Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 14 жумадис сони | 2025 йил 05 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Қуръони Карим саодат манбаидир | Қуръони Карим дарслари (163-дарс)

19:00 / 28 июль 1427 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло Каҳф сурасида шундай марҳамат қилади:

«Бандасига китоб нозил этган ва унда ҳеч бир эгрилик қилмаган Аллоҳга ҳамд бўлсин. (Уни) Ўз ҳузуридан бўладиган шиддатли азобдан огоҳлантириш ва солиҳ амаллар қиладиган мўминларга уларга албатта гўзал ажрнинг хушхабарини бериш учун тўғри қилиб (нозил қилган Зотга)», деган (1-2-оятлар).

Оятдаги «бандаси» жумласидан Ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам назарда тутиляптилар.

«Китоб»дан мурод Қуръони Каримдир.

Аллоҳ таоло суранинг бошида Ўз бандаларига ҳамду сано айтишни ўргатмоқда. Бу сафар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга, у зот ор­қали Ўз бандаларига Қуръони Каримни нозил қилгани учун Аллоҳга ҳамду сано айтиш лозимлиги таъкидланмоқда.

«Бандасига китоб нозил этган» Аллоҳга ҳамд бўлсин.

Қуръони Карим саодат манбаидир. Фақат у орқалигина бандалар энг зарурий нарсаларни биладилар. Жумладан, ақида, тасаввур ва ахлоқ-одоб каби масалаларнинг бирдан-бир масдари Қуръондир.

Шунинг учун ҳам Қуръонни нозил этган Зотга ҳар қанча ҳамду сано айтилса, шунча оз. Ҳамду санога сазовор, «Бандасига китоб нозил этган» мазкур Китобни –  Қуръони Каримни қандай сифатлар билан индиргани ҳам ушбу оятларда зикр этиляпти.

«... унда ҳеч бир эгрилик қилмаган» Аллоҳга ҳамд бўлсин.

Яъни Қуръонда ҳеч бир эгрилик қилмай нозил этган Зот – Аллоҳ таолога беҳад ҳамду санолар бўлсин.

Китобни «тўғри қилиб» нозил қилган, яъни Қуръонни фақат тўғриликдан иборат қилган Зот – Аллоҳ таолога беҳад ҳамду санолар бўлсин.

Ундаги кўрсатмалар, тузумлар, амрлар, қиссалар ва бошқа нарсаларда ҳеч қандай эгрилик, хато-нуқсон йўқ.

Шу билан бирга, Қуръони Каримни Аллоҳ таоло кофирларга:

«...Ўз ҳузуридан бўладиган шиддатли азобдан огоҳлантириш» учун нозил этгандир.

Ва айни пайтда:

«...солиҳ амаллар қиладиган мўминларга уларга албатта гўзал ажрнинг хушхабарини бериш» учундир. Шундай Зотга – Аллоҳга ҳамд бўлсин.

Аллоҳ таоло яна:

«Батаҳқиқ, ушбу Қуръонда одамлар учун турли мисоллар баён қилдик. Инсон кўп тортишувчи бўлган эди», деган («Каҳф» сураси, 54-оят).

Аллоҳ таоло Қуръонни инсонга бу дунё ҳаётида абадий саодатга эришиш, охират азобидан қутулиш учун омил қилиб берган эди. Уни дастур этиб олишни буюрган эди. Қуръонда ҳамма нарсани батафсил баён ҳам қилган эди. Инсон ана шу улуғ Қуръонга эргашганида, мақсадига етарди.

Аммо у Аллоҳ яратган махлуқот ичида энг кўп тортишувчи, ҳар нарсага эътироз қилиб, талашувчи бўлиб чиқди. Қуръонга ҳам иймон келтириб, амал қилиб кетавермай, у ҳақда ҳам тортишув  билан  овора  бўлди. Қуръон  ҳақида, унда батафсил баён этилган нарсалар ва унинг ҳукмлари ҳақида ўзича баҳслар юритди, талашиб-тортишди.

Аввало, Қуръон Аллоҳнинг каломи эканига ишонмай баҳслашди.

Кейин Қуръонга амал қилиш устида тортишди. Ундан кейин «Қуръон ҳукмлари эскириб қолган», деб ҳам кўрди.

Охир-оқибат ўзига ёмон бўлди. Бу дунёда кулфат билан яшаб ўтди. Охиратда эса мана, иши расво бўлиб турибди.

Аллоҳ таоло яна:

«Сенга Қуръонни бахтсиз бўлишинг учун нозил қилганимиз йўқ. Балки қўрқадиган кишиларга эслатма бўлиши учун, холос. Ерни ва юксак осмонларни яратган Зотдан нозил бўлгандир», деган («Тоҳа» сураси, 2-4-оятлар).

«Эй Муҳаммад, сенга ушбу Қуръонни нозил этишимиздан мақсад сени бахтсиз қилиш эмас, балки икки дунёда бахтли қилишдир.

«Балки қўрқадиган кишиларга эслатма бўлиши учун, холос».

Яъни «Биз ушбу Қуръонни Аллоҳдан қўрқадиган одамлар эслатма – панду насиҳат олишлари учун нозил қилдик».

«Ерни ва юксак осмонларни яратган Зотдан нозил бўлгандир».

«Қуръонни нозил қилувчи Зот еру осмонларни яратган Зотдир. Ана шундай ишларга қодир Зот Қуръонни нозил қила олмасми?»

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 30-жузи

Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2024 йил 23 январдаги 03-07/362-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Имом Ҳамза ибн Ҳабиб ибн Аммора ибн Исмоил Зайёт Таймий. У киши ҳижрий 80 йилда туғилиб, 156 санада вафот этган.Имом Ҳамза ибн Ҳабиб раҳматуллоҳи алайҳи етти машҳур давоми...

5788 13:30 / 05.01.2021
Иорданиялик ҳамаср олимлардан Саъид Ҳавво раҳматуллоҳи алайҳи уч қисмдан иборат асарлар силсиласини режалаштирган. Бу силсила қуйидаги асарлардан иборат давоми...

2477 16:10 / 08.06.2021
.Маҳасинуттаъвил, ndash Муҳаммад Жамолиддин Қосимий.Бу тафсирнинг иккинчи номи .Тафсирул Қосимий,дир. Тафсирнинг муаллифи эса Шомнинг машҳур уламоларидан бири давоми...

2648 20:30 / 01.06.2021
Эй иймон келтирганлар Сизлардан ким динидан қайтса, Аллоҳ албатта Ўзи севадиган ва улар ҳам Аллоҳни севадиган қавмни келтиради. Улар мўминларга хокисор, давоми...

5115 05:00 / 23.01.2017
Аудиолар

210828 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130091 14:35 / 11.08.2021