
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ибн Саъд Ҳасан розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг Байтулмолидаги моллар одамларга тақсимланганидан кейин ҳам яна ортиб қолди. Шунда Аббос розияллоҳу анҳу Умарга ва одамларга:
«Агар сизларнинг орангизда Мусо алайҳиссаломнинг амакилари бўлганида, уни эҳтиром қилармидингиз?» деди.
«Ҳа», дедилар.
«Мен ундан кўра ҳақлироқман. Мен сизнинг Набийингиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакисиман!» деди.
Шунда Умар одамларга гапириб тушунтирди, маслаҳат қилди ва қолган барча молни унга (Аббосга) бердилар».
Абу Яъло роҳматуллоҳи алайҳи Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилади:
«Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга бир тўп мол келди. У шерикларига назар солиб, «Кимга берамиз?» деди. Кейин эса:
«Буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муҳаббатлари учун Оишага юборишимга изн берасизларми?» деди.
«Ҳа», дедилар.
У (мол) Оиша розияллоҳу анҳонинг ҳузурларига олиб келинди. У киши уни очиб кўрдилар.
«Буни сизга Умар ибн Хаттоб юборди», дейилди. У киши:
«Ибн Хаттобга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин нима фатҳ қилинибди?! Аллоҳим! Унинг янаги атосигача мени қолдирмагин!» дедилар».
Ибн Саъд роҳматуллоҳи алайҳи Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:
«Мени Абу Бакр розияллоҳу анҳу закотга омил қилди. Абу Бакр вафот қилганидан кейин келдим. Шунда Умар розияллоҳу анҳу менга:
«Эй Анас! Улов келтирдингми?» деди.
«Ҳа», дедим.
«Бизга улов олиб келибсан. Мол сеники бўлсин», деди.
«У жуда ҳам кўп!» дедим.
«Кўп бўлса ҳам сеники!» деди Умар.
Ўша мол тўрт минг эди. Мадина аҳлининг энг бой одамига айланиб қолдим».
Абу Нуъайм роҳматуллоҳи алайҳи «Ҳиля»да Абдуллоҳ ибн Убайд ибн Умайр розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:
«Одамлар Умарнинг ҳузурида ўз атоларини олаётган эдилар. У бошини кўтарган эди, назари юзида зарбанинг изи бор одамга тушиб қолди. У ҳақда сўраган эди, Фалон жангда зарба етгани ҳақида хабар берди.
«Унга мингтани санаб беринглар!» деди Умар.
Сўнгра бир муддат молни бериб туриб, яна:
«Унга мингтани санаб беринглар!» деди. У одамга яна бошқа минг берилди. У тўрт марта шундай деди ва ҳар сафар у кишига мингтадан берилди. Ҳалиги одам ўзига кўп мол берилганидан ҳаё қилиб, чиқиб кетди. Умар уни йўқлаган эди, «Ўзига кўп берилганидан уялиб, чиқиб кетди», дейилди. Шунда Умар:
«Аллоҳга қасамки, агар чиқиб кетмаганида молдан бир дирҳам ҳам қолмагунча, унга бераверар эдим. Бир одам Аллоҳнинг йўлида зарба еб, юзи кўкарибди», деди».
Имом Байҳақий раҳматуллоҳи алайҳи Яҳё ибн Саъиддан, у киши отасидан ривоят қилади:
«Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Абдуллоҳ ибн Арқам розияллоҳу анҳуга:
«Мусулмонларнинг байтул молини ҳар ойда бир тақсим қил! Мусулмонларнинг байтул молини ҳар жумада бир тақсим қил! Мусулмонларнинг байтул молини ҳар кунда бир тақсим қил!» деди. Қавмдан бир киши:
«Эй мўминларнинг амири! Фавқулодда иш ёки бирор ҳолат учун мусулмонларнинг молидан олиб, тайёрлаб қўйсангиз!» деди. Умар ўзига гапирган ўша одамга:
«Шайтон сенинг тилингда жорий бўлди. Аллоҳ унинг ҳужжатини менга талқин қилди ва унинг шарридан мени асради. Ундай ҳолатлар учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тайёрлаган нарсани тайёрлайман, яъни Аллоҳ азза ва жалланинг ва Унинг Расули алайҳиссаломнинг итоатини», деди».
Абу Нуъайм раҳматуллоҳи алайҳи «Ҳиля»да Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:
«Умарга Ироқдан мол келди. У уни тақсимлай бошлади. Бир одам унинг олдига келиб:
«Эй мўминларнинг амири! Ушбу молдан душман ҳозир бўлганда ишлатиш учун ёки бирор қора кунда ишлатиш учун олиб қўйсангиз!» деди. Умар унга:
«Сенга нима бўлди, Аллоҳ додингни бергур?! Буларни сенинг тилинг ила шайтон гапирди. Аллоҳ менга унинг ҳужжатини талқин қилди. Аллоҳга қасамки, эрта учун Аллоҳга бугун осий бўлмайман. Мен улар учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тайёрлаган нарсани тайёрлайман», деди».
Ибн Асокир раҳматуллоҳи алайҳи Салама ибн Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:
«Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга мол келди. Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу унинг олдига келиб:
«Эй мўминларнинг амири! Ушбу молдан бирор қора кун ёки воқеъ бўладиган иш учун Байтулмолда тутиб турсангиз!» деди. Умар унга:
«Бу гапни шайтондан бошқа ориз қилмаган. Аллоҳ таоло унинг ҳужжатини менга талқин қилди ва унинг фитнасидан мени сақлади. Келаси йилдан хавфсираб, бу йили Аллоҳга осий бўламанми?! Улар учун Аллоҳнинг тақвосини тайёрлаб қўяман! Аллоҳ таоло: «Ким Аллоҳга тақво қилса, унинг йўлини очиб қўядир. Ва унга ўзи ўйламаган тарафдан ризқ берур», деган. Мендан кейин келадиганга фитна бўлиши учунми?» деди».
Ушбу ривоятлардан Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг худди бошқа ишлар қатори, молиявий сиёсатда ҳам аввал бошқалар билан шуро маслаҳати қилиб олиб, кейин иш тутганликлари кўриниб турибди.
Бир неча ривоятлардаги молдан кейинги ишлар учун сақлаб қўйиш ҳақидаги маслаҳатлар шуродан кейинги якка шахсларнинг шахсий маслаҳатларидир.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу жамият хазинасига тушган моллар фуқаролардан ҳақдорлариники, деган тушунчага эга бўлганлар. У киши Байтулмолда ортиқча молни ушлаб турмаганлар ва омилларига ҳам бундай қилишларига рухсат бермаганлар. Мабодо жамиятга мол керак бўлиб қолса, фуқаролар ҳам борларини аямаганлар. Бу ерда икки томонлама ўзаро ишонч бўлган. Аввал жамият халққа ишонган, кейин эса халқ жамиятга ишонган.
Албатта, бу сиёсатни юритишда ўша пайтдаги иймон ва ихлос даражаси ҳам ўз таъсирини кўрсатган.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Аллоҳ таолонинг «Ким Аллоҳга тақво қилса, унинг йўлини очиб қўядир. Ва унга ўзи ўйламаган тарафдан ризқ берур» деган калимасини ризқ-рўз, мол-мулк масаласида шиор қилиб олганлар. Улар Аллоҳ таолога тақво қилганлари учун Аллоҳ таоло улар ўйламаган тарафдан ризқ берган.
«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 21-жузидан олинди
Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 14 сентябрдаги 0307/7030-сонли тавсияси билан чоп этилган.