1447 йил 14 жумадис сони | 2025 йил 05 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Мударрис Муҳаммадхон тўра

15:00 / 15 август 1011 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

19 асрда яшаб ижод қилган, ўзидан ўчмас из қолдирган, маърифатпарварлар орасида Муҳаммадхон тўранинг алоҳида ўрни ва хизмати беқиёсдир. У зот 1850 йилда Наманган шаҳрида туғилиб, 1928 йилда вафот этган. Боболари Эшон Хўжа Эшон, калон боболари эса Мулла Хўжа Эшон Мавлавий Намангонийдир. У зотлар Қўқон хонлиги даврида илм борасида маълум ва машҳур, фазл эгалари бўлишган.

Падари бузрукворлари Меҳмонхон тўра ҳам шариат ва тариқат билимдони, Мажзуб алайҳирроҳманинг мурид-мухлислари бўлган.[1] У зоти шариф муборак Ҳаж ибодатини адо этиб қайтаётганларида, Афғонистоннинг Мозори шарифидаги «Тошқўрғон» деган жойда оламдан ўтганлар. Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти қўлёзмалар фондида у кишининг адабий-илмий мероси «Туҳфатул муттақин» ва «Умдатус соликин» номли асарлари сақланади.[2] Маълумотларда қайд этилишича, йирик шайхлардан бири бўлган Меҳмонхон тўра 1855 йили шаҳарда мадраса қуриб, унга бир қатор мулкларни вақф этган бўлса, ушбу мадрасага 1858-1859 йилларда Муллабой, 1861-1862 йилларда Исабой, 1866-1867 йилларда мулла Муҳаммад Росул халифа, 1873-1874 йилларда Бобо Муҳаммад оғалиқ ўз мулкларини вақф этганлар.[3]

Дастлабки саводни оталарида чиқарган Муҳаммадхон тўра ўша даврнинг номдор алломаларидан Қози  Иноятхон домла Лангарийда ҳам таҳсил оладилар. Ислом фиқҳи, тафсир ва ҳадис илмидан мукаммал билим олиб, шаҳарнинг пешқадам олимлари қаторидан жой эгаллайдилар.

Маълумки, Муҳаммадхон тўра имомлик ва мударрислик фаолиятларини шаҳарнинг Чорсу мавзесида бошладилар. Анча йиллар бу ердаги «Дарвоза эшик» масжидида хатиблик ила машғул бўлдилар. Кейинчалик, масжид ёнида шаҳардаги илғор мадрасалардан «Мадрасаи Ғиштин»ни барпо қилдилар. Мазкур даргоҳдан толиби илмлар шариат аҳкоми ва тариқат одобларидан таълим олиб, етук мулла ва қори бўлиб етишиб чиқишди. Дарҳақиқат, Муҳаммадхон тўра домла мадрасадаги толиби илмлар билан кун давомида машғул бўлганларидан намозга азон айтилганида ўринларидан қўзғалар эканлар.

Тадқиқотларга кўра, Муҳаммадхон тўра домланинг масжидларида ҳар жума куни жаҳрий зикр мажлислари бўлган.

Замондошлари томонидан Муҳаммадхон тўра ўз даврининг етук олими, муршиди комили, заковатли ва кенг қамровли мударрис деб эътироф этилган.

Эваралари Ҳабибуллоҳхон ҳожи оталаридан эшитганларини хотирлаб: «Раҳматли бобом хушсурат, юзларидан нур ёғилиб турган, ҳокисор, ҳалим ва нотиқ киши бўлганлар. У зоти шариф Қуръон ва ҳадисга мувофиқ ҳаёт кечирганлар. Раиятга ваъз қилсалар адабий тилда, мухтасар қилиб,  кишилар қалбга етиб борадиган сўзда гапирганлар. Тўй, эҳсонлардан берилган ҳадя ва назрларни ўша заҳоти талаба, қария ва боқувчисини йўқотган муҳтож оилаларга хайрия қилиб тарқатганлар. Жумладан, Рамазон ойларида муҳтож ва ночор кишиларни уйимизга чорлаб, ифторлик қилиб берардилар, дея кўп эсларди, марҳум қиблагоҳим Музаффархон тўра».

Муҳаммадхон тўра вафот этганларида шаҳар бойларининг сардори Мағзум Тўрали у кишининг бисотларини тақсимлаб бергани кириб, ҳайратдан қотиб қолган экан. Ана шундай номдор олимнинг бутун мол-мулки бир сидирға кийим, бир обдаста, бир асо, бир пўстак ва тасбеҳдан иборат бўлган.

Умрларининг охирги йилларида Муҳаммадхон тўра домла Тошкентда яшашга мажбур бўлганлар. Шу ерлик бир сахий бой тўрамга кўп илтифот ва эҳтиромлар кўрсатган экан. Кейинчалик, тўра ҳазратлари Наманганга қайтиб, фоний дунёдан боқийга юз тутадилар. Айтишларича, у зотнинг вафотлари омма учун чинакам мотамга айланиб кетган экан. Дафн маросимига узоқ-яқиндан етиб келган ихлосмандларнинг сони жуда кўп бўлган экан. Муҳаммадхон тўра ҳазратларининг қўнимгоҳлари калон боболари қўйилган «Мавлавий» қабристони бўлди.

Ҳазрат тўрадан Эшон Дадахон (ваф. 1914 й.) исмли ягона фарзанд қолган. У зоти шариф Чинихон ойим билан турмуш қуриб, Музаффархон (1898-1974 йй.) тўра исмли ўғил кўрганлар.

Музаффархон тўра Адолатхон (ваф. 1933 й.) Жўрабой қизлари ва Эътиборхон (1920-1992 йй.) Бекмурод қизлари билан никоҳ боғлаб, Мукаррамхон (1927-1972 йй.), Ҳабибуллохон (1935 й.), Ҳамидуллоҳ (1946-2005 йй.), Аҳмадуллоҳ (1951 й.), Муҳаммадуллоҳ (1957-2016 йй.),  Раънохон (1963 й.) ва Тўрасаидахон (1954-2019 йй.) пошшаларнинг қиблагоҳи  бўлдилар.[4] Аллоҳ барча устозларимизнинг охиратларини обод айласин!

Мустақил тадқиқотчи Акрам Шарипов

[1] Останақулов И. Нақшбандийлик одамийлик силсиласи. (Монография).  — Т.:  Complex print, 2024. — Б. 220-221.

[2] Қаранг: Инвентарь рақами. № 5506

[3] Болтабоев С. Туркистондаги вақф мулклари тарихи. (Ўқув-услубий қўлланма). — Н.: Наманган, 2005. — Б. 16.

[4] Турсунов А. Муборак юрт алломалари. — Т.: XXI asr mediya-Hashriyot-matbaa uyi, 2023. — Б. 48-49. Мазкур  манбадаги маълумотлар қайта тўлдирилди.

Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитасининг 2025 йил 22 июлдаги 03-07/4389-сонли рухсати асосида тақдим қилинди.

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
ndash Мендан ҳазратнинг вирдлари ҳақида кўп сўрашади. Ҳазратнинг асосий вирдлари илм эди. У киши .Оддий мўминнинг вирди зикр, қорининг вирди Қуръон, толиби илмнинг давоми...

5913 10:49 / 21.10.2024
Наманган шаҳрининг Ғунча мавзесида мўъжазгина бир масжид бор. Ушбу масжид фиқҳ илмининг билимдони Мулла Абдулқодир охунд шарафларига бунёд этилган. У зоти шариф давоми...

2679 19:48 / 12.12.2022
23 ёшида ўз мактабини очган, мардикор ўқувчини катта шоирга айлантирган, СССРда қоралансада, Европада эътироф этилган жадид ndash Мунаввар қорининг қисқагина умр давоми...

5874 11:41 / 07.01.2024
иккинчи мақола Абдулҳамид Кишк ваъзларида Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу ҳақларида кўп гапирар эди. Бу ҳақда ундан .Нима учун сиз Умар ибн Хаттоб ҳақларида кўп давоми...

1973 11:00 / 26.08.2022
Аудиолар

210801 11:58 / 10.10.2018
Фотолар

10427 09:50 / 18.04.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130066 14:35 / 11.08.2021