1447 йил 14 жумадис сони | 2025 йил 05 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Икки тоифа орасидаги фарқ

16:03 / 23 май 1393 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«У Зотни далил қилган билан У Зотга далил қилганнинг орасида фарқ қанчалар катта! У Зотни далил қилувчи ҳақни унинг аҳлидан танигандир ва ишнинг асли мавжудлигини исбот қилгандир. У Зотга далил қилиш эса Унга етиша олмасликдандир. Бўлмаса, У Зот қачон ғойиб бўлибдики, Унга далил келтирилса?! Қачон узоқ бўлибдики, У Зотга етиштирадиган нарса ўша асарлар бўлса?!»

Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳ

Ушбу ҳикматда Аллоҳ таолони таниш борасидаги икки усул орасидаги фарқ ҳақида сўз бормоқда.

Биринчи усул – аввал Аллоҳ таолони таниб, ўша ўзи таниган Зотга дунёдаги нарсаларни далил қилади. «Аллоҳ таоло Холиқ сифати ила ушбу мавжудотларни яратган», дейди.

Бу тоифадаги одамлар «У Зотни далил қилганлар» дейилади. Яъни Аллоҳ таолони яхшилаб таниб олиб, кейин У Зотни далил қилиб, дунёдаги мавжудотларни ўша Зот яратганини айтишади.

Иккинчи усул – аввал махлуқотларни таниб, уларни далил қилиб, Аллоҳ таолони танийди. Дунёдаги мавжудотларни ва улардаги ажойиботларни кўриб, билиб қойил қолади ва «Булар ўз-ўзидан пайдо бўлмаган ёки бири иккинчисини пайдо қилмаган, буларнинг яратувчиси бўлиши керак», дея Аллоҳ таолони танийди.

Ушбу иккинчи тоифадаги одамларни «У Зотга далил қилган»лар дейилади. Улар Аллоҳ таолони танишлари учун У Зот яратган нарсаларни далил қилишган. Дунёдаги мавжудотларга назар солиб, уларни ўрганиб, буларни Аллоҳ таоло яратган, деган хулосага келадилар, иймон келтирадилар. Шундай экан;

«У Зотни далил қилган билан У Зотга далил қилганнинг орасида фарқ қанчалар катта!»

Мусулмон умматининг ўтган авлодлари ичида аввал бевосита Аллоҳ таолони яхши таниб олиб, кейин дунёга назар солганлар кўп бўлган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаи киромларни Аллоҳ таолога иймон келтиришга чақирганларида иймон келтирган зотлар ўшаларнинг биринчи авлодларидир. Улардан кейинги мусулмон авлодлари ичида ҳам бу кабилар жуда кўп бўлган. Сўнгра улар борлиққа Бор қилувчининг нури билан назар солганлар.

Кейинчалик борлиқдаги нарсаларга назар солиб, улар ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолмаганига ва бирлари иккинчиларини пайдо қила олмаслигига тўла ишониб, буларнинг яратувчиси бўлиши керак, деб иймон келтирганлар. Улар борлиқнинг нури билан Бор қилувчини кўрганлар.

Албатта, ушбу икки тоифа орасидаги фарқ жуда ҳам катта бўлади. Чунки «У Зотни далил қилувчи ҳақни унинг аҳлидан танигандир ва ишнинг асли мавжудлигини исбот қилгандир».

Аллоҳ таолони далил қилувчилар аввал Яратувчига назар солиш кераклиги ҳақиқатини яхши билганлардир ва ишни – борлиқнинг мавжудлигини ҳамда унда жорий бўлаётган нарсаларнинг асли – махлуқотларни Ҳақ таоло Ўз карами ва фазли ила яратгани асосида исбот қилганлардир.

«У Зотга далил қилиш эса Унга етиша олмасликдандир».

Аллоҳ таолонинг борлигига борлиқдаги нарсаларни далил қилиш эса У Зотга қалб кўзи ила етиша олмаётганларнинг ишидир. Чунки фақатгина ғойиб ва махфий нарсаларни исбот қилиш учунгина далил келтирилади. Агар улар У Зотга етишган бўлганларида бу ишни қилмас эдилар.

«Бўлмаса, У Зот қачон ғойиб бўлибдики, Унга далил келтирилса?!»

Демак, Аллоҳ таолонинг борлигига ва баркамол сифатларига У Зотнинг яратган махлуқотларини далил қилгандан кейингина ишонадиганларга Аллоҳ таоло ғойиб бўлиб туюлгани учунгина мазкур далил келтирилади. Бу улардаги нуқсоннинг аломатидир.

«Қачон узоқ бўлибдики, У Зотга етиштирадиган нарса ўша асарлар бўлса?!»

Аллоҳ таоло қачон узоқ бўлибдики, У Зотга қурбат ҳосил қилишга У Зотнинг таъсир кучи билан пайдо бўлган асарлар – махлуқотлар сабаб бўлсалар?!

– Албатта, биринчи тоифага мансуб зотлар – Аллоҳ таолони бевосита таниб, У Зотни барча мавжудотни яратганига далил қилувчилар юқори даражадаги иймон соҳибларидир. Улар кўзлари билан кўриб турган нарсалар – мавжудотларни ҳис этиш билан чегараланиб, уларнинг қамоғига тушиб қолмаган аҳрорлардир. Уларнинг наздида борлиқдаги сояларнинг заррача вазни йўқдир. Шунинг учун улар аввал Ҳақ таолонинг вужудини қалб кўзлари билан кўрганлар. Сўнгра У Зотни далил қилиб, бошқа мавжудотларни кўрганлар. Яъни ўзлари ўта ишонч билан таниган Зот барча мавжудотларни вужудга келтирганини билганлар.

– Иккинчи тоифага мансуб зотлар эса аввал мавжудотларни кўрганлар. Уларни тааммул қилганлар. Хусусиятларини ўрганганлар. Уларнинг қаердан пайдо бўлгани ҳақида саволлар берганлар. Турли фаразларни келтирганлар. Бу борада адашганлар, хатолар қилганлар.

Улар осмонга ва ундаги мавжудотларга фикр ила назар солганлар ва ундаги ажойиботларни, аниқликни кўриб, Аллоҳнинг қудратига қойил қолмай илож йўқлигини англаб етганлар.

Улар ернинг тўшаб қўйилганига, унинг яшаш учун осонлаштирилганига назар солганлар. Ҳақиқатан ҳам ернинг ҳаёт учун мосланганини ўрганиб, қудратли ва тадбиркор Аллоҳга иймон келтирмасликнинг иложи йўқлигини англаб етганлар. Шу билан бирга, бу мослаш жуда ҳам нозик, озгина ўзгарса, ҳаёт кечириш қийинлашиб қолиши ҳам мумкинлигини, буларнинг бари Аллоҳ таолонинг чексиз қудратига далиллигини билганлар.

Ақлини ишлатган, борлиққа ибрат кўзи билан боққан киши ундаги ажойиботларни англаб етган, ақли унга мавжудотларнинг Яратувчиси борлигини билдирган ва ўша инсон мўмин бўлиб, Аллоҳ таолога иймон келтирган.

Ушбу иккинчи тоифага мансуб бўлган зотлар ҳам яхшилик, бахт ва саодатга эришганлардир. Улар фикрлаш, тааммул қилиш, изланиш орқасидан бўлса ҳам Аллоҳ таолонинг лутфи-карами ила биринчи тоифа етган ҳақиқатга эришиш бахтига муяссар бўлганлар.

Аммо барча мусибат, бахтиқаролик биринчи йўлдан ҳам, иккинчи йўлдан ҳам маҳрум бўлиб, ўзларини яратган Зотни танимай юрганлар тоифасигадир. Улар Аллоҳ таолони танимаганлар ва назар солиб, тафаккур қилиб ҳам кўрмаганлар. Улар ўзларига, атрофларига соф инсоний назар солсалар, кифоя эди.

Ҳа, ушбу тоифа, яъни биринчи йўлдан ҳам, иккинчи йўлдан ҳам маҳрум бўлиб, ўзларини яратган Зотни танимай юрганлар ҳеч бўлмаса устиларида турган осмонга ибрат назари билан боққанларида, ҳақиқатни англаб етар эдилар.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

«У етти осмонни табақама-табақа яратган Зотдир. Роҳманнинг яратганида ҳеч тафовут кўрмассан. Қайта назар сол! Бирор камчилик кўряпсанми?» (Мулк сураси, 3-оят).

Аллоҳ таоло зикр қилган етти осмоннинг ҳақиқатини бу ёлғончи дунё илми ҳалигача кашф қилганича йўқ. Ушбу мўъжиза ўз навбатида, қудрати чексиз Аллоҳ таолога иймон келтиришга даъват этади. Бу ҳақиқатни тезда тушуниб етмоқ лозим.

Аллоҳ таоло яратган нарсаларда тафовут, камчилик йўқлиги тўғрисидаги ояти кариманинг ўзиёқ Аллоҳ таолонинг барча нарсага қодир эканининг далолатидир. Ҳамма соҳадаги олимлар – заррадан ҳам кичик нарсаларни ўрганганлари ҳам, чексиз осмон ва ундаги жисмларни ўрганадиганлари ҳам дунёдаги барча нарсалар кучли ва қудратли бир қонунга бўйсунишини, уларда ҳеч бир камчилик йўқлигини таъкидлашган. Назарда тутилган бу қонун қудратли Роҳман назоратидадир.

«Сўнг такрор-такрор назар сол, назар истаганини топа олмай, сенга ҳориб-чарчаган ҳолда қайтадир» (Мулк сураси, 4-оят).

Яъни «Қанча тикилиб қарасанг ҳам, бепоён осмоннинг тузилишидан заррача айб топа олмайсан. Айб топармиканман, деб қилган умидинг пучга чиқади. Назаринг ҳориб-чарчаб, ҳеч камчилик топа олмай, ўзингга қайтади».

Бу қуръоний тушунча бекаму кўст экани бугун қайта-қайта исботланмоқда. Электрон телескоплар ёрдамида нарсаларни 900 минг марта катталаштириб ва миллионлаб метр яқинлаштириб кузатаётган олимлар Аллоҳ таолонинг яратувчилик қудрати олдида тиз чўкиб, бош эгдилар. Кўплари иймонга келдилар ва келишмоқда. Ношукр бандалар эса ҳамон залолатда.

– Ҳа, биринчи йўлдан ҳам, иккинчи йўлдан ҳам маҳрум бўлиб, ўзларини яратган Зотни танимай юрганлар тоифасидагилар оёқ остиларида турган ерга ибрат назарини солганларида, ҳақиқатни англаб етар эдилар.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

«Ва ерда аниқ ишонувчилар учун оят(белги)лар бор» (Зориёт сураси, 20-оят).

Яъни ҳақиқий илмли, шак-шубҳасиз иймон келтирган шахслар учун Аллоҳнинг борлигига, ягоналигига ер юзида кўплаб далолатлар бор.

Қуръони Карим оятлари ҳар замон ва ҳар макон, ҳар қандай инсон ва жамият учун мосдир. Ушбу оятни ўқиган ёки эшитган қадимий кишилар ўзлари яшаб турган макон ва замон шароитларидан келиб чиқиб, Аллоҳнинг борлигига ва ягоналигига ерда кўплаб далилларни топганлар.

Худди шунингдек, вақт ўтиб, инсоннинг илми, тажрибаси ортиб бориб, маълумотлари ўсган сари, мазкур билим ва исботлар ҳам кўпая борган. Ҳозирга келиб, илм-фан ривожланган пайтда мазкур далиллар ҳам ниҳоятда кўпайди. Келажак авлодлар эса бундан ҳам кўп аломат, белги ва далилларни топишлари аниқ, иншааллоҳ.

Замонавий олимлардан бири: «Ким бу оламнинг гўзаллигини, улуғ Тадбиркор тарафидан яратилганини ҳис қилмоқчи бўлса, ўрмонлар ва далаларда бўлаётган ҳодисаларни ўрганмоғи лозим. Фақат шундагина, ўзи оддий, табиий нарса деб ўйлаб юрган нарсаларнинг илоҳий мўъжиза эканига, башарият хоҳишидан ташқари нарса эканига, бу нарсаларни англаб етиш учун ақли ожизлигига тан беради ҳамда Аллоҳга, Унинг чексиз қудратига иймон келтиришдан ўзга чораси қолмайди», – деган.

Бошқа бири эса: «Тупроқ ва набототларни қанча ўргансам, Аллоҳга бўлган иймоним шунча зиёда бўлади ва Уни улуғлаб, кўпроқ сажда қиламан», – деган экан.

Инсон ер ва унинг устидаги ҳар бир нарсага ибрат назари билан қараса, Аллоҳнинг борлигига, Унинг қудратига ва нақадар тадбиркорлигига сон-саноқсиз ҳужжат ва далиллар топади. Одатда, биз ҳеч эътибор бермай юрадиган энг оддий нарсани ҳам олиб қарасак ва ўзимизга, у қаердан келди, нима учун бундай шаклга эга, унинг қандай хусусиятлари бор, каби саволларни бериб кўрсак, албатта, Аллоҳ таолога иймонимиз зиёда бўлишидек улуғ натижага эришамиз.

– Ҳа, биринчи йўлдан ҳам, иккинчи йўлдан ҳам маҳрум бўлиб, ўзларини яратган Зотни танимай юрганлар тоифасидагилар ўзларига ибрат назарини солганларида, ҳақиқатни англаб етар эдилар.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

«Ва ўзларингизда ҳам бор. Кўрмаяпсизларми?!» (Зориёт сураси, 21-оят).

Инсон ер юзидаги энг улкан илоҳий мўъжиза ҳисобланади. Унинг ҳар бир аъзоси, бу аъзоларнинг вазифалари, ишлашини ўйлаб кўрган киши даҳшатга тушади. Лекин инсон ғофил, ўзининг қийматини ўзи билмайди. Ўзидаги сирлардан бехабар. Унинг жисми битмас-туганмас мўъжиза, жасади мўъжиза, руҳий ҳолати мўъжиза, ички ва ташқи оламлари ҳадсиз-ҳисобсиз мўъжизалардан иборат. Юраги ёки ўпкасининг ишлаши, кўзининг кўриши, қулоғининг эшитиши, димоғининг ҳид билиши, миясининг ўйлаши, руҳиятининг хурсанд ёки хафалик ҳолатлари – булар ҳаммаси эсли-ҳушли одамни ҳайратга солмасдан, Аллоҳнинг қудратига қойил қолдирмасдан иложи йўқ.

Шунинг учун ҳам араб шоирларидан бири: «Сен ўзингни кичик бир жисм деб ўйлайсан. Лек ўзингда катта оламнинг жамлигини билмайсан», – деган экан. Ҳар бир инсон ўзининг она қорнида пайдо бўлишидан бошлаб, то охирги нафаси чиққунга қадар кечган ҳаётини, унинг ҳар бир лаҳзасини инсоф билан ўйлаб кўрса, мўмин-мусулмон бўлишдан ўзга чораси қолмайди.

Катта давлатлар ҳисобсиз маблағлар ажратиб, турли соҳа уламоларини жалб этиб, илмий текширишлар ўтказиб, сон-саноқсиз китоблар чиқариб ҳам инсонни тўлиқ ўргана олмаганларини тан олдилар. Инсонга Аллоҳ берган тирноққа ўхшаш тирноқ яратишга имкон топмадилар.

Шундай хусусиятларга эга бўлган, турган-битгани мўъжизадан иборат инсонни яккаю ягона, қудратли Аллоҳ яратмаган бўлса, у қаердан пайдо бўлди? Ҳар ким ўзини ўйлаб-ўрганиб кўрса ҳам, иймони зиёда бўлаверади. Аллоҳ таоло юқоридаги ояти каримани шунинг учун нозил қилган.

– Ҳа, биринчи йўлдан ҳам, иккинчи йўлдан ҳам маҳрум бўлиб, ўзларини яратган Зотни танимай юрганлар тоифасидагилар исталган нарсага ибрат назарини солганларида, ҳақиқатни англаб етар эдилар. Аммо улар бу ишни қилмайдилар. Мавжудотга назар солсалар ҳам, уларни синчиклаб ўргансалар ҳам, ибрат назарини солмайдилар. Оқибатда залолатларида тентираб юраверадилар.

Ойнаи жаҳон орқали бериладиган илмий кўрсатувларни қизиқиб томоша қиладиган бир таниш киши ҳикоя қилади: «Бир куни коинот ҳақида кўрсатув бўлди. Ушбу соҳанинг мутахассисларидан бири бу мавзуда ақлни лол қолдирадиган маълумотларни гапирди. Узоқ сайёралардан бири томон нур тезлигида юрилса, фалон вақтдан кейингина ҳалиги сайёрага етиб бориш мумкинлигини қайта-қайта таъкидлади. Аммо тез-тез Аллоҳ таолонинг борлигига ишонмаслигини ҳам такрорлаб турибди. Бу қандай махлуқ экан, деб унга синчиклаб назар солсам, бошининг бир тарафида ўрмалаб кетаётган қумурсқани сезмаяпти. Унинг бу ҳолини кўриб, Аллоҳ таоло ҳидоятга солмаса, инсоннинг қанчалар тубанлашиб кетишини тушуниб етдим...»

Бизларни биринчи йўлдан ҳам, иккинчи йўлдан ҳам маҳрум бўлиб, ўзларини яратган Зотни танимай юрганлар тоифасидан қилиб қўймагани учун Аллоҳ таолога чексиз шукрлар бўлсин!

«Хислатли ҳикматлар шарҳи» китоби 1-жуз.

Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитасининг 2024 йил 16 майдаги 03-07/2999 рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Тўққизинчи амалАллоҳ таолони чиндан яхши кўрадиганлар билан ҳамсуҳбат бўлиб, уларнинг пурмаъно, ҳикматли гапларидан истифода олиш. Уларнинг олдиларида гапириш давоми...

2909 18:00 / 03.02.2021
Икки дўст иш юзасидан пойтахтга йўл олибди. Ярим тунда шаҳарга етиб келиб, меҳмонхоналарнинг бирига жойлашибди. Иккови ҳам йўл чарчоғидан уйқуга кетишибди. давоми...

2741 14:44 / 29 январь
Мўминмусулмон банда садақа қилса, садақа қилинаётган нарсани бир муҳтожга, мискинга узатяпман, деб ўйламаслиги керак. Унинг берган садақаси тиланчининг ёки давоми...

3264 19:00 / 18.12.2021
Албатта, Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни Ўзи поклаб, Қуръони Каримда у кишини таърифлаб, қуйидаги оятларни нозил қилди.ndash У давоми...

2304 15:55 / 16.06.2021