1447 йил 25 шаъбон | 2026 йил 13 февраль, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Янгиликлар

Юртимизни Бутунжаҳон Ислом уюшмаси раҳбари эътироф қилди

11:27 / 20.07.2025 928 pdf Ўқиш режими + -

Саудия Арабистонининг Макка шаҳрида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази раҳбари Фирдавс Абдухолиқов ҳамда Бутунжаҳон Ислом уюшмаси Бош котиби Шайх Муҳаммад бин Абдулкарим ал-Исса  иштирокида учрашув бўлиб ўтди. Ушбу учрашув ва ташриф Бутунжаҳон Ислом уюшмаси таклифига биноан амалга оширилди. Унда Ўзбекистоннинг Саудия Арабистонидаги фавқулодда ва мухтор элчиси Нодир Турғунов ҳам қатнашди.

Дўстона ва самимий руҳда ўтган учрашувда Марказ раҳбари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан юртимизда бунёд этилаётган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳақида жумладан, Марказ доирасида амалга оширилаётган тадбирлар, барча илмий ва ташкилий ишлар ҳақида маълумот берди.

 

 
– Ўзбекистон Ислом илми, фиқҳ ва ҳадис соҳасида юксак меросга эга. Бу заминда машҳур уламолар, буюк фақиҳлар, муҳаддислар, мутафаккирлар ва санъатшунослар етишиб чиққан, – деди Ислом уюшмаси бош котиби. – Ушбу мероснинг Ислом оламидаги аҳамияти ва долзарблигини кўрсатишда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази муҳим ўрин тутади. Бу юртнинг таниқли ва машҳур алломалари туфайли Ислом цивилизациясининг асл моҳияти хусусан, инсонпарварлик ва бағрикенглик қадриятлари бугунги кунга қадар сақланиб қолган. Мазкур мегалойиҳа бу бой меросни жаҳон ҳамжамиятига танитишда асосий аҳамиятга эга. Биз Бутунжаҳон Ислом уюшмаси номидан ушбу саъй-ҳаракатларни тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз. Ўзбекистон Президентининг маданият ва маърифатга қаратган эътибори барча мусулмон мамлакатлар учун намуна бўлади. Марказ билан ҳамкорлик қилишдан бениҳоят мамнунмиз!

 Учрашув давомида Шайх Муҳаммад Абдулкарим Ал-Исса Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотлар, хусусан, Ислом цивилизацияси марказининг барча тадбирлари, режалаштирилган турли анжуманларга қизиқиш билдириб, бу борада олиб борилаётган ишларни юксак баҳолади ва мамнуният билан эътироф этди. Ислом цивилизацияси марказининг очилиш маросими  қанчалик аҳамиятли эканлигига эса алоҳида тўхталди. Шу ўринда Шайх Муҳаммад Абдулкарим Ал-Исса Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқидан қуйидаги иқтибосларни келтирди: “Биз бутун жаҳон жамоатчилигига ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини етказишни энг муҳим вазифа, деб ҳисоблаймиз. Биз муқаддас динимизни азалий қадриятларимиз мужассамининг ифодаси сифатида беҳад қадрлаймиз. Ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этади. Ислом цивилизацияси марказининг фаолияти ҳам шу мақсадга хизмат қилади”. 

Шайх Муҳаммад Абдулкарим Ал-Исса Ўзбекистон Президенти томонидан БМТ минбаридан туриб илгари сурилган мазкур улкан ташаббус Бутунжаҳон Ислом уюшмаси номидан қўллаб-қувватлашини таъкидлаб ўтди.

Ислом цивилизацияси маркази раҳбари Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан Марказ таркибида Араб-ислом хаттотлик мактабини очиш йўлга қўйилганини маълум қилди. Шайх Муҳаммад Абдулкарим Ал-Исса ушбу лойиҳани тўла-тўкис қўллаб-қувватлади:

– Янги Ўзбекистон лойиҳаси бўлмиш бу хаттотлик мактаби орқали Қуръони каримнинг ҳар бир сурасини махсус араб хатида, безаклар билан бойитилган тарзда қўлда кўчириш мақсадга мувофиқ. Ўзбекистондаги бўлажак Араб-ислом хаттотлик мактаби фаолиятини йўлга қўйишда, шунингдек, жаҳон миқёсида машҳур бўлган катта тажрибага эга хаттотларни ушбу марказга жалб этиш, хаттотларнинг иш фаолияти самарали бўлиши учун уларни рағбатлантириш ва умуман мактаб фаолиятини ривожлантиришда астойдил ҳамкорлик қилишга   тайёрмиз.

Делегация аъзолари Макка шаҳрида жойлашган Ҳиро маданият даҳаси, Ваҳий музейи, “Бурж ас-саъа” минорасида жойлашган шу номдаги музей, Каъба кисваси учун қирол Абдулазиз мажмуаси ва Мадина шаҳридаги “Бўстон” музейи, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам сийратлари  ва Ислом цивилизацияси музейи, Жидда шаҳридаги Ислом санъати музейи ва кутубхонасига ташриф буюрди ва ҳамкорлик бўйича музокаралар олиб борди.

Бундан ташқари, Ислом цивилизацияси маркази делегацияси аъзолари музей ва кутубхоналарга қилган ташрифлари жараёнида Пайғамбаримизнинг фаолият ва турмуш тарзларини ифодаловчи видеолавҳалар Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига тақдим этилиши масаласини ҳам кўриб чиқишди. 

Шунингдек, учрашувда Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан Самарқандда янгидан бунёд этилаётган Имом Бухорий мажмуаси зиёратчилари учун қулай шарт-шароитлар яратиш масаласида ҳам фикр алмашилди. Бу борада Саудия Арабистони тажрибасидан фойдаланиш мақсадида Бутунжаҳон Ислом уюшмаси Тадбирлар ва конференциялар бўлими бошлиғи Шокир Салоҳ ал-Адваний билан мулоқот ўтказилди. Мулоқот давомида Ислом уюшмаси вакили бу  масалада Саудия Арабистонининг етакчи ташкилотларидан бири “Илм” компанияси кўмак беришини билдирди. Кейинги муҳокамалар видеоконференция шаклида давом эттирилишига келишиб олинди.

Манба
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази
Мавзуга оид мақолалар
Aнглия Премьерлигаси тарихда биринчи бор мусулмонларнинг муқаддас Рамазон ойи муносабати билан ўйинни тўхтатди. Бу ҳақда mynamaz.ru манбаси хабар берди.РБК хабарига давоми...

2138 15:00 / 29.04.2021
National Geographic журнали Дубайда жойлашган .Келажак музейи, ни дунёнинг энг гўзал 14 музейидан бири ва уни архитектура мўъжизаси деб атади. Ҳозирда музей очилишга давоми...

2250 15:00 / 04.08.2021
.Меҳр5, операцияси доирасида Суриядаги уруш кетаётган .қайноқ нуқталарга, бориб қолиб, .АлҲол, лагерида 3 йилдан ортиқ вақт давомида ушлаб турилган 24 нафар аёл ва 69 давоми...

2417 11:30 / 01.05.2021
Жаҳон туризм ташкилотининг маълум қилишича, 2020 йилга бориб дунёдаги сайёҳларнинг умумий сони тахминан 1 миллиард 200 миллион кишига етади. Шулардан, 800 миллион давоми...

2185 07:10 / 26.06.2019