1447 йил 14 жумадис сони | 2025 йил 05 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом

Имом Мотуридий давридаги ижтимоий, фикрий ва илмий-маърифий ҳолат

11:45 / 18 июнь 933 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Имом Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳининг аббосийлар даврида яшаганлар. Аббосийлар давридаги умумий ҳолат қуйидагилардан иборат:

Аббосийлар ҳижрий 132-656, милодий 749-1258 йиллар орасида беш юз йигирма тўрт йил давомида мусулмон оламига етакчилик қилдилар.

Аббосийларнинг етакчилик даври иккига бўлинади:

Биринчи аббосийлар давлати ҳижрий 132-247, милодий 749-861 йиллар орасида ҳукм сурган бўлиб, унда ўнта халифа ҳукмдорлик қилган ва бу давр қувват ҳамда эгалик даври бўлган.

Иккинчи аббосийлар давлати ҳижрий 247-656, милодий 861-1258 йиллар орасида ҳукм сурган, унда йигирма еттита халифа ҳукмдорлик қилган, бу даврда халифалар заифлашган ва таъсир кучларини йўқотган, аскарлар барча соҳаларни эгаллаб олишган.

Аббосийлар даврида тўғри йўлдан бурилиш ва пасайиш аввалгидан кўра кўпайди ва авж олди.

– Подшоҳлик тузуми яна ҳам авж олди. Умавийлар мулкни ўз қабиласидаги энг яхши одамга мерос қолдирган бўлсалар, аббосийлар ўз оиласидаги шахсга қолдирадиган бўлдилар. Ҳатто ўн-ўн икки ёшли болачаларга ҳам подшоҳлик мерос қоладиган бўлди. Бу ўз навбатида мусулмон оламига катта салбий таъсир кўрсатди.

– Умавийлар бошлаган сиёсий мухолифларга қўполлик қилиш аббосийлар даврида авж олиб, жирканч қатлиомларгача етди.

– Давлат мулкини беҳуда ва ўз фойдасига сарфлаш иши аббосийлар даврида ниҳоятда авж олиб кетди.

– Мусулмон уммати аста-секин ҳокимларнинг фаолиятини текшириб бориши аббосийлар даврида бутунлай йўқолди.

– Аббосийлар даврида илмий ҳаракат кенгайиши давомида қадимги юнон, лотин ва бошқа тиллардан китобларни таржима қилиш авж олди. Мазкур таржима қилинган нарсалар ичида фойдалиси ҳам, зарарлиси ҳам бор эди. Улардан зарарлисининг касофати туфайли мусулмон оламида қарматийлар, мўътазилийлар, муржиъалар, қадария, жабрия каби ботил мазҳаблар тарқалиб кетди. Бузуқ мазҳаблардан саломат қолганлар ҳам Қуръони Карим ва суннат асосида эмас, кўпроқ фалсафа асосида баҳс ва тортишув олиб борадиган бўлдилар. Бу ўз навбатида мусулмонлар оммасига ҳам жуда катта салбий таъсир кўрсатди.

– Мазкур ақийдаси бузилган тоифалардан занжийлар, қарматийлар, ҳашшошийлар, убайдийлар ва ботинийлар очиқ-ойдин қаршилик кўрсатишга ўтдилар.

– Маишатбозлик, молу дунёга ружу қўйиш ва бекорчи дабдабалар кўпайди.

– Жория тутиш, хусусан, қўшиқчи ва раққоса жориялар тутиш пайдо бўлди ва авж олди.

– Тасаввуф номидан иш кўрадиган таркидунёчилар, қалбаки зоҳидлар ва уларга ўхшаш бошқа тоифалар кўпайди.

– Турли давлатлар марказий давлатдан ажраб чиқиб, мусулмонларнинг бирлиги йўқолди.

– Илмсизлик ва бидъат-хурофотлар тарқалди.

Маълумки, ҳар бир асрдаги ижтимоий ҳолат ўша асрда яшаган жамоаларга ҳам, якка шахсларга ҳам ўз таъсирини албатта ўтказади. Мазкур ҳолатларнинг таъсирига энг кўп учрайдиганлар уламолар тоифаси бўлади. Чунки айнан уламолар халқ оммасининг орасида бўладилар, уларнинг ҳаётларига яқин бўладилар ҳамда улар дуч келган муаммоларни ҳал қилишда асосий куч ҳисобланадилар.

Имом Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳи даврида аббосийлар ҳукми остида яшаган халқлар араблар, форслар, турклар, яҳудийлар, насоролар, қуллардан иборат эди. Имом Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳи туғилиб ўсган, фаолият олиб борган юрт – Мовароуннаҳр айни юқорида зикр қилинган тоифадаги халқларни ўз ичига олган бўлиб, улардан турк ва форс қавмлари кўпроқ, араблар озроқни ташкил этарди.

Ўша даврда бугунги кунда миллатчилик деб аталаётган салбий ҳолат ҳам пайдо бўлди. Араблар ўз ирқига, форслар ўз ирқига, туркий халқлар ўз ирқига мутаассиблик қилишга ўтдилар.

Имом Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳи яшаган даврда зиндиқлик пайдо бўлди ва тарқалди. Зиндиқлик деганда дастлаб сиртдан мусулмон бўлиб кўринса ҳам, ичда монавийлик, зардўштийлик ва маздакийлик ақийдаларига ишонадиган одамлар кўзда тутилган. Улар шу йўл билан Исломга ва мусулмонларга зарар етказишга ҳаракат қилганлар.  Аббосийлар зиндиқлик ҳаракатига қарши атрофлича кураш олиб бордилар. Уларни маҳкамаларга тортиб, жазоладилар. У киши уламоларни зиндиқлик фикрига қарши китоблар ёзишга, улар билан мунозаралар олиб боришга, раддиялар беришга чақирдилар.

«Ҳидоят имоми» китоби

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитасининг 2023 йил 11 декабрдаги 03-07/9264-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

 

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бу дунёда ҳаёт кечирар эканмиз, ўзимиз учун энг суюкли инсонларни намунаибрат қилиб оламиз ва уларга ўхшашга ҳаракат қиламиз. Аммо шуни таъкидлаш лозимки, биз давоми...

11253 16:44 / 30.09.2017
Агар Унинг ҳузуридаги қадрингни билмоқчи бўлсанг, сенга нима қилдириб қўйганига боқ. Ибн Атоуллоҳ .Ҳикматлари,дан Чунки манзилмартабалар меҳмоннинг даражасига давоми...

1839 14:00 / 06.02.2023
Фиқҳ илмининг асоси бўлмиш .Усулул фиқҳ, муҳим илмлардан биридир. Фуқаҳолар мужтаҳидларнинг шариат аҳкомларини қай тариқа истинбот этганларини мазкур илм орқали давоми...

912 10:18 / 02 сентябрь
Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг шогирди Қози Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳ айтади .Отам вафот этганида мен ёш бола эдим. Онам мени газлама оқловчига олиб бориб давоми...

1876 09:00 / 27.12.2022
Аудиолар

210828 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130091 14:35 / 11.08.2021