
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Илк мусулмонлардан бўлган ҳазрати Абдурраҳмон ибн Авф Қурайшнинг зулмларига чидай олмай, Ҳабашистонга ҳижрат қилиб кетаётган саҳобалар орасига қўшилди. Ниҳоят, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам асҳобларини Мадинага ҳижрат қилишга ташвиқ қилгач, у ҳам бошқа саҳобалар каби Мадинага ҳижрат қилди. Мадинада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан муҳожирлар ансорларни бир-бирларига Қиёматли дўст қилиб тутинтирганларида унга мадиналик бой ансорлардан бўлган ҳазрати
Саъд ибн Рабиъ тўғри келди.
Диний эътиқодлари сабабли ҳамма нарсасини ташлаб келган маккалик мусулмон муҳожирлар Мадинадаги ансорларнинг ҳар томонлама ёрдамлари билан қўллаб-қувватландилар. Мадиналиклар бу биродарлари учун ҳар қандай моддий ва маънавий ёрдамларини аямадилар, бу борада буюк фидокорлик намунасини кўрсатдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам тарафларидан ҳазрати Абдурраҳмон ибн Авфга биродар деб эълон қилинган мадиналик ансорий ҳазрати Саъд ибн Рабиъ ана шундай фидокорлардан бири эди. У янги муҳожир биродари ҳазрати Абдурраҳмонга ўзининг Мадинанинг энг бой кишиларидан бири эканини, ўзи эга бўлган ҳамма нарсасини у билан бўлишишни айтиб, у кишидан молининг ярмини олишини талаб қилди. Лекин ҳазрати Абдурраҳмон унинг бу таклифини қабул қилмади. У ҳазрати Саъддан бозорга олиб борадиган йўлни кўрсатиб қўйишини сўради. Чунки у бировга юк бўлишни истамас, ўз қўли билан ризқ топишни хоҳларди. У ҳазрати Саъдга: «Азиз дўстим, Аллоҳ сенга ва фарзандларингга баракот берсин, молингни кўпайтирсин! Сен менга бозорга олиб борадиган йўлни кўрсат, мен у ерга бориб, тижорат қиламан ва ўз эҳтиёжларимни ўзим кўтараман», деди.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг бу ишидан хабар топганларида хурсанд бўлиб, унинг моли кўп ва баракотли бўлишини тилаб, ҳаққига дуо қилдилар. Ушбу набавий дуоларнинг натижасида ҳазрати Абдурраҳмон иби Авф тез фурсатда бойиб кетди. У кишининг ўзи бундан таажжубланиб, шундай деган: «Мен қайси тошга узансам, ўша тошнинг остида ё олтинга ёки кумушга рўпара келардим».
Бадр ғазотида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазрати Абдурраҳмонни қидириб қолдилар. Саҳобалардан бири Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларига келиб: «Эй Аллоҳнинг Расули, мен уни тоғнинг этагида кўрдим, атрофида бир нечта мушриклар уни ўраб олишган, у улар билан олишаётган эди. Мен бориб, ёрдам бермоқчи эдим, қарасам, сиз бу ерда экансиз, шошиб ёнингизга келдим», деди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сен ундан хавотир олма, унга фаришталар ёрдам берадилар», дедилар. Кейинроқ ўша саҳоба ҳазрати Абдурраҳмонни топди. Унинг атрофида еттита мушрикнинг мурдаси ётарди. У: «Буларнинг ҳаммасини сиз ўлдирдингизми, эй Абдурраҳмон?» деб сўради. Ҳазрати Абдурраҳмон: «Мана бу иккаласини мен ўлдирдим, қолганларини эса мен танимайдиган бир киши ўлдирди», деди. Шунда ҳалиги саҳоба: «Аллоҳ ва Унинг Расули тўғри айтди», дея Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айтган сўзларини тасдиқлади.
Ҳазрати Абдурраҳмон ибн Авф Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга барча жанг ва ғазотларда қатнашди. У бу урушларда бир нечта жойидан яраланди. Унинг ўн иккита тиши жангларда синиб тушди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга зиён-заҳмат етмасин деб, асосан жангу жадалларда бутун вужуди билан у зот соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳимоя ва мудофаа қилган шахслардан бири мана шу Абдурраҳмон розияллоҳу анҳу эди. Ҳатто у оёғидан олган яра ва жароҳатлар туфайли оқсаб юрадиган бўлиб қолди. Унинг вужудидаги урушлардан қолган оғир яралар натижасида терисида чандиқлар пайдо бўлиб, унга ноқулайлик туғдирарди. Шунинг учун у Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг фақат ўзига хос рухсатлари билан ипак кийимлар тиктириб кияр эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалардан фақатгина у кишига ипак кийим кийишга рухсат берган эдилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бир сафар ҳазрати Абдурраҳмонга бир нарса беришни ваъда қилган эдилар. Бану Қурайза қабиласининг ерлари фатҳ қилинганида ҳазрати Абдурраҳмон ана шу ваъдани эслатиш учун Масжидун Набавийга борди. У ерга борганида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидаги хутбани ўқиётган эдилар:
«Кимки тиланчилик йўлига тушмаса, Аллоҳ таоло ундай инсонни тиланчилик қилишга муҳтож қилиб қўймайди. Кимки ўзини бойлардек тутса, Аллоҳ таоло ундай инсонни бой қилади. Кимки биздан бирор нарсани истаса, биз унга ўша нарсани берамиз. Лекин биздан бирор нарсани сўраш учун қўлини чўзмаган киши бизнинг наздимизда биздан бирор нарса истаган кишидан севимлидир».
Ҳазрати Абдурраҳмон ибн Авф бу сўзларни тинглаганидан кейин ўзига-ўзи «Мен бундан кейин бировдан бирор нарса сўрамайман», деди ва бировнинг ёрдамисиз, Аллоҳ таолонинг лутфи-эҳсони билан энг бой кишилардан бирига айланди.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни саҳобаларига шундай дедилар: «Мен урушга аскар ҳозирлаяпман. Ҳар ким кучи етганича ёрдам қилсин». Буни эшитган ҳазрати Абдурраҳмон ибн Авф дарҳол ҳаракатга тушди ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни қувонтирадиган мана бу сўзларни баён қилди: «Эй Аллоҳнинг Расули, менинг тўрт минг дирҳамим бор. Мен икки минг дирҳамни болаларимга қолдириб, қолган икки мингини Аллоҳга қарз бериш учун олиб келдим».
Ўшанда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам унга шундай дуо қилдиларки, бошқа саҳобалар ҳам молларининг ярмини келтириб бердилар. Пайғамбаримиз соллаллоху алайҳи васаллам Абдурраҳмон ибн Авфнинг ҳаққига шундай дуо қилган эдилар: «Аллоҳ сенинг берганингга ҳам, қолдирганингга ҳам баракотини ёғдирсин».
«Миллионер саҳобалар» китобидан
Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2024 йил 26 март 03-07/1613-сонли хулосаси асосида тайёрланди.