Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ҳажда қайси амални қилиш вожиб бўлса, уни тарк қилиб, қайтадан қила олмаган киши зиммасига жарима сифатида қурбонлик қилиш вожиб бўлади. Ўша ишлардан йигирма учта энг муҳими қуйида келтирилади. Ҳожилар ушбу ишларни яхшилаб ёдлаб олишса, жаримадан қутилиб қолишларига замин бўлади. Улар қуйидагилар:
1. Муздалифада туриш: қурбонлик куни субҳи содиқ билан қуёш чиқиши орасида Муздалифада туриш вожибдир. Уни тарк қилган киши зиммасига қон (жонлиқ сўйиш) вожиб бўлади;
2. Сафо билан Марва тепалигида саъй қилиш: ушбу икки тепалик орасида саъй қилишни тарк қилган киши зиммасига жарима сифатида қурбонлик қилиш лозим бўлади. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ наздида икки тепалик орасида саъй қилиш вожибдир. Имом Молик, Имом Аҳмад ва Имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳим наздида бу ҳажнинг рукни ва фарзи ҳисобланади.
3. Жамарот тошларини отиш: тош отиш ҳажнинг вожибларидан бўлиб, тош отишнинг бир кунини ёки учала кунини ҳам тарк қилган кишига битта қурбонлик вожиб бўлади. Фиқҳ китобларимизда шундай келган: «Агар тош отишнинг барчасини тўртинчи кунга қолдирса, хоҳ у заволдан аввал ёки кейин бўлсин, Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ наздида қазо ўтаган ҳисобланиб, кечиктиргани учун зиммасига битта қон (жонлиқ сўйиш) лозим бўлади. Агар тўртинчи куннинг қуёши ботгунича ҳам учала куннинг қазосини адо қила олмаса, адо қилиш ҳам, қазосини қилиш ҳам қўлдан кетган бўлиб, барча имомлар наздида зиммасига битта қон вожиб бўлади».
4. Видолашув тавофини қилиш: офоқийнинг (Ҳарам ташқарисидан келган кишининг) ватанига қайтиб кетаётган пайтда видолашув тавофини қилиши вожибдир. Уни тарк қилиш эса қонни вожиб қилади.
5. Соч олдириш: Сочни олдириш ёки қисқартириш вожиб амал ҳисобланади. Агар ҳожи сочни олдирмай ёки қисқартирмай эҳромдан чиқса, зиммасига қон вожиб бўлади.
6. Мийқотдан эҳромга кириш: офоқий кишининг мийқотдан эҳромга кириши вожибдир. Мийқотдан эҳромсиз ўтиш ҳожи зиммасига қурбонликни вожиб қилади. Агар амалларга киришишидан олдин мийқотга қайтиб бориб эҳромга кирса, зиммасидан жонлиқ соқит бўлади.
7. Қуёш ботишидан аввал Арафотдан тушмаслик: қуёш ботгунгача Арафотда туриш вожибдир. Шунинг учун қуёш ботишидан аввал Арафот майдонини тарк қилувчи кишининг вожибни тарк қилгани учун зиммасига қурбонликни вожиб қилади.
8. Тавофни яёв қилиш: қудрати етган кишининг тавофни яёв қилиши вожибдир. Имконияти бўла туриб, тавофни уловда қилиш қурбонликни вожиб қилади.
9. Таҳорат билан тавоф қилиш: таҳорат билан тавоф қилиш вожибдир. Шунинг учун ким таҳоратсиз тавоф қилса, зиммасига қурбонлик вожиб бўлади. Ҳайз, нифос ёки жанобат ҳолатида тавоф қилинса, жаримасига мол ёки туя сўйиш вожиб бўлади.
Агар тавофи зиёратдан бошқа тавофларни, жумладан тавофи қудум, тавофи видоъ, тавофи нафл кабиларни таҳоратсиз ҳолда қилса, қурбонлик вожиб бўлмайди. Балки ҳар бир айланишга биттадан, жами еттита садақаи фитр вожиб бўлади;
10. Тавофда авратни ёпиш: тавоф ҳолатида авратни ёпиш вожибдир. Агар авратни тўсмай тавоф қилса, зиммасига қурбонлик вожиб бўлади.
11. Сафо ва Марва тепалигида яёв саъй қилиш: соғлом одамнинг Сафо ва Марва тепалигида яёв саъй қилиши вожибдир. Агар узрсиз уловда саъй қилса, зиммасига қон лозим бўлади;
12. Қирон ва таматтуънинг қурбонлиги: қирон ёки таматтуъ ҳаж қилувчи зиммасига қурбонлик вожиб бўлади. Шунинг учун қурбонликсиз эҳромдан чиқиб қўйса, жаримасига бир қурбонлик лозим бўлади.
13. Ақаба тошини отиш, қурбонлик қилиш ва соч олдириш амаллари орасидаги тартибга риоя қилиш: ушбу учта амалар орасида тартибга риоя қилиш вожибдир. Унинг тартиби қуйидагичадир:v
а) қурбонлик куни Ақаба тошини отиш;
б) қурбонлик лозим бўлса, қурбонлик қилиш;
в) сочни олдириш ёки қисқартириш.
Агар ҳожи тош отишдан олдин қурбонлик қилиб ёки соч олдириб қўйса ёки қурбонликдан олдин соч олдириб қўйса, жаримасига қурбонлик лозим бўлади. Тавофи зиёратни ушбу учта амалдан олдин қилиш суннатга хилоф бўлса-да, лекин қурбонлик қилишни вожиб қилмайди.
14. Тавофи ифоза, яъни фарз бўлган зиёрат тавофини қурбонлик кунларида қилиш вожибдир: тавофи ифозани (тавофи зиёратни) зул-ҳижжанинг ўнинчи ва ўн иккинчи, яъни қурбонлик кунлари қилиш вожибдир. Агар ўн иккинчи кундан ўтиб кетса, ҳожи зиммасида тавофи зиёрат қилиш боқий қолади ва зиммасига қурбонлик қилиш вожиб бўлади.
15. Ҳатим ташқарисидан тавоф қилиш: тавофни Каъбанинг ҳатими ташқарисида қилиш вожибдир. Агар тавофи зиёратни ҳатимнинг ичкарсидан қилиб, ватанига қайтиб кетса, вожибни тарк қилгани учун зиммасига қурбонлик вожиб бўлади. Агар тавофни хатимнинг орқасидан қайтадан қилса, жарима соқит бўлади. Мўътабар фиқҳ китобларимиздан «Бадоиус-саноиъ»да шундай дейилган: «Ҳатимни ичкарисидан тавоф қилса, зиммасига уни қайтадан қилиш вожиб бўлади. Чунки ҳатим Байтдан ҳисобланади. Ҳатим ичкарисидан тавоф қилиш билан Байтнинг бир қисминигина тавоф қилган бўлиб қолади. Аллоҳ таолонинг «Байти атийқни тавоф қилинглар» деган ояти каримаси далили билан Байтнинг ҳаммасини тавоф қилиш фарздир. Ҳатим ичкарисидан қилган тавофини қайтадан қилмай ўз юртига кетиб қолса, зиммасига қон вожиб бўлади».
16. Саъйдан олдин тавоф қилиш: Сафо ва Марва тепалигида саъй қилиш тавофдан кейин бўлиши лозим. Шунга биноан ҳар саъйдан олдин тавоф бўлиши вожибдир. У хоҳ тавофи қудум бўлсин, хоҳ тавофи зиёрат бўлсин, хоҳ тавофи нафл бўлсин. Агар саъй қилишдан олдин тавоф қилинмаса, зиммасига қон лозим бўлади.
17. Қурбонлик кунлари Ҳарам ҳудудида соч олдириш: қурбонлик кунлари чиқиб кетишидан аввал Ҳарам ҳудудида соч олдириш ёки қисқартириш вожибдир. Шунинг учун Ҳарамдан ташқарида соч олдириш ёки ўн иккинчи зул-ҳижжа ўтгандан кейин соч олдириш ёки қисқартириш сабабли бир қон вожиб бўлади. «Ҳидоя»да бундай дейилган: «Ким соч олдиришни наҳр кунлари ўтиб кетгунича кечиктирса, Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ наздида зиммасига қон вожиб бўлади... Ҳарамдан бошқа жойда наҳр кунлари соч олдирса, зиммасига қон вожиб бўлади».
18. Бир куннинг тош отишини бошқа кунга кечиктириш: бир куннинг тошини отишни бошқа куннинг субҳи киришигача кечиктирса, жаримасига Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ наздида бир қурбонлик вожиб бўлади;
19. Таматтуъ ёки қирон ҳаж қилувчининг қурбонлиги: таматтуъ ёки қирон ҳаж қилувчининг қурбонлик қилишдан олдин тош отиши вожибдир. Агар қурбонликни тош отишдан олдин адо қилса, зиммасига қон вожиб бўлади;
20. Соч олдиришдан олдин қурбонлик қилиш вожибдир: таматтуъ ёки қирон қилувчининг қурбонликни соч олдиришдан олдин қилиши вожибдир. Шунинг учун қурбонлик қилишдан олдин сочини олдирса, жаримасига қурбонлик лозим бўлади. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ наздида қирон қилувчига иккита қон лозим бўлади. Икки имом наздида эса, таматтуъ қилувчига ҳам, қирон қилувчига ҳам битта қон лозим бўлади.
21. Ҳаж амиридан олдин Арафотдан тушмаслик: ҳаж амиридан олдин одамларнинг Арафотдан тушиб кетиб қолишлари жоиз эмас. Чунки ҳаж амирининг Арафотдан тушиб кетишини кутиш вожибдир. Агар ҳаж амирининг Арафотдан тушиб кетишидан олдин кимдир Арафотдан тушиб кетиб қолса, жарима сифатида унинг зиммасига қурбонлик лозим бўлади.
Бу масала ихтилофли бўлиб, «Ҳидоя»нинг соҳиби «унга қон вожиб бўлади», деган бўлса, «Фатҳул қодир»нинг соҳиби ҳам шуни таъкидлайди. Лекин «Фатҳул қодир»нинг ҳошиясида Саъдуллоҳ Чалабий раҳматуллоҳи алайҳ: «Қуёш ботганидан кейин ҳаж имомининг Арафотдан тушиб кетишидан олдин тушиб кетиш қурбонликни вожиб қилмайди», деган;
22. Қурбонлик кунларида қурбонлик қилиш: қурбонликни наҳр кунлари қилиш вожибдир. Шунинг учун наҳр кунлари, яъни ўн иккинчи зул-ҳижжа ўтгунича таматтуъ ва қирон ҳаж қилувчилар қурбонлик қилишмаса, бунинг жаримасига яна битта қурбонлик вожиб бўлади.
23. Арафотда тургандан кейин соч олдиргунча эҳромда таъқиқланган нарсалардан ўзини йироқда тутиш: Арафотда тургандан кейин эҳромда сақланиш керак бўлган нарсалардан эҳромдан чиқмагунча сақланиши ва ўзини бу ишлардан йироқда тутиши вожибдир. Масалан, Арафотда тургандан кейин аёли билан қўшилишдан ёки тикилган кийим кийишдан ёки бош ё юзни ёпишдан ўзини тийиши вожибдир. Акс ҳолда, унга қон вожиб бўлади.
«Мўминнинг умр сафари» китобидан
Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитасининг 2024 йил 06 февралдаги 02-07/ 588-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.