринмайдиган маконда Каъбага юзланиб, қўлларини кўтариб қуйидагича дуо қилдилар: «Парвардигоро, албатта мен зурриётимдан (бир бўлагини – ўғлим Исмоил ва унинг онаси Ҳожарни) Сенинг ҳурматли Байтинг ҳузуридаги экин ўсмайдиган бир водийга жойлаштирдим. Парвардигоро, улар намозни тўкис адо қилсинлар, деб шундай қилдим. Бас, Сен Ўзинг одамларнинг дилларини уларга мойил қилиб қўйгил ва уларни барча мевалардан баҳраманд этгил. Шояд, шукр қилсалар» (Иброҳим сураси, 37-оят).

Ҳожар ўғиллари Исмоилни эмизиб, идишларидаги сувдан ичиб юргандилар. Бир куни у сув тугаб, икковлари чанқаб қолишди. Ўғилларига қарасалар, у беҳад типирчилар эди. Ҳожар буни кўриб чидолмай, йўлга равона бўлдилар. Сафо тепалиги турган ерларига энг яқин жой эди. Ўша ерда туриб, бирор кишини кўриб қолармикинман, деб водийга юзландилар. Аммо бирор кишини кўрмадилар. Сўнг Сафодан туша бошладилар. Водийга етиб келиб, кўйлакларининг бир томонини кўтариб, бир оз тез югуриб водийни кесиб ўтдилар. Кейин Марвага келиб, у ерда ҳам бирор кишини кўриб қолармикинман, деб турдилар. Шу алфозда етти марта Сафо ва Марва орасида лўкиллаб югурдилар.

(Ибн Аббос розияллоҳу анҳу келтирган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мана шу Сафо билан Марва оралиғидаги одамларнинг ҳаракат қиладиган ҳолатидир», дедилар.)

Ҳожар охирида Марвага етиб келганларида «Жим бўл!» деган овозни эшитдилар. Бу чақириқ Ҳожарга айтилаётган эди. Ҳожар яна қулоқ солиб, овозни аниқ эшитдилар. Ва: «Агар сенда ёрдам бўлса, ҳақиқатда эшитдим», дедилар. Қарасалар, Замзам ўрнида бир фаришта қаноти билан ниманидир қидирар эди. У шундай ҳаракат қилар экан, сув кўриниб ҳавза бўла бошлади.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам агар Сафо билан Марва оралиғини тавоф қилсалар, Батнул масил деб номланган жойда саъйни тезлатиб бажарардилар. Бундай саъй қилинадиган жойга икки яшил байроқ билан белги қилиб қўйилган.

Жобир розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳажлари қуйидагича ривоят қилинади:

«Кейин у зот Сафо томонга чиқиб унга яқинлашдилар-да: «Албатта Сафо ва Марва Аллоҳ буюрган маросимлардандир» (Бақара сураси, 158-оят), деган оятни ўқидилар. Сўнг: «Аллоҳ бошлагин, деган жойдан бошлайман», деб Сафодан саъйни бошлаб, то Каъбани кўргунларича кўтарилдилар. Қиблага юзланиб, Аллоҳга такбир айтиб, Уни якка, деб қуйидаги дуони ўқидилар: «Ла илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу ла шарийка лаҳу, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува аъла кулли шайъин қодир. Ла илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу анжаза ваъдаҳу ва насоро ъабдаҳу ва ҳазамал аҳзоба ваҳдаҳу».

Унинг ўртасида уч марта ана шу дуони такрорладилар. Кейин Марвага тушиб, Батнул водийга етганларида саъй қилиб, кўтарилганларида оддий юрдилар. Шу тариқа Марвага келдилар. Марвада ҳам Сафода бажарган амалларини қилдилар («Саҳиҳи Муслим»).

Саъй қилинадиган жойдаги ислоҳотлар

Саъй қилинадиган ер қадим замонлардан буён эгри-бугри, паст-баланд, нишаб жой эди. Тарих давомида у ер аста-секин, босқичма-босқич ислоҳ қилинди, текисланди. Ниҳоят, бугунги кунга келиб, у жойда ғоятда чиройли, тоза макон юзага келди. Устига шифт ёпилиб, икки қават йўл қилинди. Илгари масжид билан саъй қилинадиган жой ўртасида бино ҳамда қадим замонлардан бери бозор бор эди. Атрофида эса дўконлар мавжуд бўлган.
Саъй қилиш эса бозорнинг ўртасида бўлар эди. Саъй қилишнинг осон бўлиши учун Саудия ҳукумати бу жойдаги дўконларни бузиб Масжидул Ҳаромга қўшишга, уни бир иморатга остига жойлаштириб, икки қаватли қилиб қуришга, ерини текислаб мармар ётқизишга амр қилди.

Саъй ўрни Сафо тепалигининг охиридаги деворидан бошлаб Марва тепалигининг охирги деворигача 394,5 метр узунликдадир. Эни эса 20 метрдир. Демак, жами масофа 394,5х20=7890. Иккинчи қаватни қўшсак, 15780 метр. Пастки қаватнинг баландлиги 11,75 метр. Юқори қаватники эса 8,5 метр. Сафо билан Марва ўртасида пастки қаватга кириш ўрни бор бўлиб, юқори қаватга эса ичкаридан иккита оддий зина мавжуд. Бири Сафо олдида, иккинчиси Салом эшиги олдида жойлашган. Яна юқори қаватга чиқиш учун Сафо ёнида кўтарилувчи қурилма ва унга қўшимча эскалатор ҳам бор. Устунлар ўртасидаги дарчаларга эгилувчан темирлардан деразалар ўрнатилган. Сафо ва Марва оралиғидаги масжидга кирувчи ва чиқувчилар учун юқорида еттита кесувчи йўл қилинган. Бу саъй қилиш мобайнида кириб-чиқувчилар халал бермаслиги учун мўлжалланган. Пастки қисм иккига бўлиб қўйилган. Биринчи қисм Марва томонга борувчиларга, иккинчи қисм ундан қайтувчиларгадир. Бу икки қисмнинг ўртасида ногирон ва қариялар араваси юриши учун махсус йўл қурилган. Бино тўла совутгич билан таъминланган. Эркакларга саъй мобайнида икки яшил байроқчага етиб келганида бироз тезлаб югуриш суннат амалдир. Ана шу жойга чизиқ ҳамда яшил лампалар билан белги қилиб қўйилган. 1417 ҳижрий йили Марва қаршисидаги шимолий майдон бир хил қилиб текисланди. Саъй тугаганидан кейин чиқиш учун эшиклар ўрнатилди. Шунингдек, иккита кўприк ҳам қурилди. Бири юқориги қаватга кўтарилиш учун, иккинчиси тепа қаватдан кўчага чиқиш ва кўчадан кириш учундир.

Макка, Каъба, Замзам тарихи, ҳаж ва умра маносиклари» китобидан.

Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 7 сентябрдаги 03-07/ 6905-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

 

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳaждa бaжapилaдигaн aмaллap фapз, вoжиб вa cyннaтгa бўлинaди. Фapз aмaллap aдo этилиши шapт мажбурий бўлгaн aмaллap бўлиб, yлapдaн биpopтacи aдo этилмaй қoлca, ҳаж адо бўлмaйди, янa бoшқaтдaн давоми...

2341 09:00 / 14.06.2024
. Ана ўшалар, Аллоҳнинг чегараларидир. Ким Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат этса, уни остидан анҳорлар оқиб турган жаннатга абадий қолиш учун киритадир. Бу давоми...

9993 05:00 / 16.01.2017
Ҳажнинг таърифиҲаж луғатда қасд қилмоқ ёки улуғ қасд. Ҳаж шариат истилоҳида ҳаж нияти ила эҳром боғлаган ҳолда ўз вақтида арофатда туриш ва тавоф амалини давоми...

4700 05:00 / 16.01.2017
Икки ой олдин .Саноқли кунлар бўлмиш Рамазон, хайр деяётган эдик. Бирикки кунда .Маълум кунлар бўлган Зулҳижжанинг ўн кунлиги, марҳабо деб кутиб оламиз. Ким давоми...

2715 16:47 / 06.06.2024
Аудиолар

210801 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130066 14:35 / 11.08.2021