
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ривоятларда келишича, Кўфада Алий ибн Абу Толиб ва Ибн Масъуд розияллоҳу анҳумо билан бирга Бадрда қатнашган 70 та саҳобий яшаган, улардан ташқари яна 1500 та саҳоба Кўфада истиқомат қилган. Биз бу ҳақда узоқ гапирмоқчи эмасмиз.
Хўш, саҳобалар даврида Кўфада Ислом комил ва мукаммал бўлган, деб айта оламиз эканми ёки йўқми? Алий розияллоҳу анҳу Исломни мукаммал билмасалар, унда ким билади? Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Исломни мукаммал билмасалар, унда ким билади? Улардан ташқари яна 70 та Бадрда қатнашган саҳоба ва улардан бошқа 1500 та саҳоба яшаганлар! Бу ададни имом Ижлий зикр қилганлар. Шундай экан, қалбимизда тўлиқ қаноат ҳосил бўлсинки, саҳобаларнинг асрида Ислом Кўфада мукаммал бўлган, Исломнинг оятлари, ҳадислари, саҳобаларнинг сўзлари ва амаллари Кўфада тўлиқ ҳаётга татбиқ қилинган. Тўғрими? Бу биринчи табақа эди.
Демак, Кўфада саҳобалардан жуда кўп амалий татбиқлар нақл қилиниб, амалга киритилган. Тобеъинларнинг табақаси ҳам худди юқоридагининг айни ўзи. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: «Мен нимани билган бўлсам, Алқама ҳам билар эди», деганлар. Ҳа, Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ўзлари билган ҳамма нарсани Алқамага ва бошқа шогирдларига ўргатган эдилар. Қисқача қилиб айтадиган бўлсак, бизнинг Масруқ, Шаъбий, Алқама ва Иброҳим Нахаъий каби катта тобеъинлардан иборат табақамиз бор. Ана шундай улуғ зотлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан нақл қилишган.
Тобеъинларнинг табақасидан кейин келган табақа эса динимиз имомларининг табақаси – Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳнинг табақаларидир. Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ Иброҳим Нахаъий роҳимаҳуллоҳ билан кўришганлар. Абу Ҳанифанинг ўзлари ҳам тобеъинлардан ҳисобланадилар, чунки у киши жуда кўп катта тобеъинлар билан учрашиб, улардан дарс олишга ҳам муяссар бўлганлар. Илм ўрганишда у зотнинг икки ёки уч табақалари бўлган. Шунингдек, Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳнинг шайхларидан олган табақалари ҳам бор. У зотнинг энг таниқли устозларидан бири имом Ҳаммоддир. Имом Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ: «Ҳеч кимнинг ҳузурида устозим Ҳаммодчалик кўп бўлмаганман», деганлар.
Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳнинг катта тобеъинлар ва ўртадаги тобеъинлардан олган табақалари ҳам бор. Ушбу тобеъинлар илмни Ислом илмларини тарқатган саҳобалардан олишган, саҳобалар эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан олишган.
Шу боис биз Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳга боғлансак, бирор ҳадис ёки амал борасида «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан мана шундай ривоят қилинган» ёки «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганлари ёки қилганларини биламан», деган табақавий боғлиқлигимиз бўлади. Бу йўналиш «Фалончи Фалончидан, у эса Фалончидан ривоят қилган» деган услубда эмас, балки табақама-табақа етиб келган ривоятдир.
Демак, Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ ўз мазҳабларини ҳадис нақл қилиш устига эмас, балки мадрасавий нақл устига қурганлар. Мадрасавий нақл эса табақама-табақа етиб келган ривоятлардан иборатдир. Бу имом Молик роҳимаҳуллоҳнинг тутган услуб ва йўналишнинг айни ўзидир. Имом Молик роҳимаҳуллоҳ: «Амал ҳадисдан кўра собитроқ», деганлар. «Амал ҳадисдан кўра собитроқ» нима дегани? Мадина аҳлининг «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай қилганлар, бундай деганлар» деб, табақама-табақа нақл қилиши ровийларнинг бир-биридан «Менга бундай ҳадис айтиб бердилар» ёки «Менга бундай дедилар», деб ҳадис ривоят қилишидан кўра собитроқ бўлади, чунки табақама-табақа нақл қилганлар фиқҳ ва ҳадис уламолари бўлиб, улар икки йўлни ҳам эгаллаган зотлардир, улар ушбу амал ва сўзларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбат беришда иттифоқ бўлишган.
Шайх Робиъа ар-Роийнинг машҳур иборалари бор: «Минг кишининг минг кишидан ривоят қилгани бир кишининг бир кишидан ривоят қилганидан яхшидир». Бу ибора бизга Мадина аҳлининг ижмоъси қандайлигини изоҳлаб беради. Имом Молик авом халқнинг сўзларига эмас, Мадина аҳлининг ижмоъсига, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан табақама-табақа нақл қилиб келинган ижмоъга таянганлар.
Зайд ибн Собит, Оиша онамиз ва Ибн Умар розияллоҳу анҳум каби олим зотлар Мадинада истиқомат қилишган. Сўнг машҳур етти нафар фақиҳ бу зотлардан илм олишган, сўнг улардан Абдуллоҳ ибн Ҳурмуз ва Робиъа ар-Роийлар илм олишган, улардан эса имом Молик илм олганлар. Мана шундай табақама-табақа нақл бор бўлгани учун ҳам имом Молик мадрасавий нақлга таянганлар. Имом Моликнинг «Муватто» китоби имом Бухорий ва имом Муслимнинг китоблари чиқишидан олдин Аллоҳ таолонинг Китобидан кейинги энг ишончли китоб деб эътироф қилинган. Имом Бухорий ва имом Муслим машҳур ва маълум муҳаддислар бўлишса ҳам, «Муватто» китоби улар тўплаган китобнинг қалби ҳисобланади, чунки имом Молик Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб боришда муҳаддислар ва мадрасавий нақл йўлидан, яъни Мадина аҳлининг ижмоъси йўлидан борганлар. Бу эса мустаҳкам йўлдир. Демак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан собит бўлган нарсани аниқлашда Абу Ҳанифа ва имом Молик роҳимаҳуллоҳнинг таянган ва тутган хос йўллари бўлган. Биз буни мадрасавий нақлдан етиб келган табақама-табақа йўл деб номлаймиз.
Мана шу ҳақиқатлар қалбимиздан ўрин олса, ҳеч биримизга «Бу масалада Абу Ҳанифага ҳадис етиб келмаган» деган хаёл ёки гумон келмайди. Ана шунда Ислом бу зотга ўзининг татбиқотлари билан авлодма-авлод етиб келганига ишонч ҳосил қиламиз.
Ана шунда ҳанафий мазҳабидаги бирор масалага дуч келсангиз ҳам, «Бу борада қандай ҳадис келган, ҳадис борми?» каби саволларга эҳтиёж қолмайди, чунки бу мадрасавий нақлдир.
«Қироат турларида ҳар бир ҳарф учун санад борми?» деб санад излаймизми? Йўқ, биз унинг санадини изламаймиз, чунки бу ҳам мадрасавий нақлдир. Бу ерда ҳам мадрасавий нақл бор, у ерда ҳам.
Ҳанафий ва моликий мазҳабларида айтилаётган масалаларда катта ўхшашлик борлигини кўрамиз, чунки уларнинг ҳар бири мадрасавий нақлга таянишган.
Мана шу тушунчалар қалбимиздан чуқур ўрин олса, шу кундан бошлаб ҳар бир масала учун жузъий далил сўраб-суриштиришга ҳожат қолмайди, чунки Абу Ҳанифа бу масалада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мадрасавий нақл йўли орқали, авлодма-авлод етиб келган амаллари борлигини ёки саҳобаларнинг амаллари, ёки айтган гаплари борлигини билган, деб кифояланамиз. Натижада бизда бу борада ишонч ҳосил бўлади.
Бу мавзу бизнинг қалбимиздан ўрин олса, ҳар хил саволлардан беҳожат бўлиб, ишонч ҳосил қилган бўламиз ва талабаларни ҳам сунний мазҳаблар борасида иккилантириб қўймаймиз. Аксинча, уларнинг ишончини мустаҳкамлаймиз, мазҳабларни маҳкам ушлаш кераклигини бот-бот такрорлаймиз.
«Ҳанафий мазҳабига теран нигоҳ» китобидан
Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2024 йил 16 апрелдаги 03-07/2009-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.