1447 йил 22 жумадис сони | 2025 йил 13 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом

Исломга иймон келтирганимиздек, уни тушуниш йўлидаги тартиб ва белгилар

10:54 / 26 сентябрь 1046 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Асосий мавзуга киришишдан олдин ўзини исломга нисбат берган барча мусулмонлар ўзаро иттифоқ бўлган ёки иттифоқ бўлиши лозим бўлган ҳақиқатларни бирма-бир эслатиб ўтишни хоҳлардик.

Аллоҳ таоло бизга берган неъматларнинг энг улуғи, шубҳасиз, бу – Ислом ҳидояти неъматидир. У Зот бизни залолатдан олиб чиқиб, ҳидоятга йўллаб қўйди, бизга илм неъматини бериб, жаҳолатдан қутқарди, бизни зулматлардан нурга чиқарди. Биз башариятни Ислом билан яхшиликка чақирувчилар бўлдик.

Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

الْيَوْمَ أَكْمَلْتُ لَكُمْ دِينَكُمْ وَأَتمْتُ عَلَيْكُمْ نِعْمَتِي وَرَضِيتُ لَكُمُ الْإِسْلَامَ دِينًا

«Ана энди бугун динингизни камолига етказдим, неъматимни тамомила бердим ва сизлар учун Исломни дин деб рози бўлдим» (Моида сураси, 3-оят).

Биз бу динга боғланганимизни англовчи ақллар, иймонли қалблар, рост азму-қарорлар ва нурли қўллар билан ҳис қилганимиздагина пок ва гўзал одоб-ахлоқ, фойдали илмлар, солиҳ амаллар, фозил жамиятлар, мақбул маданият барпо бўлади. Бунга дўстлардан олдин душманлар гувоҳ бўлишди. Аллоҳ таоло бу умматга ўзидан олдинги ривожланган маданиятли халқларни мерос қилиб берди. Олдинги умматлар адашишди, йўлдан оғишди, бир-бирларига зулм қилишди ва бузғунчи бўлишди. Аллоҳ таоло меросхўр қилган кейинги уммат эса ҳидоят ва тўғри йўлни топишда, адолат ва солиҳ амаллар қилишда ибратга айланди.

Аллоҳ таоло айтади:

وَلَقَدْ كَتَبْنَا فِي الزَّبُورِ مِنْ بَعْدِ الذِّكْرِ أَنَّ الْأَرْضَ يَرِثُهَا عِبَادِيَ الصَّلِحُونَ

«Биз Зикрдан сўнг Забурда: «Албатта, ерга фақат Менинг солиҳ бандаларим ворис бўлурлар», деб ёзиб қўйгандирмиз» (Анбиё сураси, 105-оят).

Кўтарилиш ва пасайиш, кучлилик ва заифлик, ғалаба ва мағлубият, кенгайиш ва торайиш, гуллаш ва сўлиш, бирлик ва ажралиш буларнинг барчаси тарихда ўз исботини топган ҳақиқатларидир. Буларнинг ҳаммаси ушбу умматнинг Исломга қанчалик яқинлиги ёки ундан қанчалик узоқлашганига, унинг таълимотларини қай даражада маҳкам ушлаганига ёки уларга бепарво бўлганига боғлиқдир. Бу ҳолат ушбу динга амал қилинган, уни маҳкам ушланган ёрқин замонларда аниқ-равшан кўринади. Бунга тўғри йўлда бўлган тўрт халифа Умар ибн Абдулазиз, аббосий халифалигининг аввалгилари, Нуриддин Маҳмуд замони, Салоҳиддин Айюбий ва бошқа улуғларларимиз яшаган даврларни мисол қилиб келтириш мумкин

Бу умматни Исломдан бошқа бирон-бир куч ҳаракатга келтира олмайди ёки унинг куч-қувватини сафарбар қила олмайди. Исломгина ўлган умматнинг руҳига қайтадан ҳаёт беради, унда содир бўлган фирқачиликларга барҳам бериб, ўзаро бирлашиш омилларини қайтадан тирилтиради, уни заифликдан кейин куч-қувватга тўлдиради, тўхтаб қолган умматни ҳаракатга келтиради, уйқудаги умматни уйғотади. Агар уммат Исломдан четлатилса ёки Исломдан бошқа нарсага йўналтирилса, умматнинг тирик яшашидан, кучли ва якдил бўлишидан ҳеч қандай умид бўлмайди.

Ислом ҳақидаги баҳсимиз мана шу ҳақиқатлар нури остида бўлиши керак. Бу ҳақиқатларни умматнинг кучи ва шарафининг манбаи қилиб уни асосий ғоя ва йўлланма, тараққиётимиз, бирлигимиз ва қайта тирилишимизнинг асоси қилиб оламиз.

Агар Ўзининг ҳидояти ва ҳақ дини билан бизни мукаррам қилган Аллоҳ таоло ўзимизга, олдимизда ўсиб келаётган фарзандларимизга, меросхўр авлодларимизга ҳақ динга чорлаш юкини юклаганини билсак ва бошқа умматларга ҳам яхшилик қилишни истасак, асло ўзаро ихтилофларга боришимиз мумкин эмас.

Биз ҳам Исломни бу умматнинг энг афзал авлодлари ва энг яхши замоннинг улуғ саҳобалари ва уларга яхшилик билан эргашган зотлар тушунганларидек тушунсак, уни яхши билсак ва англасак, шундагина буларнинг барчаси фойда ва самара беради.

Ҳар қандай амал ёки Исломга чақириқ муваффақиятли ва самарали бўлишининг биринчи шарти - уни тўғри тушунишдир. Соғлом фаҳм-фаросат ҳар бир соғлом амалнинг асосидир.

«Биз иймон келтирган исломнинг тартиб ва кўринишлари»
китоби асосида тайёрланди

Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2021 йил 29 октябрдаги 03-07/ 6664-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар.Гўзал хулқларни мукаммал қилишга юборилдим,.Имом Байҳақий ривояти.1. .Адолат қилингки, у тақвога яқинроқдир, Моида давоми...

4820 11:00 / 01.03.2023
Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан сафарга чиққан эдим. Кетаётганимизда у зотга яқинларида бўлиб қолдим. давоми...

7755 19:15 / 19.05.2018
40 кунлик намоз қалбни қандай ҳолатга келтирадиҚизлардан бири айтади .Мен ўн иккинчи синфда таҳсил олар эдим. Бир куни онам менга .Рамазонга 15 кун қолди. Сен у ой давоми...

2964 09:00 / 05.10.2021
Саҳобалардан бирор киши у аъробийни танимас эди. Саҳродан келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳижрат ва жиҳод учун байъат қилди. Сўнгра бир ғазот давоми...

3482 14:29 / 12.01.2024
Аудиолар

213033 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

132253 14:35 / 11.08.2021