1447 йил 14 жумадис сони | 2025 йил 05 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом

Ҳадис илми

11:46 / 26 июль 985 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс розияллоҳу анҳуга ўхшаш кишилар томонидан аввалдан ёзилар эди. Бу ишлар хусусий бўлган. Расмий равишда ҳадис ёзишнинг бошловчиси халифа Умар ибн Абдулазиз бўлди ва у киши турли жойларга одам юбориб: «Мен уламоларнинг орамиздан кетишлари ва илм дарсларининг камайишидан қўрқмоқдаман, қараб, суриштириб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини ёзиб олинглар», деб буюрди. Шундай қилиб, биринчи китобни буюк тобеъин Ибн Шиҳоб аз-Зуҳрий (вафоти 124 ҳижрий сана) ёздилар.

Маккадаги ҳадисларни Ибн Журайж ва Ибн Исҳоқ, Мадинадагиларини Саъид ибн Абу Уруба, ар-Робийъ ибн Субайҳ ва Имом Моликлар, Басрадагиларини Ҳаммод ибн Салама, Куфадагиларини Суфён ас-Саврий, Шомдагиларини Абу Амр ал-Авзоъий, Хуросондагиларини Абдуллоҳ ибн Муборак ал-Марвазий, Ямандагиларини Муъаммар, Райдагиларини Жобир ибн Абдулҳамид ва бошқалар тўплашди.

Учинчи ҳижрий аср ҳадис илмининг олтин асри бўлди. Айнан шу асрда бу илм равнақ топиб, энг машҳур китоблар ёзилиб қолди.

Дастлаб уламолар «Муснад» китоблари ёзишди. Бу турдаги китобларда саҳобаи киромларнинг номлари тилга олиниб, аввал битталари қанча ҳадис ривоят қилган бўлсалар, барчаси бирин-кетин келтирилади. Кейин иккинчи саҳобийга ўтилиб, у киши ривоят қилган ҳадислар келтирилади. «Муснад» тариқасида биринчи бўлиб Абдуллоҳ ибн Мусо ал-Абасий, Мусаддад ал-Басрий, Асад ибн Мусо ва Наъим ибн Ҳаммод ал-Хузоъийлар китоб тасниф қилдилар. Кейин эса Исҳоқ ибн Роҳавайҳ, Усмон ибн Абу Шайба ва Имом Аҳмад ибн Ҳанбал каби муҳаддислар ўз «Муснад» китобларини туздилар. «Муснад» китоблари ичида энг машҳури ва кенг тарқалгани Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳининг муснадларидир.

Сўнгра Имом Бухорий ўзларининг машҳур «Жомеъ ус-Саҳиҳ» китобларини ёздилар. Бу китоб фақат саҳиҳ ҳадисларни жамлагани учун шундай ном билан аталгандир. Шу боисдан ҳам бу китоб Қуръондан кейинги энг тўғри китоб саналади, Имом Бухорий эса мўминларнинг ҳадисдаги амири ҳисобланадилар. Энг саҳиҳ ҳадисларни ўз ичига жамлаган бу китоб ҳанузгача қадрланиб келмоқда. Аввалги вақтларнинг ўзидаёқ унга саксондан ортиқ шарҳ ёзилган.

Имом Бухорий ҳазратларидан кейин худди шу услубда шогирдлари Имом Муслим «Саҳиҳ» китоби тузди. Имом Муслимнинг «Саҳиҳ»лари иккинчи ўринда туради.

Худди шу асрда «Сунан» номи билан шуҳрат топган ҳадис китоблари таълиф этиш одат тусига кирди. Бу услубдаги китобларда ҳадислар фиқҳ боблари асосида келтирилади. Мисол учун, «Таҳорат китоби»га таҳоратга тегишли ҳадислар жамланган. «Китабус солат»да эса намозга доир ҳадислар келтирилади ва ҳоказо.

Имом Абу Довуд, Имом Термизий, Имом Насаий ва Имом Ибн Можаларнинг «Сунан» китоблари ана шу услубдаги китобларнинг энг машҳурларидир. Ушбу тўрт китоб Имом Бухорий ва Имом Муслимнинг «Жомеъ ус-Саҳиҳ»ларига қўшилиб, «Сиҳоҳи ситта», яъни «Олти саҳиҳ китоб» номини олган. Ҳадис китоблари ичида энг кучли ва энг мўътабарлари мана шу олти китоб ҳисобланади.

Тўртинчи ҳижрий аср уламолари ҳам ўзларидан аввал ўтган муҳаддисларнинг асарларидан кенг фойдаландилар. Аммо улар учун янгилик ахтаришга ўрин қолмаган эди. Қолса ҳам, жуда оз эди. Шунинг учун тўртинчи ҳижрий аср уламолари аввалги муҳаддисларнинг асарларини тартибга солиш ва жамлашга кўпроқ эътибор бердилар. Баъзи бир ҳадисларни топиб, аниқладилар. Бу асрда шуҳрат топган муҳаддислар ичида Имом ат-Табароний, Имом Дора Қутний, Имом Ибн Ҳиббон ал-Бустий, Имом Ибн Ҳузайма, Имом ат-Таҳовийлар алоҳида зикр қилинадилар.

«Ҳидоят имоми» китоби асосида тайёрланди.

Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитасининг 2023 йил 11 декабрдаги 03-07/9264-рақамли хулосаси асосида тайёрланган.

 

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
4567. Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Ер юзида қайси бир мусулмон гуноҳ аралаштирмасдан, қариндошлик алоқасини давоми...

6739 22:14 / 16.05.2017
Қандай қилиб арабларни яхши кўрмаймиз, ахир улардан саййидимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам, Абу Бакр, Умар, Усмон ва Али розияллоҳу анҳумлар чиққан давоми...

2221 21:00 / 10.11.2022
Нолевой чиқиндиларсиз ҳаракатининг деярли ҳар бир эргашувчиси Би Жоннинг Чиқиндиларсиз уйrdquo ёки Исрофсиз уйrdquoкитобини ўқишдан бошлаган бўлса керак. Bea Johnson, Zero давоми...

4260 18:00 / 21.05.2018
Ливиялик машҳур зот Умар Мухтор раҳимаҳуллоҳ аёли вафот топганида йиғлади. Унинг ёнидагилар mdash Сиздек инсоннинг йиғлаганини кўрмаган эдик, нима сабабдан давоми...

1550 13:06 / 07 апрель
Аудиолар

210801 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130066 14:35 / 11.08.2021