
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Қуръон ва Суннатга қайтмоқчимисиз? Қуръон ва Суннатдан истинбот қилишга қайтишнинг биринчи шарти – мутлақ мужтаҳид бўлиш! Бугунги кунда эса ўзининг усул китобига эга бўлиб, ундан қандай ҳукм олиш қоидаларини баён қилган бирорта одам йўқ! Демак, бугун мутлақ мужтаҳид йўқ!
Ижтиҳод неча хил бўлади? Бир хилми ёки бир неча хилми?
Ижтиҳод мавзусини янада кенгроқ тушунтириш учун энди мужтаҳидларнинг вазифалари ҳақида гаплашамиз. Натижада ижтиҳоднинг бир неча хил кўриниши борлигини кўрамиз. Мужтаҳидларнинг икки хил бўлиши тушунарли, бу борада муаммо йўқ. Лекин ўша мужтаҳид қиладиган иш, яъни ижтиҳоднинг бир неча хил бўлиши эса кўпгина замондош олимлар томонидан ўрганилмай қолган. Шунинг учун ижтиҳод деганда ҳамма биттагина нарсани – Қуръон ва Суннатдан ҳукмлар чиқаришни тушунади, шу билан ҳамма иш тўхтаб қолган. Шу боис ҳамма фақат «Мутлақ мужтаҳид ўзи бор нарсами, йўқми», «Мутлақ ижтиҳод тўхтаб қолганми, йўқми», «Бугунги кунда мутлақ мужтаҳид борми, йўқми» деган мавзуларда узундан-узун баҳс олиб боришади. Узоқ муддат мана шундай баҳслар билан, бирор фойда келмайдиган, ҳеч қандай натижаси йўқ тортишувлар билан овора бўлиб қолдик. Лекин қуйида айтиладиган сўзларга диққат қиладиган бўлсак, бу каби ҳолатлардан қутуламиз.
Ижтиҳоднинг, эътибор беринг, мужтаҳиднинг эмас, ижтиҳоднинг бир неча кўриниши бор:
1. Қуръон ва Суннатдан ҳукмлар чиқариш (истинбот).
2. Қоидалар асосида ҳукмлар чиқариш (тахриж). Мана шу иккиси қисқача «Қуръон ва Суннатдан ҳукм чиқариш, тахриж қилиш» дейилади.
3. Имомларнинг сўзларини таржиҳ қилиш, яъни бирининг сўзини бошқасиникидан устун кўриш.
4. Таржиҳ қилмай туриб, рожиҳ, яъни устун фикрни ажрата олиш. Бунинг учун, яъни рожиҳ фикрни аниқлаш учун сиз ижтиҳод қилишга қодир бўлишингиз, уни ажрата олишингиз керак бўлади. Бу нарса «тамйиз (яъни ажрата олиш) ижтиҳоди» деб ҳам аталади.
5. Тақрир ижтиҳоди. Бу – ўзингиз ёки жамиятингиз учун бир ҳукмни татбиқ қилишга лаёқатли бўлишдир.
Бу айтиб ўтганларимиз ақлий тасаввурга мос таърифлар эди. Уларни одатий кўринишда санайдиган бўлсак, қуйидагича бўлади.
Демак, ижтиҳод Қуръон ва Суннатда қандай ижтиҳод қилиш, қоидалар асосида қандай ҳукмлар чиқариш, имомларнинг сўзларини қандай таржиҳ қилиш, ҳукмларни қандай ажратиб олиш ёки ҳукмни қандай татбиқ қилиш каби масалаларни ўз ичига оларкан.
Демак, ижтиҳоднинг ёки мужтаҳидларнинг вазифаси беш хил экан – истинбот, тахриж, таржиҳ, тамйиз ва тақрир. Бундан бошқа ҳолат бўлиши мумкин эмас.
Аввало баъзи нарсаларни аниқ тушуниб олишимиз керак, чунки орамизда турли тушунчалар пайдо бўлиб, шаклланиб қолган, узоқ вақтдан бери асосан назарий тушунчалар юзасидан баҳслар олиб борилган. Шунинг учун амалий татбиқ нуқтаи назаридан гаплашсак, тўғрироқ бўлади. Шунда умматнинг амали ҳақида кўплаб фойдаларга эга бўламиз, Исломни ҳаётимизга татбиқ қилишга ҳаракат қиламиз.
Демак, биринчиси – истинбот экан. Яхшилаб билиб олинг, истинбот фуруъларда, яъни жузъий масалаларда бўлмайди. Истинбот қоидаларни барпо қилиш учун бўлади. Фаръий, яъни жузъий масала махсус бир оят ёки ҳадисдан олинмайди. Аввал шу масалага тегишли барча оятларни, барча ҳадисларни ва бу ҳақда етиб келган барча асарларни жамлаш керак бўлади. Уларнинг барчасига усулул-фиқҳ ёрдамида қарайдиган бўлсак (усулул-фиқҳ эса мутлақ мужтаҳидга тегишли бўлади), битта қоидани чиқара олишимиз мумкин. Бу қоида баъзан фаръий масала кўринишда бўлади. Лекин кўринишидан фаръий масалага ўхшаса ҳам, аслида қоида ҳисобланади. Шунинг учун ҳам биз ўрганадиган «Қудурий», «Виқоя», «Канзуд-дақоиқ» каби китобларни зоҳиран фаръий масала деб ўйласак ҳам, аслида улар қоида ҳисобланади. Бу матнларда ҳар бир фаръий масала бир қоидани ўз ичига олади.
Фақиҳларнинг тутган йўли Қуръони Каримнинг йўлига ўхшаб кетади. Қуръони Каримда қисса ва ибратлар келтирилган. Ушбу қисса ва ибратлардан хулоса қилиб, ҳаётимизга Исломни татбиқ қиламиз. Шундай экан, истинбот фаръий масалалар учун бўлмайди. Фаръий масала – жузъий масала дегани. Истинбот эса қоидалар барпо қилиш учун керак бўлади. Қуръон ва Суннатдан истинбот қилиш учун муайян бир мавзу бўйича барча далиллар жамланади. Айни пайтда, далилларни жамлашда бизга усулул-фиқҳ керак бўлади. Усулул-фиқҳ бўлмаса, Қуръонни, Суннатни ва асарларни қандай қилиб жамлаш мумкин?!
Яна такрорлаймиз: усулул-фиқҳ мутлақ мужтаҳидга тегишли бўлиши керак. Шундай экан, қандай қилиб Ибн Таймийяни мутлақ мужтаҳид дейишимиз мумкин? Ахир у кишининг усулул-фиқҳ борасида ёзган асари йўқ, у кишининг усул бўйича бирор асари борлигини ҳеч ким айтмаган. У кишининг усулул-фиқҳ ҳақида айтган гаплари эса ҳанбалий мазҳабига кўра бўлган, ўзларининг хос усуллари бўлмаган. Мутлақ мужтаҳидни ажратиб турувчи асосий белги эса унинг ўзи ишлаб чиққан усулул-фиқҳи бўлишидир. Ўша мутлақ мужтаҳид мана шу усул ёрдамида ҳарфдан, сўздан ва жумладан қандай ҳукм олиш кераклигини, далилларни қандай жамлаш кераклигини баён қила олиши керак. Демак, усул қоидасини мутлақ мужтаҳиддан келтириб, уни Қуръон ва Суннатда ишлатадиган бўлсам, Қуръон ва Суннатдан ана шу қоида билан ҳукм чиқара олган бўламан.
«Ҳанафий мазҳабига теран нигоҳ» китобидан
Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2024 йил 16 апрелдаги 03-07/2009-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.