
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ким икки йўлдан бирига жинсий яқинлик қилса ёки унга яқинлик қилинса, рўзаси бузилади.
Бунда манийнинг нозил бўлиши ёки бўлмаслигининг эътибори йўқ. Эркаклик олатининг бош қисми иккинчи тарафнинг олди ёки орқа йўлига кирса бўлди.
Қасддан ғизо ёки даво бўладиган нарсани еса ёки ичса ҳам рўзаси бузилади.
Албатта, мазкур еб-ичишлар Рамазон ойининг кундузида содир бўлса.
Бу ҳолатларда қазосини тутади ва худди зиҳор қилувчи каби каффоратни адо қилади.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ ، قَالَ: جَاءَ رَجُلٌ إِلَى النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ: هَلَكْتُ يَا رَسُولَ اللهِ، قَالَ: «وَمَا أَهْلَكَكَ؟» قَالَ: وَقَعْتُ عَلَى امْرَأَتِي فِي رَمَضَانَ، قَالَ: «هَلْ تَجِدُ مَا تُعْتِقُ رَقَبَةً؟» قَالَ: لَا، قَالَ: «فَهَلْ تَسْتَطِيعُ أَنْ تَصُومَ شَهْرَيْنِ مُتَتَابِعَيْنِ؟» قَالَ: لَا، قَالَ: «فَهَلْ تَجِدُ مَا تُطْعِمُ سِتِّينَ مِسْكِينًا؟» قَالَ: لَا، قَالَ: ثُمَّ جَلَسَ، فَأُتِيَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ بِعَرَقٍ فِيهِ تَمْرٌ، فَقَالَ: «تَصَدَّقْ بِهَذَا»، قَالَ: أَفْقَرَ مِنَّا؟ فَمَا بَيْنَ لَابَتَيْهَا أَهْلُ بَيْتٍ أَحْوَجُ إِلَيْهِ مِنَّا. فَضَحِكَ النَّبِيُّ r حَتَّى بَدَتْ أَنْيَابُهُ، ثُمَّ قَالَ: «اذْهَبْ، فَأَطْعِمْهُ أَهْلَكَ». رَوَاهُ الْخَمْسَةُ.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир одам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:
«Ҳалок бўлдим, эй Аллоҳнинг Расули!» деди.
«Сени нима ҳалок қилди?» дедилар.
«Рамазонда хотинимнинг устига чиқдим», деди.
«Қул озод қилишга нарса топа оласанми?» дедилар.
«Йўқ», деди.
«Икки ой кетма-кет рўза тута оласанми?» дедилар.
«Йўқ», деди.
«Олтмиш мискинга таом беришга нарса топа оласанми?» дедилар.
«Йўқ», деди.
Сўнгра кутиб ўтирди. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга бир занбил хурмо келтирилди. Ул зот (ҳалиги одамга):
«Мана буни садақа қилиб юбор», дедилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули, биздан кўра фақирроққами? Аллоҳга қасамки, у(Мадина)нинг икки четининг орасида биздан кўра муҳтожроқ аҳли байт йўқ», деди.
Бас, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кулдилар, ҳатто тишларининг оқи кўриниб кетди. Сўнгра:
«Бор! Уни аҳлинга таом қилиб бер», дедилар».
Бешовлари ривоят қилишган.
Рўзасини бузган рўзадор каффорат бериши вожиблиги шу ҳадисдан олинган.
Энг аввал каффорат қул озод қилиш бўлади.
Каффорат бериш вожиб бўлган одам қул озод қилишга қодир бўлмаса, кетма-кет, орасини узмасдан икки ой рўза тутиши лозим. Бу эса Рамазон рўзасини тутиш даврида сабрсизлик қилгани сабабли, сабрли бўлишга тузукроқ одатланиб олиши учундир.
Рамазонда қасддан рўзасини очиб юборган одам икки ой кетма-кет рўза тутишга қодир бўлмаса, олтмиш мискинга таом беради. Ҳар бир мискинга бир мудд (1843 грамм) миқдорида таом беради. Бу эса ўз навбатида гуноҳкор кишининг гуноҳини ювишга имкон яратиб бериш билан бирга, мискинларга яхшилик қилиш йўли ҳамдир.
Жумҳур уламолари: «Жинсий алоқада қатнашгани учун аёл киши ҳам каффорат беради», деганлар.
Каффоратни адо қилиш Рамазон фарзини адо қилишни қасддан бузганда вожиб бўлади. Бошқасида вожиб бўлмайди.
Агар Рамазоннинг қазосини ёки бошқа рўзаларни қасддан бузса ҳам, каффорат вожиб бўлмайди. Каффорат Рамазоннинг ҳурматини оёқости қилгани учун вожиб бўлади.
Рамазон рўзаси фарзини адо қилишни ният қилиб тутган одам уни ўз ихтиёри ила мажбурлашсиз ва шаръий узрсиз қасддан очиб юборса, ҳам қазосини тутади, ҳам каффоратни адо этади.
Бу нарса қуйидаги ҳолатларда юз беради.
Рўзани бузадиган ва ҳам қазо тутишни, ҳам каффоратни вожиб қиладиган нарсалар:
1. Fизо ёки унинг маъносидаги нарсани шаръий узрсиз емоғи. Одатда озуқа сифатида тановул қилинадиган барча нарсалар ғизога киради. Дори, папирос, афюн, наша ва шунга ўхшаш нарсалар ҳам ғизо маъносидаги нарсаларга киради. Ушбу ҳолатларда рўзасини очган одам ҳам қазосини тутади, ҳам қул озод қилиш ёки икки ой кетма-кет рўза тутиш, унга қодир бўлмаса, олтмиш мискинга таом бериш билан каффоратни адо қилади.
2. Бировнинг ғийбатини қилганидан, қон олдирганидан, шаҳват билан ушлаганидан ёки ўпганидан, қучоқлашиб ётганидан, мўйлабини мойлаганидан кейин «Рўзам очилиб кетди», деган ўй билан қасддан еб-ичиб юборса, ҳам қазо тутиб, ҳам каффорат адо қилади.
(Фақиҳ «Рўзанг очилибди», деб фатво берса, бундан мустасно. Унда фақат қазо тутади. Каффорат вожиб бўлмайди.)
3. Оғзига кирган ёмғир сувини, хотинининг тупугини лаззат учун ичига ютса, кесакхўр одам кесакни ютиб юборса, ҳам қазо тутиб, ҳам каффорат адо қилади.
4. Фарж шаҳватини тўла равишда қондирса ҳам. Унга нисбатан мойиллиги бўлган одам жинсининг олди ёки орқасига олатни киритиш кўзда тутилган. Агар маний тўкилиши бўлмаса ҳам.
5. Аёл киши кичик ёшдаги боланинг ёки мажнуннинг ўзига яқинлик қилишига имкон берса, унга ҳам қазо, ҳам каффорат вожиб бўлади.
«Кифоя» китобининг иккинчи жузи асосида тайёрланди
Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 5 октябрдаги 03-07/7013-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.