1447 йил 24 шаъбон | 2026 йил 12 февраль, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Суннат

Неъмат учун Аллоҳга шукр қилиш

14:13 / 07.07.2025 1328 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

وَقَالَ أَبُو هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ: مَا عَابَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ طَعَامًا قَطُّ، إِنِ اشْتَهَاهُ أَكَلَهُ، وَإِنْ كَرِهَهُ تَرَكَهُ. رَوَاهُ الثَّلَاثَةُ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч қачон ҳеч бир таомни айбламадилар. Иштаҳалари тортса, ер эдилар. Кўнгиллари тусамаса, тек қўяр эдилар», деди».

Учовлари ривоят қилганлар.

Ҳар қандай ҳалол таом банда учун Аллоҳ таолонинг неъмати ҳисобланади. Ҳар қандай неъмат учун банда Аллоҳ таолога шукр қилиши лозим. Фақат нонкўр инсонгина шукр ўрнига таомни айблашга ўтади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам доимо шукр қилувчи банда бўлганлар.

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч қачон ҳеч қандай таомни айбламадилар».

Ҳа, у зот умрларида бирор таомни айбламаганлар. Бу ҳақиқатни ўша воқеа устида туриб, кўрганлардан бири – улкан саҳобий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу дўсту душманнинг ҳузурида айтмоқдалар. Агар бу гапда заррача шубҳа бўлса, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳуга дарҳол эътироз билдирилиши турган гап эди.

«Иштаҳалари тортса, ер эдилар. Кўнгиллари тусамаса, тек қўяр эдилар».

Шунинг учун у зотнинг умматлари бўлмиш сиз билан биз, мусулмонлар ўз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан бу борада ҳам ўрнак олмоғимиз лозим.

عَنْ أَبِي جُحَيْفَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: إنِّي لَا آكُلُ مُتَّكِئًا. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا مُسْلِمًا.

Абу Жуҳайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Мен суянган ҳолимда емайман», дедилар».

Бешовларидан фақат Муслим ривоят қилмаган.

Ушбу ҳадиси шарифда овқатланишнинг исломий маданиятидаги яна бир жиҳат ҳақида сўз кетмоқда. Овқатланиш инсоннинг соғлигига ва бошқа ҳолатларига бевосита таъсир қилиши ҳаммага маълум. Бунинг учун таом ҳалол-пок, озуқалик сифати яхши бўлиши билан бирга, уни тўғри тановул қилишда ҳам гап кўп. Ҳозирги кунимизда таомни тўғри тановул қилишга қаратилган китоблар ёзилаётгани, илмий ишлар олиб борилаётгани ва бу соҳада аҳоли орасида тушунтириш ишлари олиб борилаётгани бежиз эмас. Тараққий этган инсоният эндигина англашни бошлаётган бу ишни Ислом бундан ўн тўрт аср илгари йўлга қўйиб бўлган. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ҳадиси шарифда марҳамат қилиб:

«Мен суянган ҳолимда емайман» деганлари «Суяниб, ёнбошлаб олиб таом еб бўлмайди», деганларидир. Аввало бу иш беодоблик, маданиятсизлик. Қолаверса, бир нарсага суяниб ёки ёнбошлаб ётган одамнинг таом юрадиган аъзолари – ичаклари, қорни ноқулай ҳолга келади. Бинобарин, у еган таомнинг ошқозонда қайта ишланиши, ҳазм бўлиши қийинлашади. Оқибатда инсон соғлиғига зарар етади.

Ушбу ҳадиси шарифни билганимиздан кейин ҳеч қачон суянган ҳолда ёки ёнбошлаб ётиб овқат емаслигимиз керак. Бу исломий одобни бошқаларга ҳам ўргатиш ҳар биримизнинг бурчимиз эканлигини ҳам зинҳор унутмаслигимиз лозим.

«Ҳадис ва ҳаёт» китоби 16-жуз

Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2021 йил 17 июндаги 03-07/3903- рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

 

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. . Абу Айюб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Тўрт нарса Расулларнинг суннатларидан ҳаё, хушбўй сепиш, мисвок давоми...

2697 14:50 / 16.12.2024
Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Банда бемор бўлиб қолса ёки сафарга чиқса, Аллоҳ таоло унга соғлик ва муқим давоми...

1901 10:35 / 27.05.2024
. . Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир кеча уйғонганларида .Субҳаналлоҳ, бу кеча қайси давоми...

2424 11:00 / 13.03.2023
. .Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Масжидга туфлаш гуноҳдир, унинг каффороти ювиш, кўмиш биландир,, давоми...

2462 19:30 / 30.05.2021
Аудиолар

230146 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

148726 14:35 / 11.08.2021