1447 йил 24 жумадис сони | 2025 йил 15 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Чақимчи жаннатга кирмайди | Олтинчи ҳақ

13:37 / 08 август 1054 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Одамларнинг бир-бирлари устидан гап ташувчиларга қулоқ тутмасликлари ва бировдан эшитган гап-сўзни бошқасига етказмасликлари.
Бу “чақимчилик” деб аталиб, киши гап-сўзида сақланиши лозим бўлган хатарлардандир. Чақимчилик бир кишининг сирини у эшитишини хоҳламаган одамга ёки бошқаларнинг сирини эшитишни хушламаган одамга етказиш саналади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу қабиҳликдан қаттиқ қайтариб: “Чақимчи жаннатга кирмайди”, деганлар. Бу борада ҳикматларда “Ким сенга (бошқа бировдан) гап ташиса, сендан ҳам (бошқа кишига) гап ташийди, ана шундан хотиржам бўлма”, дейилган.

Абдуллоҳ ибн Муборак раҳимаҳуллоҳ: “Валади зино сўз ва хабарни сир тутмайди” деганларидек, сўз ва хабарни ичида сақламай, гап етказувчилик қилган кишининг бу ёмон сифати сабабли валади зино эканига ишора қилинган. Ана шу ғийбатга сабаб эса будир: ё сўз ва хабар етказилган кишига ўзини яхши кўрадиган, дўст қилиб кўрсатиш ёки беҳуда гапга мубталоликдир.

Ривоят қилинишича, Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳнинг олдиларига бир одам гап етказиб келиб: “Фалончи шаънингизга тил узатди”, деди. Шунда у зот: “Қачон?”-дедилар. У “Бугун”, деди. “Уни қаерда кўрдинг” – дедилар. “Уйида”, деди. “Уйида нима қилаётган эдинг?”-дедилар. “Зиёфат бераётган эди”, деди. “Унинг уйида нималар единг?”-дедилар. У: “Мана шу, мана шу…”, деб саккиз хил овқатнинг номини санаб берди. Шунда Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ: “Қорнинг саккиз хил овқатни сиғдирибди-ю, биргина гапни сиғдирмабдими? Тур олдимдан, эй фосиқ! Сенга тан бермадим. Сен мен ҳақимда гапирдинг, у ҳақда эмас. Аллоҳга қасамки, уни шафоат қилиб, мен билан бирга жаннатга кирмагунича жаннатга кирмайман. Ким менга гап етказиб келса, унга ҳам боради”, дедилар. Бу ривоятда чақимчига ғазаб қилиш ва унинг дўстлигига ишонмаслик кераклигига ишора бор.

Айтишларича, донишмандлардан бирини дўсти зиёрат қилишга келди ва бошқа биров ҳақида унга хабар етказди. Шунда донишманд унга: “Мени зиёрат қилишда кеч қолдинг ва менга учта жиноят келтирдинг: менга биродаримни ёмонладинг, ўй-ҳаёлдан холи бўлган қалбимни банд қилдинг, менинг наздимда сенга бўлган ишончни шубҳа остига қўйдинг”, деди. Юқорида таъкидланганидек, “Ким сенга гап етказиб келса, сендан ҳам етказиб боради” деган нақлни унутмаслик лозим. Бу гуноҳнинг оғирлиги шундайки, Ислом инсонларни ўзаро яраштириш ва улар ўртасида муҳаббат пайдо қилгани ҳолда, чақимчи уларни бир-бирларидан узоқлаштиради, орада нафрат пайдо қилади ва алоқаларнинг узилишига сабаб бўлади.

Бундай ҳолатда хабар етказилган киши олтита ишни қилиши лозим:
1. Гап ташувчини тасдиқламаслик. Зеро, у фосиқдир ва гувоҳлиги қабул қилинмайди.
2. Яхшиликка амр қилиб, ёмон ишдан қайтариш асосига амал қилган ҳолда, уни жирканч ишидан қайтариб, одат қилиб олган ёмон хулқини ўзига билдириш ва бундай қилиш қабиҳлик эканини тушунтириш.
3. Аллоҳ учун гап ташувчига буғз (нафрат) қилиш. Зеро, у Аллоҳ наздида ғазабга лойиқ бўлган. Аллоҳ ғазаб қилган кимсага эса ғазаб қилиш керак.
4. Ҳар кимга қарши айтилган гап-сўзларга дарров ишониб, уни ёмонламаслик.
5. Гап-сўз қилган кишининг изидан тушиб, унинг яширин ҳолатларини излаштирмаслик.
6. Ҳеч кимга фалончи сен ҳақингда “ундай деди, бундай деди” демаслик. Зеро, шу сабабли ўзинг ҳам ўша гап ташувчилардан бири бўлиб қоласан.  

Абдулҳамид Зайриевнинг

“Мусулмоннинг ҳақ ва вазифалари” китобидан

Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023-йил 16-январдаги 03-07/184-сонли хулоса хати асосида нашрга тайёрланди.

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ажал тўғрисида Қуръони каримда шундай дейилган .Ҳеч бир жон Аллоҳнинг изнисиз ўлмас. Ёзилган ажал ўлароқ, Оли Имрон сураси, 145оят. давоми...

4906 14:00 / 06.09.2021
Яхлитни ноқис деб қабул қилиш уни кўрмасликдир. Саҳоба деганда нимани тушунамиз Қўлига қурол олиб куфрга қарши жанг қилган жасур одамнинг сиймосини тасаввур давоми...

1872 09:03 / 24.01.2022
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу чап қўлида овқат еяётган кишини кўриб .Ўнг қўлингда егин,, деди.У киши .Униси машғул, банд,, деди.Умар розияллоҳу анҳу .Уни нима давоми...

2541 11:00 / 01.05.2023
Баро розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Қачон мўмин қабрида ўтирғизилса, унга келинади. Сўнгра .Ашҳаду давоми...

5901 15:40 / 05.11.2024