1447 йил 26 ражаб | 2026 йил 15 январь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Силаи раҳм

Муваффақиятли онларни ота-она билан бирга ўтказиш

18:21 / 22.06.2025 1282 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Отангиз сафар қилмоқчи бўлса, унга қайтгунича ишлатиши мумкин бўлган зарур нарсаларни олиб келинг. Иложи борича, юкларини ихчам қилиб жойлаштириб беринг ва уни ўзингиз кузатиб қўйинг.

Сафарда бўлса ёки узоқ жойда ишласа, тез-тез қўнғироқ қилиб боғланиб туринг. Ҳамроҳларидан ҳам у ҳақида сўраб туринг. Чунки оталар эҳтиёж ва муаммоларини фарзандларига сездирмасликка ҳаракат қиладилар. Ташвишларини ичларига ютадилар. Узоқда бўлганларида эса бу ҳақда мутлақо билдирмайдилар.

Муваффақиятли онларингизни бирга ўтказинг. Ўқув юртларини битираётганингизда ёки ўқиш ва иш жойингизда тақдирлаш маросимларига отангизни таклиф қилинг. У сизнинг муваффақиятингизни кўриб кўнгли кўтарилади ва сиз учун сарфлаган куч-қуввати; меҳнати, вақтидан рози бўлиб, янада кўпроқ дуолар қилади. Зеро, фарзандининг ютуқларини кўриш отанинг бахтидир.

Ота-онангиз ўрталарида ўзаро келишмовчилик юзага келса, ўртага тушиб, бир томонда бўлиб, иккинчи томонни оғринтириб қўйманг. Бундай пайтда икковларига ҳам ширин гапириб, кўнгилларини кўтариб, ораларида яхши воситачи бўлинг. Айниқса, отангизнинг оғриниб қолишидан эҳтиёт бўлинг. Оналар хафа бўлса, бироздан кейин унутиши, яна аввалгидек муомала қилиши мумкин, лекин оталар ҳар қанча ранжиса ҳам тилига чиқармай, ичига ютиб, қалбан оғринади. Бундай ҳолда фарзанднинг дунёси ҳам, охирати ҳам барбод бўлиб қолиши мумкин, Аллоҳ сақласин!

Агар отангиз онангиз билан ажрашиб, бошқа оила қурган бўлса, унинг қароридан норози бўлиб ранжитиб қўйманг. Бу борада сиздан фикрингизни сўраса, вазминлик ва одоб билан унга ўз қарашларингизни баён қилинг ҳамда эътирозингизни қўполлик билан билдиришдан сақланинг. Зотан, унинг тутган йўлига қаршилик қилишга ҳаққингиз йўқ. Аксинча, отангизнинг розилиги учун у оиласига ҳам яқин тутиниб, қариндошлик ришталарини боғланг.

Мабодо онангиз вафот этиб қолган бўлса, отангиз уйланишига асло қаршилик қилманг. Аксинча, унинг қарорини қўллаб-қувватлашингизни, уйланишига қарши эмаслигингизни айтиб, муносиб жуфти ҳалол топишида ёрдамлашинг. Агар ўзи уйланиш ҳақида оғиз очмаса, дўстлари ёки қариндошларингиз орқали уни уйланиши тарафдори эканингизни билдириб қўйинг. Кўпинча оталар фарзандлари кўнгли ранжиб қолмасин деб бу ҳақда айтмайдилар.

Айрим ҳолларда фарзандлар оталарининг қарорига қаршилик қиладилар. Отаси қайта турмуш қурса, унинг аёлини уйга сиғдирмайдилар. Бу иш отани қаттиқ оғринтириб қўяди. Сиз бундай йўл тутишдан ўта эҳтиёт бўлинг. Зеро, ёлғизлик Аллоҳга хос. Динимиз ёлғиз яшаш, турмушсиз ҳаёт кечиришдан қайтаради. Шундай экан, сиз нафсониятингизнинг эмас, шариатимиз кўрсатмасига амал қилинг. Отангиз уйланса, турмуш ўртоғига эҳтиром кўрсатинг. Уни отангизга яхши хизмат қилаётгани учун кўнглини кўтариб, ҳадялар бериб туринг.

Аёлининг фарзандлари бўлса, уларни ажратиб камситманг. Уларни ҳурмат қилиб, яхши муносабатда бўлинг. Имкон қадар қўллаб-қувватланг ва аҳил-иноқ бўлиб, оилангизга мослашиб кетишлари учун ҳаракат қилинг.

Отангиз бирор тушунмовчилик туфайли сизга танбеҳ берса, гарчи ҳақ бўлсангиз ҳам бошқаларга у ҳақда шикоят қилманг. Жаҳлидан тушиб, ўрни келганда узр сўраб, содир бўлган вазиятни мулойимлик билан тушунтиринг.

«Қиблагоҳ» китоби асосида тайёрланди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2025 йил 16 январдаги 02-07/296-сонли хулосаси асосида тайёрланди.

 

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Одамларга ташаккур айтмаган киши Аллоҳга шукр қилмаган бўлади,, дедилар,.Шарҳ Бу жуда эътиборга давоми...

4337 14:00 / 10.06.2022
Отаонанинг ҳурмати, фарзанд устидаги ҳаққи тўғрисидаги оятлар ва ҳадислар бу борада дунё тарихида мисли кўрилмаган олиймақом таълимотлар экани маълум ва машҳур. давоми...

2461 18:05 / 08.12.2019
Опасинглингизни узатганмисизБошқа хонадоннинг эшигини очиб ўтирибдимиВақт топиб, тезтез йўқлаб туринг. Нимадир олиб бориш эмас, асосийси, эътибор. Барибир, қуруқ давоми...

8919 11:37 / 16.01.2022
. ,.Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Бирортангизнинг ходими таомини олдига олиб келса, уни ҳам ўзи билан ўтирғизсин. давоми...

2041 11:00 / 30.11.2020