
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Бугун биз кўриб турган фиқҳ биринчи навбатда муҳаддисларнинг йўлига эмас, фақиҳларнинг йўлига суянади.
Ҳанафий мазҳаби ҳақида гапирсак, мусулмонларнинг 43 фоизи ҳақида гапирган бўламиз. Тарих ҳақида гапирсак, 90 фоиз мусулмонлар яшаётган давлатлар ҳақида гапирамиз. Буларнинг ҳаммаси, яъни 80-90 фоиз одамлар, тарих давомида ўтган уламолар, тарих давомида ўтган давлатлар шаръий ҳукмларни ҳадисдаги фақиҳ уламоларнинг йўлларига кўра олганлар. Улар бу фиқҳни қаердан олган эди? Уни муҳаддислар йўналиши жорий қилганмиди? Йўқ. Уни ҳадис илмидаги фақиҳлар барпо қилишган. Тарих давомида амалда татбиқ этиб келинаётган Ислом, шаръий ҳукмларнинг манбаида мусулмонлар оммаси амал қилган Ислом қайси йўналишга суяниб келяпти? Албатта, ҳадисда фақиҳ бўлганларнинг йўналишига суянади. Шунинг учун уни кучли деб биламиз, унинг буюклигини баён қиляпмиз, чунки у амалий Исломни бошқалардан кўра кўпроқ баён қилиб берган. Шунинг учун унга таъна қилиш – Қуръонга, умматга, тарихга, умматнинг уламоларига таъна қилиш демакдир, чунки уламоларнинг 80-90 фоиздан кўп қисми мана шу йўлда юрган. Ҳанафий мазҳаби борасида ҳаммаси очиқ-ойдин, тушунарли. Ҳанафий уламоларнинг 70-80 фоизи мана шу йўлда (ҳадисда фақиҳ бўлганларнинг йўналишида) бўлган. Моликий мазҳаби ҳам шундай. Ҳатто ҳанбалий мазҳаби наздида ҳам ушбу йўлдан юриш бўлган. Бу йўналиш уларнинг орасида кенг тарқалган. Шофеъий мазҳабида ҳам шундай. Тўрт мазҳабда ҳам ушбу йўналиш тарк қилинмаган.
Мазҳабларнинг кўпчилиги (бемалол 90 фоиз деб айтишимиз мумкин, Валлоҳу аълам) фиқҳий масалаларни олишда ҳукмни билиш учун муҳаддислар йўналишига эмас, ҳадисда фақиҳ бўлганларнинг йўналишига суянган. Шофеъийларда ҳадисларга бошқача ёндашиш бўлган, ҳанбалийларда ҳам. Ҳанафий ва моликийларда эса ушбу йўналиш тўлалигича эътиборли саналади.
Энди мана шу йўлни баён қиламиз. Уни баён қилишда мавзуни кенгроқ оламиз. Биз бу мадрасанинг асослари, қоидалари ҳақида, амал ва маъно ҳақида гаплашдик, рижоллар ҳақида ҳам гаплашдик. Моликийларнинг бир масала борасида айтган гапи ҳанафийларнинг айтган гапига ўхшаши мумкин.
Ҳанафий уламолар суннатга қандай таъриф беришган?
Ҳамма иттифоқ қилганки, ҳанафий мазҳабининг барча усул китобларида Набий алайҳиссаломнинг сўзлари, феъллари, тақрирлари ҳамда саҳобаларнинг сўзи ва феъли суннат деб аталади. Демак, ҳанафийлар Суннатга саҳобаларнинг сўзи ва феълини ҳам киритган. Суннатга таъриф бераётганда ким саҳобанинг сўзи ва феълини зикр қилмаган бўлса, саҳобанинг сўзи ҳужжат бўладиган ўринда буни зикр қилиб, ўрнини тўлдириб қўяди. Бу барча иттифоқ қилган масаладир.
Эй ҳанафийларга, фақиҳ олимларга «суннатни тарк қилувчилар» деб туҳмат қилаётганлар! Фақиҳ олимлар суннатда келган ҳеч бир нарсани тарк қилмасликка қаттиқ туришган бўлса, саҳобаларнинг гапини, саҳобаларнинг феълини суннатдан деб билган бўлса, қандай қилиб уларга туҳмат қиласизлар?
Фақиҳ олимлар саҳобаларнинг гапини ва феълини қандай қилиб суннатдан деб билишди?
Биз бу ерда ҳар қандай саҳобий ҳақида гапираётганимиз йўқ. Биз саҳобалар табақасининг мужтаҳидлари ҳақида гапиряпмиз. Улар йигирма йил давомида Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларида бўлишган. Ана шу олий табақадаги саҳобалар ва улардек даражада бўлган саҳобаларнинг сўз ва феъллари фақатгина Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўз ва феъллари бўлади. Улар ўз қавмининг энг олий даражадаги кишилари бўлишган.
Мабодо уларни ана шундай зотлар деб билмаганимизда, у ҳолда «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг бирортасига мураббийлик, муаллимлик қилмаганлар» деган гап чиқиб қолар эди. Аммо барчамизга маълумки, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам таълим-тарбия берган зотларнинг ҳар бир сўзи, ҳар бир амали айнан у зот алайҳиссаломнинг сўзларига, амалларига мувофиқ бўлган.
Биз бу ерда энг олий табақа ҳақида, мужтаҳид саҳобалар ҳақида, Абу Бакр, Умар, Усмон, Алий, Ибн Масъуд, Зайд каби зотлар ҳақида гапиряпмиз. Улар ўз амалларида Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларига ўхшашга ҳаракат қилганлар. Уларнинг гаплари ва феъллари энг камида ўзларининг ижтиҳоди бўлган. Усул уламолари айтадики, уларнинг ижтиҳоди бошқа ижтиҳодлардан устун туради, чунки улар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тарбияларини олишган, ваҳий нозил бўлишини кўриб туришган.
Бу улуғ зотларнинг сўзлари ва феълларининг асли Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўз ва феълларидан бўлган. Суннатнинг жуда катта қисми бизга айнан саҳобаларнинг феъллари орқали етиб келган. Ҳазрати Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан кейин бир йил ўтса ҳам, бирорта ҳадис айтмаганлар, чунки ҳадис айтганда бирорта хато қилиб қўйишдан жуда қаттиқ қўрқар эдилар. Ваҳоланки, уларнинг гаплари, қилган ишлари, юрган йўллари суннат деб эътиборга олинган.
Аввал ҳам айтиб ўтилганидек, мана шу нарса бизга «Аҳли сунна мазҳаби Китоб ва Суннатни нақл қилиш билан бирга, Китоб ва Суннатни фаҳмлашни ҳам нақл қилган», деган фикрни беради. Бизнинг ҳам мақсадимиз суннатни тўғри фаҳмлашдир. Инсонларга суннатни тўғри фаҳмлашни кимлар ўргатади? Саҳобалар. Улар йигирма уч йиллик пайғамбарлик даврида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга бўлганлар.
Барчамиз биламизки, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам баъзи масалаларда олдин бир ҳукмни, кейин бошқа бир ҳукмни айтганлар. Хўш, буларнинг қай бири носих, қай бири мансух эканини қандай биламиз? Шариат буларнинг қай бирига асосан қарор топганини қаердан биламиз?
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан кейин Абу Бакр, Умар, Усмон ва Алий розияллоҳу анҳумнинг қилган амалларига қарасак, улар ана шу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг охирги қилган амаллари эканини кўрамиз. Демак, бу йўлдаги асосий нарса шариат ниманинг устига қарор топганини билиш экан. Асҳоби киром розияллоҳу анҳумга эргашиш шариат қарор топган нарсага эргашиш бўлади. Шунинг учун Ибн Аббос розияллоҳу анҳу: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларини маҳкам тутинглар», деганлар, чунки саҳобалар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтган сўзларнинг энг охиргисини олишган, яъни динда, шариатда қарор топган охирги нарсани олишган.
Фиқҳий мазҳабларда, хусусан, ҳанафий мазҳабида суннатга эътибор қандай даражада эканига қаранглар. Улар саҳобаларнинг сўзини, саҳобаларнинг феълини суннатга киритишган. Сизларга бу ҳақда иккита нарсани айтмоқчиман. Улар ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу ва Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.
Масалан, Умар розияллоҳу анҳу: «Бир ҳадисни ривоят қилиб, унинг хилофига амал қиладиган кишига ҳайронман», деганлар.
Демак, амал эътиборли ҳисобланади, чунки унда ҳукм бор. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар», деманг. Бу ҳадисга амал қилинганми ёки амал қилинмаганми, шунга эътибор беринг!
Масалан, Абу Дардо розияллоҳу анҳудан савол сўрашарди, у зот жавоб берардилар. Баъзида у зотга: «Бизга шундай ҳадислар етиб келяптики, сиз у ҳадисларга тескари амал қиляпсиз», дейишса, у зот нима деганлар? «Ҳа, мен у ҳадисларни биламан. Лекин амалда мен ўша ҳадислардан бошқача амал қилинганига гувоҳ бўлганман», деганлар. Бу фикрни қўллаб-қувватлайдиган жуда кўп насслар, яъни шаръий ҳужжатлар бор. Саҳобаларнинг гапларига қатъий ишонч бор.
Шу ерда биттагина насс келтирамиз. Бу насс Иброҳим Нахаъийдан келган бўлиб, у киши Суннатни маҳкам ушлагани, саҳобаларнинг амалига амал қилгани ҳақидадир.
У зот: «Қуръонда таҳоратда қўлни тирсак билан қўшиб ювиш буюрилган бўлса-да, бир саҳобийнинг таҳоратда қўлини билаккача юваётганини кўрсам, мен ҳам саҳобий таҳорат қилгандек таҳорат қилар эдим», деганлар. У зотга: «Қуръонга амал қилмайсизми?» дейишганида, у зот: «Ҳа, Қуръонга (ўзим тушунганимдек) амал қилмайман», деганлар. Бунинг сабабини сўрашса, «Чунки саҳобалар (Қуръонни тушунмасликда) ҳеч қачон айбланмайдилар», деб жавоб берганлар (яъни Қуръондан мен тушунган нарса тўғри бўлганида саҳобалар ҳам шундай амал қилаётган бўлиши керак эди. Саҳобалар бошқача амал қиляптими, демак, мен Қуръонни нотўғри тушунган бўламан).
Саҳобалар ҳеч қачон айбланмайди. Улар Суннатни етказган, Қуръонни етказган инсонлардир. «Бир саҳобийнинг таҳоратда билаккача юваётганини кўрганимда, мен ҳам саҳобий таҳорат қилгандек таҳорат қилар эдим», деган гапнинг маъноси шуки, агар саҳобалар шундай қилган бўлишса, демак, улар бу оятнинг насх бўлганини билган бўлишади.
Саҳобалар ҳеч қачон суннатни тарк қилишмаган.
Жоҳил бўлгани учун фиқҳий мазҳабларни айблаётган кимсаларнинг гапига нима дейсиз энди? Фиқҳий мазҳаб соҳиблари, Ислом умматининг имомлари суннатни тарк қилиши мумкинми? Бу гапни ақл қабул қиладими? Исломнинг катта уламолари суннатни тарк қилишса, унда Исломда қандай яхшилик қолади? Қуръондаги «Сизлар инсонлар учун чиқарилган энг яхши уммат бўлдингиз», деган оят қаерда қолади? Қандай қилиб шундай фикр юритиш мумкин?
Юқорида буларнинг ҳаммасига сабаб жаҳолат эканини айтиб ўтдим.
Бу кимсалар Ислом умматини, бу умматнинг олимларини айблашяпти. Уларнинг бу каби айбловидан, ёмонлигидан, туҳматидан ҳеч ким омон қолмаяпти.
Қаранг, Иброҳим Нахаъий нима деганлар: «Улар, яъни саҳобалар илм арбоблари эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашишда Аллоҳнинг энг ҳарис бандалари эдилар». Улардан ҳам ҳарис одам бўлганми? Йўқ, бу борада улардан ҳарис одам бўлмаган.
«Ҳанафий мазҳабига теран нигоҳ» китобидан
Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2024 йил 16 апрелдаги 03-07/2009-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.