1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳанафийлик

Муржиъалик нима ўзи?

14:35 / 05 август 925 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Жарҳ ва таъдил борасида ҳадис илмига оид энг мўътабар китобларга қарайдиган бўлсак, Абдуллоҳ ибн Муборак ҳам фиқҳда Абу Ҳанифа мазҳабида бўлганларини, у зотнинг қарашларини ривоят қилганларини, Абу Ҳанифанинг сўзига кўра тахриж қилганларини кўрамиз. Хуллас, ўша даврнинг энг катта, улуғ зотлари бунга гувоҳлик беришган.

Мутлақ ижтиҳод ҳақида сўз очар эканмиз, имом Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳ ҳақларида тўхталишга мажбурмиз. У зот мутлақ ижтиҳодда олий мартабага эришганлар. Биз ҳозир у зотнинг ҳаёти, таржимаи ҳоли каби маълумотлар ҳақида гаплашмаймиз. Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳнинг исм ва насаблари, таваллудлари, ҳижрий 150 йилда вафот этганлари, тўрт мингта устоздан дарс олганлари каби маълумотлар барчага маълум ва машҳур. Биз бугун учта муҳим нуқтага тўхталиб ўтамиз:

Биринчиси: бугунги баъзи тоифаларнинг Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳга туҳмат ўлароқ муржиъаликни нисбат беришлари;

Иккинчиси: ҳадис илмидаги заифлик;

Учинчиси: фақиҳларнинг замонавий мактаблари.

Биринчи нуқта – туҳмат ўлароқ муржиъаликни нисбат беришлари.

Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳга туҳмат қилиб, «У киши муржиъа бўлган», дейишган. Муржиъалик нима ўзи? Нима учун бу ҳақда тўхталиб ўтмоқчиман? Чунки бу – ақийдавий масала. Бу масала бугунги кунда кенг тарқалган, бу ҳақда жуда кўп гапирилган.

Хўш, муржиъалик тушунчаси қаердан пайдо бўлган?

Муржиъаликнинг биринчи кўриниши шундай: Улар: «Ким гуноҳи кабира қилса, кофир бўлади», дейишади. Масалан, бир киши зино қилди ёки ўғрилик қилди, ёки рибодан фойда топди. Аҳли сунна уламолари бу одамни кофир дейдими? Йўқ. Аҳли сунна эътиқодига кўра, унинг иши Аллоҳга ҳавола. Аллоҳ хоҳласа, уни кечиради, хоҳласа, азоблайди. Аҳли суннанинг наздида бу таслим бўлинган масала, буни ҳамма билади: гуноҳи кабира қилган кишини «кофир бўлди», демаймиз. Бошқа фирқалар гуноҳи кабира қилган кишининг ҳукми борасида ихтилоф қилишган. Хаворижлар уни «кофир бўлди», дейишади. Мўътазилийлар уни «Икки манзил – мўминлик билан кофирлик ўртасида қолди», дейишади.

Аввалги мавзуларда Ироқда илмлар жамлангани, у ерда фирқаларнинг кўпайгани ҳақида сўз очган эдик. У пайтда «Аҳли сунна» деган ном ҳали истилоҳ сифатида танилмаган эди. «Аҳли сунна» истилоҳи кейинчалик келиб чиққан. Ироқликлар ўзини бошқа жамоалар ва фирқалардан ажратиб, алоҳида зикр қилишни хоҳлаб, ўзларига «Аҳли иржоъ» деб ном беришди. Улар имом Ҳаммоднинг олдига бориб, «Бизга дарс айтинг», деб сўраб келишганида «Иржоъда (яъни бошқалардан ажраб туришимизда) бизга бош бўлинг», дейишган. Демак, уларнинг ўзи шу номни ўзига нисбат берган.

Имом Абдулҳай Лакнавий раҳматуллоҳи алайҳ «Рофъ ва такмил» деган асарида муржиъаларнинг саккиз тоифа эканини айтганлар. Ҳозир айтиб ўтганимиз (яъни ироқликлар ўзига нисбат берган) муржиъалик – Аҳли суннадир. Уларнинг наздида гуноҳи кабира қилган кишининг ҳукми Аллоҳга ҳаволадир. Аллоҳ уни хоҳласа кечиради, хоҳласа азоблайди.

Муржиъаликнинг яна шундай тоифаси борки, улар: «Иймон билан содир бўлган маъсиятнинг зарари йўқ», дейишади, яъни «Лаа илааҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур Расулуллоҳ» десанг бўлди, сенга ҳеч қандай гуноҳнинг зарари йўқ», дейишади. Улар кофир ҳисобланади.

Мана шу иржоъ ёки мана шу муржиъалик борасида ҳанафий мазҳабига нисбатан туҳмат пайдо бўлган. Энди бу туҳмат қаердан келиб чиққанини ҳам қисқача айтиб ўтайлик. Бу туҳмат аслида иймоннинг таърифи борасидаги ихтилофдан келиб чиққан. Иймон тил билан айтиш ва амал қилишдан иборатми ёки тил билан айтишнинг ўзими? Тил билан айтиш ҳам тасдиқ қилиш бўлади, албатта.

Ҳанафий мазҳаби уламолари, хусусан, Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳ «Иймон – тил билан иқрор бўлиш», деганлар. Имом Мотуридий ҳам бу масалада Абу Ҳанифага эргашадилар. Имом Ашъарий эса «Иймон – тил билан иқрор бўлиш ва амал қилишдир», деганлар.

«Тил билан иқрор бўлиш ва амал қилиш», дейдиган Аҳли сунна уламоларидан «Амални тарк қилиш куфрми?» деб сўрасангиз, «Йўқ», дейишади. Унда нима учун иймоннинг таърифида амални ҳам айтяпсиз?» деб сўрасангиз, «Бу – қўшимча рукн. Муҳим бўлгани учун, диққат қаратиш учун айтдик», дейишади.

Шу ерда айтиб ўтиш керакки, намозни ёки рўзани сабабсиз тарк қилиб, уларни бардавом адо этмай юрган одам фосиқ дейилади. Лекин, Аллоҳ асрасин, намоз ёки рўзани фарз эмас, деган одам кофир бўлади.

Иймоннинг таърифига амални ҳам қўшган уламолар бу ерда амалнинг айни ўзи назарда тутилмаганини таъкидлашган.

Имом Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳ ва Мотуридийларнинг берган мана шу таърифларига эътибор берайлик, чунки улар амални қўшимча қилишмаган, шунинг учун амални қилмаган кишига нисбатан куфр жорий бўлмайди. Агар аксинча бўлганида, бир маҳал намоз ўқимаган ёки бир кун рўза тутмаган одамнинг ҳукми «куфр» бўлар эди.

Аслини олганда, бу масалада барча уламолар муттафиқдир, яъни якдилдир. Бу ердаги ихтилоф эса фақат шаклдаги, лафздаги ихтилофдир. Бир жамоа иймонни бошқача таъбир қилган бўлса, иккинчи бир жамоа ҳам ўзининг таъбирини айтган.

Шунингдек, бу таърифга кўра бошқа бир масала ҳам юзага чиқади. Бу қандай масала? «Иймон зиёда ёки нуқсонли бўладими ёки бўлмайдими?» деган масала.

Имом Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳнинг сўзларига биноан, «Лаа илааҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур Расулуллоҳ» дейишда, яъни иймон калимасини айтишда нуқсонга йўл қўйган одам кофир бўлади. Шунинг учун Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳ: «Иймон зиёда ҳам, нуқсонли ҳам бўлмайди», деганлар, яъни иймон калимасини мукаммал айтган кишининг иймони зиёда ҳам, нуқсонли ҳам бўлмайди, чунки унинг иймони шу тўлиқ айтиш билан мукаммал бўлади. Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳ бу ерда нозик маънога диққат қилганлар. Бу шаҳодат, яъни Исломга кириш калимасидир. Иймон нуқсонли бўлиши мумкин эмас.

Иккинчи томон эса «Иймон – тил билан иқрор бўлиш ва амал қилиш», деган. Бу таърифга кўра, ибодат қилган одамнинг иймони зиёда бўлади, ибодат қилмаса, нуқсонли, ноқис бўлади.

Хўш, Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳ амални тарк қилганми? Йўқ, чунки у зотнинг бутун илми аслида амалга қаратилган эди. У зот амал қилишга жуда қаттиқ тарғиб қилганлар. У кишининг ўзлари ибодатда қанчалик мустаҳкам бўлганлари мутавотир даражасидаги хабар бўлиб, буни имом Заҳабий ҳам таъкидлаганлар.

Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳ амал қилишга ундаганлар, бироқ уни иймоннинг ичига, таркибига киритмаганлар. Иймоннинг зиёда ва нуқсонли бўлиши юқоридаги таърифга биноандир. Ким иймоннинг хос таърифини эътиборга олса, иймон зиёда ва ноқис бўлмайди. Ким иймоннинг умумий таърифини эътиборга олса, иймон зиёда ва ноқис бўлади.

Иржоъ (муржиъалик) масаласи ҳам шунга асосланган.

Биз амални иймоннинг шартига киритмаганимиз учун баъзилар шундай тасаввурга келиб қолишган. Улар бу масалани мана шу мавзуга боғлашади. Мутааххир уламолардан бўлган таҳқиқ аҳлига ҳозиргина биз юқорида айтган ихтилофларнинг асли лафзий ихтилоф экани очиқ-ойдин бўлган. Аҳли сунна учун бунда самара йўқ. Бир жамоа бундай деб таъбир қилган бўлса, бошқаси ўз таъбирини айтган. Ўша замонда уларнинг орасида бу ихтилоф жуда кучайиб кетган эди. Шу ихтилофни деб, уларнинг орасида катта ажралиш юзага келди, чунки булар уларнинг нима қасд қилганлигини, улар эса буларнинг нимани мақсад қилганини тушунмаган. Кейин келганлар эса уларнинг ҳам, буларнинг ҳам китобларини ўқиб, бу ихтилофдан ҳеч қандай натижа йўқлигини кўришди.

Айни пайтда иржоъ тушунчаси сунний тушунча эди. Ироқ аҳли бошқа жамоаларга нисбатан кўп бўлгани учун, бошқалардан ажралиб туриш учун ўзига шу номни танлаган. Бу маънодаги иржоъ тушунчаси барча Аҳли сунна уламоларининг наздида бор бўлиб, залолат ва куфр аҳли бўлган иржоъдан, яъни муржиъалик тушунчасидан жуда катта фарқ қилади. Буларнинг кўриниши турлича.

Аҳли сунна уламоларининг бу мавзуда қилган ихтилофлари лафзий ихтилоф, холос. Уларнинг барчаси маъно жиҳатидан муттафиқдир, якдилдир. Сўзимиз узун бўлиб кетмаслиги учун биз унга қисқача тўхталиб ўтдик.

Буларни айтиб ўтишимдан мақсад шуки, интернет тармоғидаги тортишув ва баҳсларнинг аксари муржиъадан олиб, муржиъага солиш бўляпти. Кимнидир муржиъа деб ўзича ҳақорат қилаётган кишидан «Муржиъалик нима ўзи?» деб сўрасангиз, бунинг маъноси нималигини ҳам билмайди. Лекин қиладиган иши эртадан кечгача бировларни муржиъаликда айблаш.

Табиийки, бундай тоифанинг келиб чиқишида бош ролда ташаддуд йўналиши туради. Улар раҳбарларни, давлатларни куфрда айблагани етмагандек, яна ўшаларни кофир демаганларни ҳам муржиъа дейишади. Булар кофир деган одамларни кофир демасангиз, сизни ҳам «муржиъа» ёки «такфирийя» дейишади. Демак, улар икки қисмга бўлинади: муржиъа ва такфирийя. Аслида иккаласи ҳам бири биридан ёмон, чунки уларнинг шаръий ҳукмни қабул қилишдаги асл манҳажи тўғри эмас.

«Ҳанафий мазҳабига теран нигоҳ» китобидан

Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2024 йил 16 апрелдаги 03-07/2009-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

 

 

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Фақиҳлар фиқҳга шундай таъриф беришади .Фиқҳ мукаллафларнинг амалларини ҳалол ва ҳаромлик, фасод ва саҳиҳлик жиҳатидан ўрганадиган илмдир,. Бу таърифни ҳам давоми...

1066 11:50 / 22.12.2024
Фиқҳни ўрганишndashбу Аҳли сунна манҳажини ёки динимизни ўрганишдир, дейилса, кишининг хаёлига .Ўзи дин нима учун керак,, .Нима учун унга бунчалик эътибор қаратамиз,, давоми...

1673 11:46 / 19.10.2024
Бугунги кунда баъзи одамлар .Мазҳаблар тўхтаб қолган. Уларга эргашиш ҳам тўхтаб қолган. Мазҳабни ушлаш ҳам тўхтаб қолган. Биз тўхтаб қолишни хоҳламаймиз, ижтиҳод давоми...

728 15:09 / 04 июль
Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи алоҳида катта фиқҳий китоб таълиф қилмаганлар. Баъзи бир .алФиқҳул Акбар,, .алОлим вал Мутааллим,, Усмон алБаттийга ёзган рисола ва давоми...

3390 16:10 / 28.03.2017
Аудиолар

211145 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130404 14:35 / 11.08.2021