1447 йил 22 жумадис сони | 2025 йил 13 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсир

Аллоҳнинг ваъдаси ҳақдир

19:00 / 08 июль 869 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

ﯯ ﯰ ﯱ ﯲ ﯳ ﯴ ﯵ ﯶ ﯷ ﯸ ﯹ ﯺ ﯻ ﯼ ﯽ ﯾ

«Улар: «Ундан ейишни, қалбларимиз хотиржам бўлишини, бизга рост гапирганингни билишни ва унга гувоҳлик берувчилардан бўлишни истармиз», – дедилар» (Моида сураси, 113-оят).

Ҳаворийларнинг «Аллоҳ осмондан бизга ясатилган дастурхон тушириб берсин», деб қилаётган талабларининг бир неча сабаблари бор экан.

Биринчиси – ундан еб кўрмоқчилар. Эҳтимол, таомга ҳожатлари бор. Эҳтимол, пайғамбарга яқин кишилар сифатида алоҳида ҳурматга сазовор бўлмоқчилар. Эҳтимол, табаррук учун қилмоқчилар.

Иккинчидан, қалбларини таскин топтирмоқчилар. Иймонга келганлар-у, аммо қалблари яна ҳам таскин топишини истайдилар. Бунинг учун ўзлари эргашган пайғамбарнинг сўровига биноан, ўзлари иймон келтирган Аллоҳ томонидан бир мўъжизанинг бўлишини хоҳлайдилар.

Учинчидан, пайғамбар уларга рост гапирганини билишни истайдилар. Ийсо «Аллоҳнинг пайғамбариман», демоқда, агар гапи рост бўлса, у ўзига хос услуб билан бу даъвони исбот қилиши керак бўлади. Энг яхши исбот – мўъжиза кўрсатишдир. Ўша мўъжизани кўрсатса, рост гапирган ҳисобланади.

Тўртинчидан, ҳаворийлар ўша мўъжиза содир бўлганига гувоҳ бўлмоқчилар. Улар Ийсо алайҳиссаломга яқин кишилар сифатида бошқа кишилар томонидан турли саволларга тутилишлари турган гап. Энг кўп бўладиган савол, албатта, «У зотнинг пайғамбарлигини қандай исботлайсиз?» қабилида бўлади. Ана ўшанда кўрсатилган мўъжизанинг гувоҳи бўлганликларини айтмоқчилар. Ёки бевосита саволсиз ҳам даъват чоғида, шубҳачиларнинг шубҳасини қайтариш пайтида бу гувоҳликларини айтишлари мумкин.

Ҳаворийлар мана шу эътиборлар ила осмондан ясатилган дастурхон туширилишини сўрадилар. Шунда Ийсо алайҳиссалом Парвардигори Оламга мурожаат этиб, дуо қилдилар:

ﭑ ﭒ ﭓ ﭔ ﭕ ﭖ ﭗ ﭘ ﭙ ﭚ ﭛ ﭜ ﭝ ﭞ ﭟ ﭠ ﭡ ﭢﭣ ﭤ ﭥ ﭦ ﭧ ﭨ

«Ийсо ибн Марям: «Аллоҳим! Роббимиз! Бизга осмондан ясатилган дастурхон туширгинки, аввалимизгаю охиримизга байрам ва Сендан мўъжиза бўлиб қолсин. Ва бизни ризқлантиргин, зотан, Ўзинг энг яхши ризқлантирувчисан», – деди» (Моида сураси, 114-оят).

Ушбу дуода Ийсо алайҳиссалом пайғамбарлик одоби ила ўз Илоҳи ва Робби – Аллоҳ таолога ўзларининг бандаликларини, Унга ҳожатманд эканликларини билдириб, хокисорлик ила нидо қилмоқдалар. У киши Аллоҳ таолодан осмондан дастурхон туширишни, туширганда ҳам, уни хайр-барака ва хурсандчилик боиси – байрамга сабаб бўладиган қилиб туширишини сўраб, дуо қилмоқдалар. Шу билан бирга, бу дастурхон Аллоҳ томонидан мўъжиза бўлиб қолишини ҳам сўрамоқдалар. Мўъжиза сифатида туширилган дастурхон ризқ бўлиб қолишини ҳам истамоқдалар.

Аллоҳ таоло пайғамбари Ийсо алайҳиссаломнинг бу дуоларини ижобатга олди ва қуйидаги жавобни қилди:

ﭩ ﭪ ﭫ ﭬ ﭭﭮ ﭯ ﭰ ﭱ ﭲ ﭳ ﭴ ﭵ ﭶ ﭷ ﭸ ﭹ ﭺ ﭻ

«Аллоҳ: «Албатта, Мен уни сизларга туширувчиман. Бас, ке­йин сизлардан ким куфр келтирса, албатта, Мен уни шундай азоблайманки, оламларда ҳеч кимни ундай азобламагайман», – деди» (Моида сураси, 115-оят).

Ҳақ таоло Ўзининг жалолига – улуғворлигига яраша жавоб бериб:

«Албатта, мен уни сизларга туширувчиман», – деди.

Уламоларимиз моида – дастурхон ҳақида Қуръони Каримда бошқа ҳеч қандай маълумот йўқ бўлишига қарамай, худди шу жумланинг ўзига таяниб: «Дастурхон тушган, чунки Аллоҳнинг ваъдаси ҳақдир», – дейдилар.

Аллоҳ таоло дастурхон тушириш ҳақидаги сўровни ижобат қилиш билан бирга, Ўзининг доимий одатини ҳам эсга солмоқда. У одат мўъжиза талаб қилган қавм мўъжиза келганидан кейин ҳам куфр келтирса, уни қаттиқ азобга дучор қилишдир. Бу азоб ҳам бу дунёда, ҳам у дунёда бўлади:

«Бас, ке­йин сизлардан ким куфр келтирса, албатта, Мен уни шундай азоблайманки, оламларда ҳеч кимни ундай азобламагайман», – деди».

«Тафсири Ҳилол» китоби асосида тайёрланди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2024 йил 22 октябрдаги 02-07/6395-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло Мулк сурасида шундай марҳамат қилади Ва сўзингизни сир тутасизми ёки ошкора айтасизми, албатта, У кўкслардагини ҳам ўта билувчидир. Мулк сураси, давоми...

4632 09:05 / 12.09.2019
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади.Уларнинг ҳидояти сенинг зиммангда эмас. Лекин Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кишини ҳидоят қиладир. Нимаики яхшиликни давоми...

3642 19:30 / 19.07.2020
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади .Айт .Агар ростгўй бўлсаларингиз, айтингчи, сизга Аллоҳнинг азоби ёки Соат келса, Аллоҳдан ўзгага давоми...

381 19:00 / 11 ноябрь
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади .Улар орасида Аллоҳ нозил қилган нарса ила ҳукм юрит. Уларнинг ҳавойи нафсларига эргашма ва улар сени Аллоҳ давоми...

1115 19:00 / 15.10.2024
Аудиолар

213192 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

132412 14:35 / 11.08.2021