
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Каъбанинг шифтини кўтариб турувчи учта тахтали устуни бор. Айланаси 44 см. Ҳар устун оралиғи 2 метр 35 см. Кириш эшигининг тўғрисида меҳроб бор. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Каъбанинг ичидаги намоз ўқиган ўринлари меҳроб қилинган бўлса керак.
«Ибн Умар розияллоҳу анҳумо агар Каъбага кирсалар, эшикни орқаларида қолдириб, тўғрига қараб юрардилар-да, ўзлари билан рўпараларидаги девор орасида уч газга яқин масофа қолдириб, сўнгра намоз ўқирдилар. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шу ерда намоз ўқиганлар», деб Билол розияллоҳу анҳу кўрсатган жойни танлардилар. Лекин Каъбанинг қайси томонига қараб намоз ўқилса, ҳеч кимга зарари йўқ».
Имом Бухорий ривояти.
Каъбанинг ичига кирилганда ўнг томонда Каъбанинг томига олиб чиқувчи зина бор. Унинг эшиги ва қулфи бор. Ўша эшик тавба эшиги деб номланади. У ер тўсилган бўлиб, Каъба деворлари ўша тўсиқ ичидадир. Рангли, нақшинкор мармар билан ўралган. Каъба шифти ва унинг деворлари яшил ипак билан тўсилган бўлиб, у ипакка «Лаа илааҳа иллаллоҳу Муҳаммадан расулуллоҳ. Инна аввала байтин вудиъа линнаси лаллазий бибакката мубарокан ва худан лил аламийн. Қад нара тақаллуба важҳика фиссамаи фалануваллияннака қиблатан тарзаҳа фавалли важҳака шатрал масжидил ҳарам, йа Ҳаннан, йа Маннан, йа Залжалали вал икрам», деб ёзиб қўйилган.
Парданинг баландлиги 7 ярим метр. Уч ва беш йил орасида ўзгартириб турилади. У Каъбанинг ички томонида бўлиб, қуёш, ёмғир, ғубор ва шамолда бўлмагани учун унча эскирмайди.
Ички томонни ёпиб турувчи бу илк мато ҳижрий 1403, милодий 1983 йили Маккадаги «Кисва» фабрикасида тайёрланган.
Каъбанинг ичида яна катта сандиқ бўлиб, унда ҳарамга оид бойликлар сақланади («Макканинг янги ва эски тарихи». Доктор Муҳаммад Илёс Абдулғани).
Каъбанинг шифти аввал бўлмаган. Биринчи шифт Қурайш қурилишида бунёд қилинган. Ҳозирги пайтда тепа ва паст қисмга ажратилган шифт мавжуд. Томига оқ мармар ётқизилган ҳамда девор Каъба томидан кўтариб қўйилган. Унинг баландлиги 80 см. Каъбапўшни боғлаш учун йўғон хода ҳам бор. Том тепасида 1 метр 28 см х 1 метр 04 см очқич бор. Устида эса мустаҳкам маъдандан ёпқич бор. Ҳижрий 1417 йили Каъба ичига нур тушиши учун у қаттиқ ойнага алмаштирилди. Каъбани ювиш, Каъбапўшни алмаштириш асносида ўша туйнук очиб қўйилади.
Томга Каъба ичидан доирасимон нарвон орқали чиқилади. У элликта зинадан иборат. Бу нарвон мустаҳкам шишадан ишланган бўлиб, Саудия Арабистони подшоҳи Фаҳд ибн Абдулазиз томонидан ҳижрий 1417, милодий 1996 йили Каъба қурилиши асносида ўрнатилган.
Каъба эшиги тарихи
Иброҳим алайҳиссалом ўғиллари Исмоил алайҳиссалом билан бирга Каъбани бино қилганларида унинг икки томонига ерга ёпиштириб икки эшик очдилар. Одамлар шарқий эшикдан кириб, ғарбий эшикдан чиқишар эди. У фақат очиқ бир нарса эди, холос. Кейин яман подшоҳларидан бири Асъад Туббаъ очилиб-ёпиладиган бир табақали учинчи эшикни қурди. Қурайш Каъбани қурганида эса ғарбий эшикни ёпиб, шарқий эшикни икки табақада қолдириб, ердан баланд қилиб қурди.
Ривоят қилинадики, «Оиша розияллоҳу анҳо Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Нима учун Каъбанинг эшиги баланд қилиб қурилган?» деб сўраганларида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Буни қавминг қилган, улар ўзлари хоҳлаганларни киргизиб, хоҳламаганларни киргизмаслик учун шундай қилишган. Агар қавминг эндигина жоҳилиятдан қутулгани учун қалблари инкор этишидан қўрқмаганимда, хатим деворини Каъбага қўшиб, эшигини ерга ёпиштирган ҳолда қурар эдим», дедилар».
Имом Бухорий ривояти.
Бошқа ривоятда: «Эшикни ер билан тенг қилиб, икки эшик қуриб, бирини шарқий томонга, иккинчисини ғарбий томонга қурардим ҳамда Иброҳим алайҳиссалом қурган пойдеворга етказар эдим», дейилган.
Макка, Каъба, Замзам тарихи,
ҳаж ва умра маносиклари» китобидан.
Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 7 сентябрдаги 03-07/ 6905-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.