1447 йил 14 жумадис сони | 2025 йил 05 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳаж

Каъбани тавоф қилиш одоблари

12:30 / 06 август 1762 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Каъба атрофини тавоф қилиш худди намозга ўхшайди. Фарқи намозда гаплашмайсизлар, тавофда гаплашаверасизлар. Ким тавофда гапирмоқчи бўлса, фақат яхши сўзларни гапирсин», дедилар.

Тавоф қилувчи киши қалби ва тили билан Аллоҳга йўлиқиб, қайси тилда бўлса ҳам, дунё ва охират яхшиликларини сўрамоғи лозим. Лекин тавоф. яъни айланишларда махсус дуо ва зикрлар йўқ. Дунё ишларини гапириш билан нафсини машғул қилмайди. Бирор кишини суриб юбориб озор ҳам бермайди.

Шоир қуйидагича байт айтади:

Эй Аллоҳ уйини тавоф этувчи банда,

Жисм бир шаҳарда, руҳ эса бошқасида.

Сомад, Воҳид сифатли Зот Аллоҳга шошасан,

Бунда нима қилдинг, энди нима қиласан?

Билки, қалбсиз, нигоҳсиз бажарилган тавоф,

Мараз қалбга асло бўлолмайди даво.

Иброҳим мақомининг фазилати

 «Мақом» луғатда тик турган киши қадамининг ўрнидир. Иброҳим мақоми – бир тош бўлиб, Иброҳим алайҳиссалом Каъба қураётган пайтларида унинг устида туриш учун Исмоил алайҳиссалом келтирганлар. Исмоил алайҳиссалом Каъбани кўтариш учун тошларни узатардилар. Иброҳим алайҳиссалом эса уни муборак қўллари билан қўярдилар. Бино кўтарилган сари тош (мақоми Иброҳим) ҳам кўтарилаверар эди («Жомиъул латиф»).

1. У ерни намозгоҳ қилиб олиш ҳақида. Аллоҳ таоло мақоми Иброҳимни намозгоҳ қилиб олишга буюрган. Бу мақоми Иброҳимнинг (тошнинг) фазилатли ва шарафли эканига далолат қилади. Умар розияллоҳу анҳу: «Роббим менга уч нарсада мувофиқ келди. (Биринчиси), мен: «Эй Аллоҳнинг расули, мақоми Иброҳимни намозгоҳ қилиб олсак», деганимда «Мақоми Иброҳимни намозгоҳ қилиб олинглар» ояти нозил бўлди», дедилар («Саҳиҳул Бухорий»).

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«У зот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳажлари сифати ҳақида гапириб: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга Каъба олдига келдик. У зот рукнни истилом қилиб уч бор юришни тезлатиб, тўрт марта оддий юрдилар. Кейин мақоми Иброҳимга етиб келиб «Мақоми Иброҳимни намозгоҳ қилиб олинглар» оятини ўқидилар. Ўзлари билан Каъба ўртасида мақомни қолдирдилар», дедилар.

2. У жаннатдан келтирилган ёқут тош. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Рукн ва мақом иккиси жаннатдан келтирилган. Агар Аллоҳ унинг нурини яшириб қўймаганида мағриб билан машриқ орасини тўсиб қўяр эди», деганлар.

Имом Байҳақий ривоятларида: «Агар одам болаларининг хатоси унга таъсир этмаганида эди, мағриб билан машриқ орасини тўсиб қўярди», дейилади.

3. У ерда дуолар мустажобдир. Ҳасан Басрий ва бошқа уламолар мақомнинг орқасида дуо мустажобдир, дейишди.

Очиқ-ойдин оятлар

У тош илоҳий аломат ва Иброҳим алайҳиссалом учун боқий қолувчи мўъжизадир. Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасининг 96-97-оятларида: «Албатта одамлар (ёлғиз Аллоҳ таолога ибодат қилишлари) учун қурилган биринчи уй Маккадаги муборак ва бутун оламлар учун ҳидоят (маёғи) бўлган Каъбадир. Унда мақоми Иброҳим (ҳамда у учун) очиқ оят-аломатлар бордир», деб айтган.

1. Иброҳим алайҳиссаломнинг икки қадамлари бу тошга ботиб қолишида рамзий бир маъно бор. Бу – агар банда иймонида ихлосли бўлса, Аллоҳ мўмин учун барча нарсани бўйсундиришидир. «Иброҳим алайҳиссаломнинг тошдаги оёқ излари нам бўлган, оёқ кийимсиз, ялангоёқ бўлганлар» (Абу Толиб).

Шу ерда бир нарсага ишора қилиш ўринлидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам оёқлари боболари Иброҳим алайҳиссалом оёқларига ўхшар эди. Бу ҳақда Қурайш Каъбани қурганида ҳамда Ибн Зубайр қурилиш қилганида иштирок этган саҳобий Жуҳм ибн Ҳузайфа ал-Қурайший шундай дейдилар: «Мен Набий алайҳиссаломнинг оёқлари Иброҳим алайҳиссаломнинг оёқларига ўхшаш бирорта оёқ кўрмадим. Мен бу ўхшашликни мақомда кўрдим».

Имом Бухорийда ривоят қилинганидек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен Иброҳим алайҳиссаломга энг ўхшовчи одамман», деганлар. 1400 ҳижрий йилда вафот этган Тоҳир ал-Курдий: «Икки оёқнинг бирининг тошдаги чуқурлиги 10 см, иккинчисиники 9 см. Унда оёқ бармоғи кўринмайди, чунки мақом йиллар давомида очиқ тургани ҳамда кўп ушлангани сабабли бармоқларнинг ажраб турган изи кетиб қолган. Қадамнинг ҳар бири узунлиги 22 см, эни 11 см. Бу нарса Иброҳим алайҳиссаломнинг узунликлари замонамиз кишиларига ўхшашига ишора қилади.

2. Бино кўтарилган пайтдаги мақомнинг баландлиги. Тарихчи Тоҳир ал-Курдий ифода этишларича, мақомнинг баландлиги 20 см бўлган. Унинг мўъжизаларидан бири бино кўтарилгани сари то Каъба биноси тугагунича баландлашидир. Каъба биноси кўтарилгани каби мақом ҳам ҳавода юксалади.

3. Бошқа набийларга қараганда бу зотнинг қадам излари қолиши. Бу нарса Аллоҳнинг ҳифзу ҳимояти билан бўлган. Минг йиллардан бери Масжидул-ҳарамда содир бўлган селлар ёки ўғриларнинг кўплаб ҳаракати ҳам унга зарар етказа олмаган. У илгарилари темир тўсиқ ёки ғилоф билан тўсилмаганига ишора қилиш ҳам ўринлидир.

Тарихчи олим Абу Абдуллоҳ Муҳаммад Фокиҳий саҳиҳ санад билан қилган ривоятда келтирилишича, Маккада Журайж исмли бир яҳудий ёки насроний киши бор эди. Мақоми Иброҳим йўқотиб қўйиб қидирилганида унинг уйидан топилди. У бу обидани Рум подшоҳига етказмоқчи бўлган экан. Ундан тортиб олиниб, бўйнига қилич урилди.

Умар ибн Хаттоб замонларида сел келиб, мақомни олиб кетди. Сув қуриганда Макканинг остки қисмидан топилиб, олиб келинди. Умар розияллоҳу анҳу уни ўз ўрнига қўйдилар. Ушбу сел Умму Наҳшал деб номланган. Чунки унда Умму Наҳшал исмли аёл вафот этган эди.

Бундан ташқари мақом устида кўплаб ҳодисалар юз берган, лекин Аллоҳ таоло уни мана шу кунгача сақлаб қўйган.

4. Мушрикларнинг унга ибодат этишларидан сақлангани. Араблар жоҳилиятда тошларга ибодат қилишларига қарамасдан, ҳажарул-асвад билан мақом тошига ҳурматлари баланд бўлгани учун уларга ибодат қилишмас эди. Аллоҳ Ўзи сақлагани учун шундай бўлди. Чунки Ислом ҳажарул-асвадни истилом қилиш билан, мақомни ортида намоз ўқиш билан улуғлаган. Ҳаргиз Ислом баъзи санам тошларни эҳтиром қилишга иқрор бўлган, дейилмади. Бундай дейиш ибодат ва ширкнинг бир туридир.

Мақом ҳақида тадқиқот

Шайх Тоҳир ал-Курдий ҳижрий 1367, милодий 1948 санада жуда ҳам нозик маълумотларни зикр қилди. Биз уни сиз азизларга қисқа ҳолатда баён этамиз.
Ушбу мақоми Иброҳим мармар тошга ўрнатилган бўлиб, бу мармар узунасига ҳам, энига ҳам мақоми шариф билан бир хил ўлчамдадир. Бу мақоми Иброҳимни ўраб турган мармар бошқа бир мармарли тагкурси устида бўлиб, ҳар томондан эни узунлиги 1 метр, баландлиги 36 см. Мақом тошининг ранги қизил билан сариқ оралиғида бўлиб, оққа яқинроқдир. У куб шаклидадир. Мақомнинг пастки қисми тепасидан кўра бироз кенгроқ. Иброҳим алайҳиссаломнинг икки қадамлари баландлиги ярмигача шўнғиган.

Қўшимча маълумотлар

Мақом тошининг баландлиги 20 см.

Юқоридан уч ёғининг узунлиги 36 см.

Тўрт томонининг узунлиги 38 см.

Юқоридан ўраб олган ўлчам 146 см.

Суппасидан ўраб олган ўлчам 150 см.

Қадамнинг бирининг чуқурлиги 10 см.

Қадамнинг иккинчиси чуқурилиги 9 см.

Мақом айвончаси

Бу мақомга мусулмон халифалари томонидан катта аҳамият бериб келинган. У қадам кумуш сандиққа солиниб, 3х6=18 метрли айвонча бино қилинган. Бу бино кейинчалик тавоф қилувчиларга халақит берадиган бўлиб қолди. Ислом олами уюшмаси бу бинони бузиб, ўрнига мақом устига шишали ғилоф ўрнатишни ўрганиб, 1985-рақам билан олий ташкилотга олиб чиқилди. Ҳижрий 1387, милодий 1967 йили Саудия Арабистони подшоҳлиги бу таклифга рози бўлганидан кейин шу иш амалга оширилди. Кейин бу мақом ажойиб кристалл ичига қўйилиб, у темир ғилоф билан ўраб қўйилди. Мармар супанинг умумий ҳажми – 1.30х1.80=2.34 квадрат метр.

Бундай ўзгартириш орқали ҳаммаси бўлиб 18 квадрат метр бўлган собиқ ердан 15 квадрат метрдан кўпроқ жой тавоф майдонига қўшилди.

Янги супача ҳақида қўшимча маълумотлар

Тўсиб қўйилган нарсанинг ён томони 80 см.

Қалинлиги 20 см.

Баландлиги 1 метр.

Супачанинг баландлиги 75 см.

Айвоннинг умумий баландлиги 3 м.

Мисдан қилинган ғилофнинг вазни 600 кг.

Айвоннинг умумий вазни 1700 кг.

Супачанинг умумий майдони 2 метр 4 см.

Айвончанинг янгиланиши

Икки шарафли ҳарам ходими олий фармон билан металл бинони янги мис бинога ўзгартиришни, яна ички тармоқни олтин билан қоплаш, ташқарисига 10 миллиметрлик иссиқдан тўсиш, ҳам синишнинг олдини олиш учун шаффоф ойна қўйишни ҳам амр қилди. Чунки мақом равшан ҳолатда кўриниши лозим эди. Шунингдек, қора гранитли бетон супачани оқ мармарга ўзгартиришни ҳамда матоф ерига ўхшаши учун яшил гранитлар билан безашни ҳам буюрди. Бу иншоот ҳижрий 1418 санада 2 миллион риёл сарфлаш билан амалга оширилди.

Мақомга қўлни суртиб уни ўпиш ҳақида

Суннатларда ворид бўлганки, ўпиш, қўлни суртиш Ҳажарул асвад билан Рукни яманийга хосдир. Мақомнинг шарафи эса у ерда намоз ўқишдир. Мақомга қўлни суртиб, уни ўпиш суннат эмас. Шунинг учун Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу мақомга қўлини суртаётган бир қавмни кўриб: «Сизларнинг мақомга қўл суртишингиз амр этилмаган. Фақат унинг олдида намоз ўқишингиз буюрилган», дедилар.

Ато розияллоҳу анҳу мақомни ўпган ёки икки қўл суртган кишини кариҳ кўрдилар. Қатода розияллоҳу анҳу: «Мақом ҳузурида намоз ўқишга амр этилди(к), суртишга эмас», дедилар.

Шу ерда ишора қилиш лозим бўлган нарса шуки, салафлар мақом очиқ бўлган пайтда ўпиб, қўл суртмоқни кариҳ кўришди. Энди у ўраб ихота этилганидан кейин тўсилган нарсани ўпиб, унга қўл суртиш ундан ҳам кароҳиятлидир.

Макка, Каъба, Замзам тарихи, ҳаж ва умра маносиклари» китобидан.

Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 7 сентябрдаги 03-07/ 6905-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Аллоҳу акбар Аллоҳу акбар Лаа илааҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар Аллоҳу акбар валиллааҳилҳамд,. Маъноси .Аллоҳ буюкдир, Аллоҳ буюкдир. Аллоҳ таолодан ўзга илоҳ давоми...

5305 15:08 / 14.06.2024
..Роббингизга тазарруъ ила ва махфий дуо қилинг. Зотан, У ҳаддан ошувчиларни севмас, Аъроф сураси, 55оят. ДУОНИНГ МАҚБУЛ БЎЛИШИБОРАСИДА МУҲИМ давоми...

58701 05:00 / 16.01.2017
Ҳаж маълум ойлардир. Кимки уларда ўзига ҳажни фарз қилса, ҳажда шаҳвоний нарсалар, фисқ ва жанжал йўқдир. Нима яхшилик қилсангиз, Аллоҳ уни билади. давоми...

6149 05:00 / 16.01.2017
Ҳажга алоҳида эътибор бериб, уни сидқидилдан адо этганларга беҳисоб ажру савоблар ваъда қилинган бўлса, унга бепарво бўлган кишиларга ваъидлар бордир. Имом давоми...

4670 19:29 / 03.08.2017
Аудиолар

210801 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130066 14:35 / 11.08.2021