
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Шариат ҳукми бўйича, йўқолган нарсани топиб олган киши уни омонат шаклида олиб туриб, топиб олганини эълон қилади. Эгаси чиқса, қайтариб беради. Агар топиб олинган нарсанинг эгаси чиқмаса, эгаси чиққанида тўлаш шарти билан топиб олган киши унга молик бўлади.
عَنْ زَيْدِ بْنِ خَالِدٍ الْجُهَنِيِّ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَنْ آوَى ضَالَّةً فَهُوَ ضَالٌّ مَا لَمْ يُعَرِّفْهَا. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَأَحْمَدُ.
Зайд ибн Холид ал-Жуҳаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким йўқолган нарсани танитмай, ўзиники қилиб олса, залолатга кетувчидир», дедилар».
Муслим ва Аҳмад ривоят қилганлар.
Йўқолган нарсани танитиш топиб олинган жойда ва унга яқин одамлар кўп бўладиган жойларда, топиб олган киши ёки унинг вакилининг «Ким фалон нарсани йўқотган бўлса, фалон жойга, пистончига учрасин», деб эълон қилиши билан бўлади. Нарсаси йўқолганини даъво қилиб келган киши эса унинг сифатларини ва бошқа аломатларини айтиб, ўзиники эканлигини исбот қилиши шарт.
Масжид ичида йўқолган нарса ҳақида эълон қилиш жоиз эмаслигини кўпчилигимиз биламиз.
وَعَنْهُ قَالَ: جَاءَ رَجُلٌ إِلَى رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَسَأَلَهُ عَنِ اللُّقَطَةِ، فَقَالَ: اعْرِفْ عِفَاصَهَا وَوِكَاءَهَا، ثُمَّ عَرِّفْهَا سَنَةً، فَإِنْ جَاءَ صَاحِبُهَا وَإِلَّا فَشَأْنَكَ بِهَا، قَالَ: فَضَالَّةُ الْغَنَمِ؟ قَالَ: هِيَ لَكَ أَوْ لِأَخِيكَ أَوْ لِلذِّئْبِ، قَالَ: فَضَالَّةُ الْإِبِلِ؟ قَالَ: مَا لَكَ وَلَهَا! مَعَهَا سِقَاؤُهَا وَحِذَاؤُهَا تَرِدُ الْمَاءَ وَتَأْكُلُ الشَّجَرَ حَتَّى يَلْقَاهَا رَبُّهَا. رَوَاهُ الشَّيْخَانِ وَالتِّرْمِذِيُّ.
Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, топилма ҳақида сўради. Бас, у зот:
«Идишини ва боғичини танит. Уни бир йил танит, агар эгаси келса, келди, бўлмаса, у сеники», дедилар.
«Йўқолган қўй-чи?» деди у.
«У сенга ёки биродарингга ёки бўрига», дедилар.
«Йўқолган туя-чи?» деди у.
«У билан сенинг нима ишинг бор? Унинг ичгани суви бор. (Юргани) оёғи бор. Сувга бориб, дарахтлардан еб, эгасига учрагунча юраверади», дедилар».
Икки Шайх ва Термизий ривоят қилганлар.
Одатда, топиб олинадиган нарса ҳамёндаги пул ёки шунга ўхшаш нарса бўлган. Шунинг учун ҳам топиб олинган нарса ҳақида эълон қилишда унинг идиши ва боғичи ҳақида гап айтиш тавсия қилинмоқда. Яъни, «Фалон сифатли, пистон боғичли ҳамён топиб олинди. Эгаси фалончига учрасин», дейилади. Қолган белгиларини даъвогар айтиб, ўзиники эканлигини исбот қилиши керак.
Ана шундай нарсаларни топиб олган одам бир йилгача омонат шаклида ушлаб туради. Бир йилгача эгаси чиқса, олади. Агар бир йил ичида эгаси чиқмаса, мабобо эгаси чиқиб қолса, тўлаб бериш шарти билан у нарса топиб олган кишининг мулкига айланади.
Гоҳида йўқолган нарса жонли ҳайвон бўлиши ҳам мумкин. Бу ҳолатда унинг ҳукми ўша ҳайвоннинг қандай ҳайвон эканлигига қараб, турлича бўлади.
Мисол учун, йўқолган ҳайвон қўй бўлиши мумкин. Бу ҳақда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўровчи киши ҳам сўради. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам йўқолган қўй ёки топиб олган кишига ёки унинг эгасига ёки бўрига қолиши мумкинлигини айтдилар. Демак, қўй ўзини ўзи эплай олмайдиган бўлганлиги, бўрига ем бўлиб кетиш ёки шунга ўхшаш ҳолатга тушиш эҳтимоли кучли бўлганлиги учун уни топган одам дарҳол омонат шаклида сақлаб қўйиши, танитиши керак. Агар эгаси чиқса, беради, чиқмаса, ўзига қолади. Лекин бўрига ем бўлмаслиги керак. Акс ҳолда тайёр мол зое кетган бўлади. Қўй, эчки ва бошқа шунга ўхшаш ўзини ҳимоя қила олмайдиган ожиз ҳайвонлар ушбу ҳукм тахтига дохил бўлади.
Энди йўқолган ҳайвон туя бўлса-чи? Унга тегилмайди. У ўзини ўзи эплайди. Емини топиб ейди, сувини топиб ичади. Шунга ўхшаш ўзини ўзи эплайдиган, хавф-хатардан қочиб ёки учиб, қутулиб кетадиган қуён ёки кабутар каби жониворларга ҳам тегилмайди. Эгаси топиб, ўзи олмагунича, юраверадилар.
وَسُئِلَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ عَنِ اللُّقَطَةِ الذَّهَبِ أَوِ الْوَرِقِ، فَقَالَ: اعْرِفْ وِكَائَهَا وَعِفَاصَهَا، ثُمَّ عَرِّفْهَا سَنَةً، فَإِنْ لَمْ تَعْرِفْ صَاحِبَهَا فَاسْتَنْفِقْهَا، وَلْتَكُنْ وَدِيعَةً عِنْدَكَ، فَإِنْ جَاءَ طَالِبُهَا يَوْمًا مِنَ الدَّهْرِ فَأَدِّهَا إِلَيْهِ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ.
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан топиб олинган тилла ёки кумуш ҳақида сўралди. У зот:
«Унинг идиши ва боғичини танит. Сўнгра бир йил кут. Агар эгасини топмасанг, уни ишлатиб юборавер. Бас, у сенинг ҳузурингда омонатга қўйилган нарсадек бўлиб қолсин. Агар қачон бўлса ҳам, бир кун талабгори келса, уни унга адо эт», дедилар».
Муслим ривоят қилган.
Шарҳ: Демак, йўқолган нарса эгасини кутиш учун тайин қилинган вақтдан кейин ҳам топиб олувчи кишининг мулкига айланиб қолмас экан. Қачон эгаси талаб қилиб келса, унга тўлаб бериш лозим бўлар экан.
وَقَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: مَنِ الْتَقَطَ لُقَطَةً يَسِيرَةً حَبْلًا أَوْ دِرْهَمًا أَوْ شِبْهَ ذَلِكَ فَلْيُعَرِّفْهَا ثَلَاثَةَ أَيَّامٍ، فَإِنْ كَانَ فَوْقَ ذَلِكَ فَلْيُعَرِّفْهُ سِتَّةَ أَيَّامٍ، فَإِنْ جَاءَ صَاحِبُهَا وَإِلَّا فَلْيَتَصَدَّقْ بِهَا. رَوَاهُ أَحْمَدُ وَالطَّبَرَانِيُّ وَالْبَيْهَقٍيُّ.
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким кичикроқ нарса – арқон, дирҳам ёки шунга ўхшаш нарса топиб олса, уни уч кунгача танитсин, агар ундан ортиқроқ нарса бўлса, олти кун танитсин. Эгаси келса, келди, келмаса, садақа қилиб юборсин», дедилар».
Аҳмад, Табароний ва Байҳақий ривоят қилганлар.
Ушбу ҳадисга биноан, баъзи уламолар «Топиб олинган нарсанинг ҳажмига ва қийматига қараб, унинг эгасини кутиш қисқа ёки узоқ бўлади. Энг оз кутиш уч кун, энг узоғи бир йилдир», деганлар.
عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: لَا يَحْلُبَنَّ أَحَدٌ مَاشِيَةَ أَحَدٍ إِلَّا بِإِذْنِهِ، أَيُحِبُّ أَحَدُكُمْ أَنْ تُؤْتَى مَشْرُبَتُهُ فَتُكْسَرَ فَيُنْتَقَلَ طَعَامُهُ، إِنَّمَا تَخْزُنُ لَهُمْ ضُرُوعُ مَوَاشِيهِمْ أَطْعِمَتَهِمْ، فَلَا يَحْلُبَنَّ أَحَدٌ مَاشِيَةَ أَحَدٍ إِلَّا بِإِذْنِهِ. رَوَاهُ الشَّيْخَانِ وَالتِّرْمِذِيُّ. وَلَفْظُهُ: إِذَا أَتَى أَحَدُكُمْ عَلَى مَاشِيَةٍ فَإِنْ كَانَ فِيهَا صَاحِبُهَا فَلْيَسْتَأْذِنْهُ، فَإِنْ أَذِنَ لَهُ فَلْيَحْتَلِبْ وَلْيَشْرَبْ وَلَا يَحْمِلْ، وَإِنْ لَمْ يَكُنْ فِيهَا أَحَدٌ فَلْيُصَوِّتْ ثَلَاثًا، فَإِنْ أَجَابَهُ أَحَدٌ فَلْيَسْتَأْذِنْهُ وَإِلَّا فَلْيَحْتَلِبْ فَلْيَشْرَبْ وَلَا يَحْمِلْ.
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ҳеч ким бировнинг ҳайвонини унинг изнисиз соғмасин. Сиздан бирортангиз ўзининг омборига келиб, идиши синдирилиб, озуқаси зое бўлишини хоҳлармиди? Албатта, ҳайвонларнинг елинларида уларнинг (эгаларининг) озуқалари сақланур. Ҳеч ким бировнинг ҳайвонини (эгасининг) изнисиз соғмасин», дедилар».
Икки Шайх ва Теримизий ривоят қилганлар.
Термизийнинг лафзида:
«Сиздан бир киши бир ҳайвон(нинг олди)га келса, уни соғиб олмасин. Агар унинг эгаси бўлса, ундан изн сўрасин. У изн берса, соғиб ичсин, лекин кўтариб олиб кетмасин. Лекин у ерда биров бўлмаса, уч марта овоз берсин. Унга биров жавоб берса, ундан изн сўрасин, бўлмаса, соғиб ичсин. Лекин кўтариб олиб кетмасин», дейилган.
Демак, соғин ҳайвонларнинг елинидаги сут ҳам ҳайвон эгасининг мулки ҳисобланади. Эгасининг розилигисиз у сутдан фойдаланиш ҳаром ҳисобланади. Ҳадиси шарифда сутли елин худди озуқа сақланадиган идишга, елиндаги сутни изнсиз соғиб олиш озуқа солинган идишни синдириб, ичидаги озуқани олиб кетишга ўхшатилмоқда.
Бир киши муҳтож бўлиб қолиб, сутли ҳайвон бор жойга борса, ҳайвоннинг эгасининг изнисиз, ўзича сутни соғиб олиши мумкин эмас. Албатта, эгасидан изн сўраши керак. Изн берса, соғиб ичсин. Бўлмаса, қайтиб кетсин. Шу билан бирга, изн бўлганда ҳам, фақат ўша ернинг ўзида хоҳлаганича ичсин, идишда олиб кетмасин. Чунки бу унинг ҳожатидан ташқари бўлади.
Агар сутли ҳайвон эгаси кўринмаса, уч марта овоз чиқариб, чақириши керак. Жавоб берса, ундан изн сўралади. Жавоб бермаса, музтар бўлганлик сабабидан соғиб ичиш мумкин, лекин сутни олиб кетиши мумкин эмас.
«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 21-жузидан олинди
Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 14 сентябрдаги 0307/7030-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.