1447 йил 22 жумадис сони | 2025 йил 13 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Қўлимиздаги мол бизники эмас

09:01 / 06 октябрь 2053 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйларида қўй сўйилди. Уни садақа қилиб юборишни буюрдилар. Сўнгра бир иш билан уйдан чиқиб кетдилар. Қайтиб келгач, Оиша розияллоҳу анҳодан сўрадилар:

- Ундан нима қолди?

Оиша онамиз розияллоҳу анҳо дедилар:

- Фақат қўли қолди.

Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

غير كتفها بقى كلها

- Қўлидан бошқа ҳамма жойи қолибди!, дедилар.

Имом Термизий ривояти, саҳиҳ.

Буюк инсоннинг буюк жавоби!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам доимо инсонларга дунёнинг охират экинзори эканини таъкидлар эдилар. Бугун фақат экиш бор. Ҳосил олиш йўқ. Охиратда эса ҳосил йиғиштириш бор, экиш йўқ!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам имкон туғилгани заҳоти дарров пайтни ғанимат билиб, дунёнинг фонийлигини, охиратнинг боқийлигини инсонларга сингдиришга ҳаракат қилар эдилар. Юқоридаги савол-жавоб ҳам барча уйларда бўлиб турадиган оилавий суҳбат эди. Эр хотинидан уйдаги чиқим ва овқат ҳақида сўраяпти. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам оддий суҳбатни ғайриоддий дарсга айлантиряптилар! У киши Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан дунё саволини сўраяптилар:

- Ундан нима қолди?

Оиша онамиз ҳам дунё жавобини беряптилар

- Фақат қўли қолди.

Оиша розияллоҳу анҳонинг жавобларидан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дарров охират дарсларидан муҳим бир дарсни беряптилар:

- Қўлидан бошқа ҳамма жойи қолибди!

Қўлимиздаги мол бизники эмас.

Бизнинг ҳақиқий молимиз эрта қиёматда топишимиз учун бугун Аллоҳнинг ҳузурида захира қилаётган молимиздир!

Қўйнинг қўли еб тугатилади. Аммо ундан чиқарилган садақа Аллоҳнинг ҳузурида сақланиб қолади. Аллоҳ Ўзининг карами билан эътибор берадиган охиратдаги «банк»да сақланади!

Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яна шундай деганлар:

من تصدق بعدل تمرة من كسب طيب - ولا يقبل الله إلا الطيب - فإن الله يقبلها بيمينه ثم يربيها لصاحبها كما يربى أحدكم فلوه حتى تكون مثل الجبل

«Ким ҳалол топган молидан хурмо миқдорича садақа қилса — Аллоҳ таоло фақат ҳалол, пок нарсани қабул қилади - албатта, Аллоҳ уни ўнги билан қабул қилиб, сизлар кичкина тойчоқни парвариш қилганингиз каби ўстириб парваришлайди. Ҳатто ўша садақаси тоғ баробар бўлиб кетади».

Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти.

«Банк»нинг ажойиблигини қаранг! Захиранинг баракасини қаранг! Аллоҳнинг розилигини истаб қилинган хурмо миқдоридаги садақангизни Аллоҳнинг Ўзи қабул қилиб олиб, уни ўстирар экан. Эртага охират кунида Аллоҳнинг ҳузурига борсангиз, уни худди тоғ каби катталашиб кетган ҳолда топар экансиз!

Султон Сулаймон Қонуний ўлим тўшагида ётганида атрофидагиларга: «Агар вафот қилсам, қўлимни тобутдан чиқариб қўйинглар. Инсонлар кўрсинки, султон дунёдан икки қўли бўш ҳолатда кетмоқда!» деб тайинлаган экан.

Садақа қилайлик! Кафаннинг чўнтаги йўқ!

«Набавий тарбия» китоби асосида тайёрланди

Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 7 мартдаги 03-07/1506-рақамли ва 2023 йил 24 мартдаги 01-07/1959-рақамли хулосалари асосида тайёрланган.

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. ,. . Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Умматимдан бир тоифа ҳақда устун бўлган ҳолларида бардавом давоми...

1464 12:33 / 11.11.2024
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга юриш ҳам ғанимат эди. Бунақанги имконият бўлиб қолса, саҳобалар дарров ундан фойдаланиб қолишар, имкониятни давоми...

2109 16:18 / 10 август
биринчи мақолаКоронавирус билан касалланганлар www.worldometers.сайтининг маълумотларига кўра, бугун 24.02.2021 да дунё бўйича 112 миллион, 780 минг, 835 кишини ташкил этмоқда. давоми...

2574 18:00 / 25.02.2021
Қадим Америкадаги қулчилик даврида қуллар икки қисмга бўлинар эди1. Уй қуллари.2. Дала қуллари.Дала қулларига худди ҳайвон сингари муомала қилинар эди. Уларнинг давоми...

2924 11:00 / 26.11.2021