1447 йил 14 жумадис сони | 2025 йил 05 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Амал дафтари

16:07 / 10 сентябрь 1378 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бугун ижтимоий саҳифалар ёки биров билан қилган шахсий ёзишмалардаги битикларимиздан кимлардир нусха олиб, ўрни келганда уни бизга қарши ишлатадиган бўлса, бундан жуда ҳам ноқулай ҳолатга тушиб, вақти келса, қаттиқ дарғазаб бўлиб, ўч олишга киришмоқдамиз.

Аслида бу олинган нусхалар ҳеч нарса эмас, бугун бор, эртага йўқ бўлиши мумкин. Ҳар қанча эсда қоларли бўлмасин, вақт ўтиши билан инсонлар унутиши ҳам бор. Қолаверса, одамлар нусха олганлари хамир учидан патир, холос, бировнинг назарига тушмаган битикларимиз сон-саноқсиз. Бироқ, бизнинг ҳар бир ёзганимизни ҳеч бир истисносиз кузатиб, нусхасини бехато сақлаб бораётган фаришталар борки, уларнинг нусхалари ҳеч қачон ўчмайди ва амал дафтарларимизда бекаму кўст намоён бўлади.

Аллоҳ таоло айтади:

«Ҳар бир умматни тиз чўккан ҳолида кўрасан. Ҳар бир уммат ўз номаи аъмолига чақирилади: «Бугунги кунда қилиб юрган амалларингизнинг жазо мукофотини оласиз. Мана бу китобимиз сизга ҳақиқатни айтиб беради. Биз қилиб юрган амалларингиздан нусха олиб қўйган эдик» (Жосия сураси, 28-29-оятлар).

Оғиздан чиққан ҳар бир нарсани ёзаётган, амалларимиздан нусха олаётган фаришталар ижтимоий тармоқлардаги битикларни ҳам ҳисоблаб, қайдлаб боришмоқда. Қиёмат куни улар олган нусхаларни қўлингизга ташлашлари аниқ. У пайтда бугунгидек ўзингизни яшириб, иссиқ жойда ҳотиржам ёнбошлаб ўтирган бўлмайсиз, балки бутун башарият олдида, даҳшатдан чўккалаб, биров ҳаққини даъво қилиб келиб қолмасайди, деган хавотир қуршовида зир титраб турган бўласиз. Бу ҳолат ҳар бир умматнинг бошида бордир. Жиноятчилар: «Вой, шўримиз қурисин. Бу қандай китобки, кичикни ҳам, каттани ҳам ҳеч қўймай ҳисоб қилибди-я!» дея ҳайқиришади. Ўша соатда ўз битикларингизни қандай топишни истасангиз, бугун шунга қараб иш қилинг. У кунда бугунги оқловлар, ҳақоратлаб қочишлар, масхарабозликлар ўтмайди ва ҳеч бир жон бошқанинг юкини зиммага олмайди. У кунда ҳисоби энг оғир амал бировнинг шаънида қилинган тажовуз бўлади.

Аллоҳим, ўша Кунда ‒ «Биз қилиб юрган амалларингиздан нусха олиб қўйган эдик», дейилган соатда нажот топадиганлардан бўлишимизни насиб айлагин!

Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид

Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитасининг 2025 йил 22 июлдаги 03-07/4389-сонли рухсати асосида тақдим қилинди.

 

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Исроф, сўзи араб тилида .чегарадан чиқиш, ва .бир нарсани қасддан унутиш, деган маънони англатади. .Фалон ишда исроф бўлди,, деган жумла миқдоридан ортиқча сарф давоми...

1963 12:48 / 13.09.2023
Мусулмонларнинг жанозаларида ҳозир бўлиб, маййитни охирги манзилгача кузатиб қўйиш ҳам бандалик бурчимиздир.Бундан мақсад киши учун диндош биродарининг охирги давоми...

884 15:30 / 21 сентябрь
Кўпчилик одамлар, ишим юришмаяптиrdquo, қарзим кўпrdquo, омадим келмаяптиrdquo, касаллик аримаяптиrdquo, муаммодан бошим чиқмаяптиrdquo деб нолийди.Ваҳоланки, шариатда бу давоми...

3281 10:50 / 18.01.2022
Одатда давлат бошлиқлари бошқа бир давлатга ташриф буюришидан аввал уларнинг элчилари боради. Элчилар мезбон давлат вакилларига давлат раҳбарининг қачон келиши, давоми...

2543 18:30 / 16.03.2022