Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 25 шаъбон | 2026 йил 13 февраль, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Рўзадорга макруҳ бўлган нарсалар | Фиқҳ дарслари (342-дарс)

19:00 / 21.08.2025 2451 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бирор нарсанинг мазасини татиб кўриш ёки чайнаш макруҳдир. Фақатгина зарурат юзасидан ёш болага овқат чайнаб бериш бундан мустасно.

Бу ҳолатларда ўша нарсалар ичкарига кетиб қолиб, рўзани бузиш хавфи бор. Қолаверса, бошқалар кўрса, «Рўза тутмаган экан», деган туҳматга қолинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, туҳмат мақомларига яқинлашмасин», деганлар.

Ўпиш, агар ортидан бирор нарса бўлиш хавфи бўлса, макруҳдир.

Мазкур хавф ўпишдан кейин бўладиган жинсий яқинлик ва маний тўкилишидан иборатдир.

Мисвок қилиш ва сурма қўйиш макруҳ эмас.

عَنْ عَامِرِ بْنِ رَبِيعَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، قَالَ: رَأَيْتُ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ  يَسْتَاكُ وَهُوَ صَائِمٌ، مَا لَا أُحْصِي أَوْ أَعُدُّ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَأَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ.

Омир ибн Рабийъа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Мен Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг рўзадор ҳолларида мисвок қилаётганларини санаб саноғига, ҳисоблаб ҳисобига ета олмайдиган даражада кўп кўрганман».

Бухорий, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

Рўза тутган одам мисвок қилиши яхши эканини уламолар жумҳури таъкидлаганлар. Шу билан бирга, баъзи уламолар рўзадорнинг оғзидан чиқадиган ҳид Аллоҳ таолонинг ҳузурида мушку анбарнинг ҳидидан афзаллиги ҳақидаги ҳадиси шарифнинг эътиборидан «Завол вақтидан кейин мисвок қилмаган яхши», дейишади. Чунки рўзадорнинг оғзидан ўша ҳид завол вақтидан кейин чиқа бошлайди.

عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ، قَالَ: جَاءَ رَجُلٌ إِلَى النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ  فَقَالَ: اشْتَكَتْ عَيْنِي، أَفَأَكْتَحِلُ وَأَنَا صَائِمٌ؟ قَالَ: «نَعَمْ». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга:

«Кўзим оғриб қолди. Рўзадор ҳолимда сурма қўйсам бўладими?» деди. Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ҳа», дедилар».

Термизий ривоят қилган.

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا، قَالَتْ: اكْتَحَلَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ  وَهُوَ صَائِمٌ. رَوَاهُ ابْنُ مَاجَهْ.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазонда рўзадор ҳолларида сурма қўйдилар».

Ибн Можа ривоят қилган.

عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ: أَنَّهُ كَانَ يَكْتَحِلُ وَهُوَ صَائِمٌ.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«У киши рўзадор ҳолларида сурма қўяр эдилар».

عَنِ الْأَعْمَشِ رَضِي اللهُ عَنْهُ، قَالَ: مَا رَأَيْتُ أَحَدًا مِنْ أَصْحَابِنَا يَكْرَهُ الْكُحْلَ لِلصَّائِمِ. رَوَاهُمَا أَبُو دَاوُدَ.

Аъмаш розияллоҳу анҳудан ривоят  қилинади:

«Асҳобларимиздан бирортасининг рўзадор ҳолда сурма қўйишни ёқтирмаганини кўрмадим».

Икки ривоятни ҳам Абу Довуд келтирган.

Ҳанафий уламолар рўзадор киши учун макруҳ бўлган бошқа ишларни ҳам санаб ўтганлар:

1. Узрсиз бирор нарсани татиб кўриш ва чайнаш.

Чунки бунга ўхшаш нарсалар рўзанинг бузилишига олиб бориши мумкин.

2. Сақич чайнаш.

Бу ишни қилган одамни оғзи очиқ деб ўйлайдилар.

3. Қучоқлашиш, ўпиш ва ушлаш каби шаҳватни қўзғайдиган ишлар.

4. Қасд ила тупукни оғизда тўплаш ва уни ютиш.

5. Рўзадорнинг заифлашишига олиб борадиган қон олдириш каби ишларни қилиш.

 «Кифоя» китобининг иккинчи жузи асосида тайёрланди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 5 октябрдаги 03-07/7013-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ушбу ўн тўрт оятдан бирини тиловат қилган ёки эшитган кишига сажда қилиш вожиб бўлади. 1. Аъроф сурасининг охиридаги 206оят. 2. Раъд сурасидаги 15оят. 3. Наҳл давоми...

13413 19:00 / 27.07.2023
. . . . . Қуёш тутилганда жуманинг имоми одамлар билан икки ракъат нафл намоз ўқийди. Иккисида қироатни махфий ва узоқ қилади. Сўнгра то қуёш давоми...

3249 19:00 / 20.04.2023
1. Зоҳирурривоя.Имом Абу Ҳанифа, Абу Юсуф ва Муҳаммаднинг кучли қавллари.2. Имом.Имом Абу Ҳанифа.3. Шайхони ndash Икки шайх.Имом Абу Ҳанифа ва Абу Юсуф раҳматуллоҳи давоми...

5813 19:30 / 19.12.2019
Фиқҳ илмининг асоси бўлмиш .усулул фиқҳ, муҳим илмлардан биридир. Фуқаҳолар мужтаҳидларнинг шариат аҳкомларини қай тариқа истинбот этганларини мазкур илм орқали давоми...

7754 18:15 / 09.01.2019