Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 22 жумадис сони | 2025 йил 13 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Витр намози ҳақида | Ҳадис дарслари (347-дарс)

19:00 / 24 сентябрь 1135 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Витр» сўзи луғатда «тоқ» деган маънони англатади.

عَنْ عَلِيٍّ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: يَا أَهْلَ الْقُرْآنِ أَوْتِرُوا فَإِنَّ اللهَ وِتْرٌ يُحِبُّ الْوِتْر. رَوَاهُ أَصْحَابُ السُّنَنِ.

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Эй аҳли Қуръон, витр намози ўқинг. Аллоҳ тоқдир, тоқни яхши кўрур», дедилар».

«Сунан» эгалари ривоят қилганлар.

«Аллоҳ тоқдир» дегани шериги йўқ, жуфт эмас, маъносидадир. Шу маънода Аллоҳ таоло витр — тоқ намозни яхши кўрар экан.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мўмин-мусулмонларга «Эй аҳли Қуръон» деб мурожаат қилишлари «Витр намозини ўқинг», деб амр қилишлари бу намознинг вожиб эканлигини, ўқимаса бўлмаслигини кўрсатади.

Ортидан «Аллоҳ тоқдир, тоқни яхши кўрур!» дейишлари ҳам шу маънони таъкидлайди.

Шунинг учун Ҳанафий мазҳаби витр намозини вожиб, деган. Бошқа мазҳаблар эса вожиб эмас, деганлар. Аввал кўриб ўтганимиздек, Ҳанафий мазҳабидан бошқа мазҳабларда фарз ва вожиб тушунчалари бир маънони – Ҳанафий мазҳабидаги фарз маъносини англатади. Шунинг учун уч мазҳаб вакиллари беш вақт намоз фарзлиги ҳақидаги далил ва ҳужжатларни келтириб, витрни ҳам вожиб, десак, олти вақт намоз бўлиб қолади, деган фикрга борганлар.

Ҳанафийларда эса фарз билан суннатнинг орасида вожиб борлиги ва витр намози ҳақидаги далиллар фарздан кучсиз, суннатдан кучли бўлганлиги учун вожиб, дейилган. Ушбу ҳадис уларнинг далилларидан биридир.

عَنْ خَارِجَةَ بْنِ حُذَافَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: خَرَجَ عَلَيْنَا رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ: إِنَّ اللهَ تَعَالَى قَدْ أَمَدَّكُمْ بِصَلَاةٍ هِيَ خَيْرٌ لَكُمْ مِنْ حُمْرِ النَّعَمِ وَهِيَ الْوِتْرُ، فَجَعَلَهَا لَكُمْ فِيمَا بَيْنَ الْعِشَاءِ إِلَى طُلُوعِ الْفَجْرِ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ وَالْحَاكِمُ وَصَحَّحَهُ.

Хорижа ибн Ҳузофа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бизнинг олдимизга чиқдилар ва:

«Албатта, Аллоҳ таоло сизларга бир намозни зиёда қилди. У сизлар учун қизғиш туялардан ҳам яхшидир. У ҳам бўлса, витрдир. У зот сизларга уни Хуфтондан то тонг отгунча қилди», дедилар».

Абу Довуд, Термизий ва Ҳоким ривоят қилганлар. Ҳоким саҳиҳ, деган.

Ўша пайтда қизғиш туялар арабларнинг энг обрўли мулки бўлган. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:

«У сизлар учун қизғиш туялардан ҳам яхшидир» деганлари витр намози қанчалар фазлга эга эканлигига яна бир ҳужжатдир.

Шу билан бирга, у ҳанафийларнинг бу намозни вожиб дейишларини қувватловчи кучли далил ҳамдир.

Ушбу ривоятдаги «У зот сизларга уни Хуфтондан то тонг отгунча қилди» деган жумладан витр намозининг аввалги ва охирги вақтлари ҳам билинади.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 5-жузи

Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2024 йил 23 январдаги 03-07/362-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

 

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. . Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Албатта, Аллоҳ суратларингизга ва молу дунёларингизга назар давоми...

4865 17:00 / 21.07.2021
Охирги вақти чиқмай туриб, бир ракъати ўқиб қолинган намоз, гарчи бир ракъатдан бошқаси ўз вақтида ўқилмаса ҳам, вақт чиқмай туриб ўқилган намоз ҳисобига ўтади. давоми...

7418 19:00 / 15.05.2024
. . Жуҳайналик бир кишидан ривоят қилинади .У киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Бомдод намозида .Иза зулзилатил арзу, сурасини икки давоми...

1726 19:00 / 21 май
. . Абу Саъд ибн Абу Фазола розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Қачонки Аллоҳ қиёмат кунида ndash давоми...

4439 19:30 / 06.10.2021