1447 йил 14 жумадис сони | 2025 йил 05 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Кун дуоси

Энг гўзал исмлар Аллоҳникидир

04:16 / 26 сентябрь 1210 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

قَالَ اللهُ تَعَالَى: ﭳ ﭴ ﭵ ﭶ ﭷﭸ

Аллоҳ таоло:

«Энг гўзал исмлар Аллоҳникидир. Бас, Унга улар ила дуо қилинг», деган («Аъроф» сураси, 180-оят).

Аллоҳнинг барча исмлари гўзалдир. Мўмин-мусулмон банда Аллоҳга дуо қилганида ўша гўзал исмлар ила дуо қилмоғи лозим.

قَالَ اللهُ تَعَالَى: ﮭ ﮮ ﮯ ﮰ ﮱ ﯓ ﯔ ﯕ ﯖ ﯗ ﯘ ﯙ ﯚ ﯛ ﯜﯝ ﯞ ﯟ ﯠ ﯡ ﯢ ﯣ ﯤ ﯥ ﯦ ﯧﯨ ﯩ ﯪ ﯫﯬ ﯭ ﯮ ﯯ ﯰ ﯱ ﯲﯳ ﯴ ﯵ ﯶ ﯷ

Аллоҳ таоло яна:

«У Ундан ўзга илоҳ йўқ бўлган Аллоҳдир, Маликдир, Қуддусдир, Саломдир, ‎Муъминдир, ‎Муҳайминдир, Азийздир, Жаббордир, Мутакаббирдир. Аллоҳ улар ширк ‎келтираётган ‎нарсалардан покдир.‎ У – Аллоҳдир, Холиқдир, Бориъдир, Мусоввирдир. Энг гўзал ‎исмлар Уникидир. ‎Осмонлару ердаги барча нарсалар Уни поклаб ёд этадилар. Ва У ‎Азийз ва Ҳакиймдир», деган («Ҳашр» сураси, 23-24-оятлар).

«Ҳашр» сурасининг бу сўнгги оятида Аллоҳнинг бир неча гўзал исмлари ҳақида сўз боряпти. Хусусан:

Холиқ – яратувчи.

Бориъ – йўқдан бор қилувчи.

Мусоввир – махлуқотларнинг суратини шакллантирувчи.

Дунёдаги барча чиройли исмлар Аллоҳникидир.

Ҳадиси шарифда Аллоҳнинг тўқсон тўққизта чиройли исми зикр қилинган. Осмонда бўлсин, ерда бўлсин, дунёдаги барча нарсалар Аллоҳ таолони поклаб ёд этади, лекин биз уларнинг овозини эшитмаймиз, тилини тушунмаймиз. Аллоҳ ғолибдир. Аллоҳ ҳакимдир, яъни барча ишларни ҳикмат билан қилувчи Зотдир.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал Маъқал ибн Ясордан ривоят қилган ҳадисда пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Кимки тонг чоғида уч марта «Аъузу биллаҳис‑самийъул‑алийм минаш‑шайтонир рожийм» (Қувилган шайтоннинг шарридан Самийъ ва Алийм Аллоҳдан паноҳ сўрайман) деса ва «Ҳашр» сурасининг уч оятини ўқиса, Аллоҳ таоло салавот айтадиган етмиш минг фариштани унга вакил қилиб қўяди. Агар ўша куни вафот этса, шаҳид кетади. Кимки кеч кирганда ўқиса, худди ўша мартабага эришади», деб марҳамат қилганлар.

Ушбу ҳадиси шарифда зикр этилган «Ҳашр» сурасининг уч ояти» юқоридаги икки ояти карима ҳамда ундан олдин келадиган оятдир. Келинг, ўша оятнинг маънолари ва уларнинг тафсирини ҳам ўрганайлик:

«У Ундан ўзга илоҳ йўқ бўлган Аллоҳдир. У ғайбни ҳам, шаҳодатни ҳам ‎билгувчидир. У Роҳман ва Раҳиймдир» («Ҳашр» сураси, 22-оят).

Ушбу оятдан маълум бўладики, эътиқод ва ибодат фақат Аллоҳнинг Ўзига бўлмоғи керак. Барча қалблар фақат Унгагина талпиниши лозим. Аллоҳ таоло шундай Зотки, сиз билан биз билган ва билмаган барча нарсаларни билади. Осмонлару ерда Аллоҳ билмаган нарса йўқ. Демак, фақат Унга ибодат қилиш керак.

«У Ундан ўзга илоҳ йўқ бўлган Аллоҳдир, Маликдир, ‎Қуддусдир, Саломдир, ‎Муъминдир, ‎Муҳайминдир, ‎Азийздир, Жаббордир, Мутакаббирдир. Аллоҳ улар ‎ширк ‎келтираётган ‎нарсалардан покдир».

Бу ояти карима ҳам аввалги оят каби Аллоҳнинг вахдониятининг исботи ила бошланган ва унинг бир неча исмларини эслатмоқда, жумладан:

«Малик» бу ҳақиқий Эга демакдир, Ундан ўзга эга йўқ. Шунинг учун бандалар фақат Унга қул бўладилар. Ҳеч қачон бир қулга икки хўжа бўлмайди. Шунинг учун инсонлар ўзларига ўхшаган инсонларга эмас, балки ягона Яратганга, ҳақиқий Эгага қул бўлишлари лозим.

«Қуддус» – барча айблардан холи, нолойиқ сифатлардан пок. Мутлақ муқаддаслик ва мутлақ поклик Аллоҳнинг Ўзигагина хосдир.

«Салом» – нуқсонлардан саломат, шунингдек, тинчлик-хотиржамлик ва роҳат берувчи Зот. Аллоҳ «Салом» сифати ила бандаларга тинчлик, омонлик, хотиржамлик ато этади.

«Муъмин» – иймон ва омонликни берувчи.

«Муҳаймин» – ҳамма нарсани қамраб олувчи, яъни Аллоҳ бандаларнинг барча ҳолатларига гувоҳ бўлиб туради, Ундан ҳеч нарса махфий қолмайди.

«Азийз» – барчанинг устидан ғолиб.

«Жаббор» – олий қадар, улуғ, Унинг олдида ўзгалар ўзини хор тутади.

«Мутакаббир» – кибриёси ва улуғлиги муболағали Зот.

Ушбу баркамоллик сифатларга эга бўлган беайб Зот мушрикларнинг Унга ширк келтиришларидан ҳам покдир.

Аллоҳ таоло «Тоҳа» сурасида:

«Аллоҳ – Ундан ўзга илоҳ йўқ. Энг гўзал исмлар Уникидир‎‎», деган (8-оят).

Яъни, Аллоҳ таоло Ўзининг борлигида, моликлигида, илмида ва ҳамма нарсани Ўз тасарруфида тутишида ягонадир. Унинг исмлари фақат гўзалдир. Гўзал исмларнинг барчаси Унга хосдир.

Аллоҳ таоло «Исро» сурасида:

«Аллоҳга дуо қилинглар ёки Роҳманга дуо қилинглар, қайсинисига дуо қилсангиз ‎ҳам, ‎бари бир. Гўзал исмлар Уникидир», деган (110-оят).

Ривоятларда келишича, бир куни мушриклар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ё Аллоҳ! Ё Роҳман!» деб дуо қилаётганларини эшитиб қолишибди ва дарҳол:

«Муҳаммад якка худоликка чақирар эди, ўзи бўлса иккита худога дуо қилмоқда», деб гап тарқатишибди.

Уларнинг бу жоҳилона тушунчалари ва тасарруфларининг жавобига ушбу оят тушган экан. Бу оятда мазкур нотўғри тушунча ва тасарруф тўғриланмоқда.

«Аллоҳга дуо қилинглар ёки Роҳманга дуо қилинглар, қайсисига дуо қилсангиз ‎ҳам, ‎бари бир».

«Аллоҳ», «Роҳман» исмлари икки хил бўлгани билан Зот бир. Исм кўпайгани билан Зот кўпайиб қолмайди.

«Гўзал исмлар Уникидир».

Дунёдаги энг гўзал исмлар Аллоҳникидир.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 35-жузи

Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 2 августдаги 02-07/6202-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Алийга .Эй Алий, сенга сўзларни ўргатайми Қачон қийин аҳволга тушиб қолсанг, уларни давоми...

1524 10:05 / 20 май
Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон бирор қавмдан хавфсирасалар .Аллоҳумма иннаа нажъалука фий давоми...

1081 11:10 / 21 май
. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Қачон жаннат боғларининг ёнидан ўтсангиз, сайл қилинг,, дедилар. давоми...

910 11:44 / 22 сентябрь
. . Асмо бинти Язийд розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Аллоҳнинг исми аъзами ушбу икки оятдадир .Ва давоми...

871 06:02 / 11 октябрь
Аудиолар

210897 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130160 14:35 / 11.08.2021