
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Авлнинг таърифи
Авл қачон воқе бўлган? Илк авл ҳодисаси
Авл бўладиган ва бўлмайдиган асллар.
Олти нечага авл бўлади?
Ўн икки нечага авл бўлади?
Йигирма тўрт нечага авл бўлади?
Радднинг таърифи
Рад қилинадиган ва қилинмайдиган меросхўрлар
Эр ҳам, хотин ҳам бўлмагандаги радд
Эр-хотиндан бири бор бўлгандаги радд
Радд ва унинг турларига татбиқий мисоллар
Авлнинг луғавий ва истилоҳий таърифи
Авлнинг бир нечта луғавий маънолари бор. Баъзан бу сўз «жабр ва зулм» маъносида келади.
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
q p o n
«Мана шу – жабр қилмаслигингизга яқинроқдир» (Нисо сураси, 3-оят).
Бу ерда бу сўз зулм, жабр маъносида келган.
Яна бу сўз «кўтарилиш» маъносида ҳам ишлатилади. Араблар сув кўтарилса, «عَالَ الْمَاءُ» дейишади. Бир масала ҳокимга кўтарилса ҳам,« عَالَتِ الْقَضِيَّةُ إِلَى الْحَاكِمِ» дейишади.
Шунингдек, бу сўз «зиёда» маъносида ҳам келади. Тарозининг бир палласи наригисидан оғир келиб, босиб кетса, «عَالَ الْمِيزَانُ» дейишади.
Мерос истилоҳида «авл» деб, фарз қилинган улушлар йиғиндисини кўпайтириб, меросхўрлар улушини камайтиришга айтилади.
Бу ҳолат белгиланган улушлар кўпайиб, мероснинг ҳаммасини қамраб олиб, баъзи фарз эгаларига улуш етмай қолади. Шунда масаланинг аслини кўпайтиришга эҳтиёж туғилади, чунки шундай қилинмаса, фарз эгаларининг баъзиси меросдан маҳрум бўлиб қолиши мумкин. Ушбу авл туфайли ҳар бир меросхўрнинг улуши камайиб қолади, лекин улардан ҳеч бири меросдан маҳрум бўлмайди. Яримга ҳақли бўлган эр баъзи ҳолатларда учдан бирга ҳақдор бўлиши мумкин. Мисол учун, агар масала 6 дан 9 га авл бўлса, эр 3/6 ни, яъни яримни олиш ўрнига 3/9 ни, яъни учдан бирни олади. Худди шунингдек, авлда бошқа меросхўрларнинг ҳам улушлари камайиб қолади. Шу билан бизга фароиз уламоларининг авл ҳақида айтган таърифларининг маъноси янада тушунарли бўлади:
«Авл деб, фарз қилинган улушлар йиғиндисини кўпайтириш ва меросхўрлар улушини камайтиришга айтилади».
Авл қачон воқе бўлган?
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ва Абу Бакр розияллоҳу анҳу замонларида авл масаласи ёки ҳодисаси воқе бўлмаган. Бу масала хусусида биринчи бўлиб Умар Форуқ розияллоҳу анҳу ҳукм чиқарган.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо шундай дейди: «Фароизларни биринчи бўлиб авл қилган зот Умар розияллоҳу анҳудир. У зот ниҳоятда тақводор эдилар. Фароиз эгалари кўпайиб, бир-бирини сиқиб чиқарадиган ҳолат юзага келавергач, шундай деганлар: «Мен Аллоҳ таолонинг наздида қай бирингиз ҳақлироқ эканингизни билмайман. Сизларга тарикани ҳисса билан тақсимлашдан бошқа йўл кўрмаяпман. Бунинг учун авл бўлган фароизларни ҳар бир ҳақ эгасига тақсимлайман».
Шу тариқа, масалаларни биринчи бўлиб авл қилган Умар бўлди».
Шунга ижмо қилиниб, саҳобалардан ҳеч ким бу ҳукмга хилоф қилмади. Умар розияллоҳу анҳунинг замонлари ўтгач, Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо бунга хилоф қилганларини ошкор қилдилар. Лекин у кишининг мазҳаби ижмога хилоф бўлгани учун уни ҳеч ким олмади.
Умар розияллоҳу анҳу даврида воқе бўлган илк ҳодиса. Ровийлар Умар розияллоҳу анҳунинг даврларида воқе бўлган илк ҳодисани зикр қилиб, шундай дейишади:
«Бир аёл вафот этиб, ортидан эри ва иккита туғишган синглиси қолди. Эрнинг фарз улуши ярим, икки туғишган сингилники учдан иккидир. Бунда фарз улушлар меросдан ортиб кетди. Эр келиб, ўз улушини тўлиқ ҳолда олишни талаб қилди. Иккита туғишган сингил ҳам ўз улушларини тўлиқ олишни хоҳлашарди. Шунда Умар розияллоҳу анҳу: «Мен Аллоҳ таолонинг наздида қай бирингиз ҳақлироқ эканингизни билмайман», деди, яъни агар эрга ўз улушини биринчи берсам, у ярим эди, сингиллар улуши камайиб қолади. Агар сингилларга улушларини биринчи берсам, у учдан икки эди, эрнинг улуши камайиб қолади.
Шунинг учун Умар розияллоҳу анҳу бу масалада тўхтаб, саҳобалар билан маслаҳатлашди. Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу авлга ишора қилди. Умар розияллоҳу анҳу: «Фароизларни авл қилинглар», деди. Саҳобаи киромлар унинг қилган ишига рози бўлиб, барчалари авл ҳукмига ижмо қилдилар.
Авл бўладиган ва авл бўлмайдиган асллар. Масалаларнинг асли еттита бўлиб, ундан учтаси авл бўлади ва тўрттаси авл бўлмайди. Учта авл бўладиганлар жумласига 6, 12 ва 24 киради. Авл бўлмайдиган асллар жумласига 2, 3, 4 ва 8 киради. Агар масаланинг асли ушбу сонларнинг бири бўлса, ушбу масалада авл бўлиши мумкин эмас. Мисол учун, бир аёл вафот этиб, ортидан эри, туғишган ёки ота бир синглиси қолди. Масаланинг асли 2 дан бўлиб, эрга иккидан бир берилади. Туғишганга ҳам қолган бирни берилади. Демак, бу масалада авл бўлмайди. Бир аёл вафот этиб, ортидан ота-онаси қолса, она учдан бирни олади, қолган учдан икки отага тегади. Бу масаланинг асли уч бўлиб, бунда ҳам авл бўлмайди. Бир киши вафот этиб, ортидан хотини, туғишган акаси ва туғишган синглиси қолса, масаланинг асли 4 бўлади. Хотин тўртдан бирни, туғишган ака ва туғишган сингил қолган тўртдан учни «бир эркакка икки аёл улушича» қоидасига кўра тақсимлаб олишади. Шу ўринда яна айтамизки, агар масаланинг асли тўртдан бўлса, унда авл қилишнинг имконияти бўлмайди. Шунга ўхшаш, яна бир киши вафот этиб, ортидан хотини, қизи, туғишган ёки ота бир синглиси қолса, масаланинг асли 8 бўлиб, хотин саккиздан бирни олади. Қиз яримни олади. Туғишган сингил эса қолган саккиздан учни олади. Ушбу суратда ҳам авл бўлмайди.
Авл бўладиган асллар. Олти, ўн икки, йигирма тўртлар (6, 12, 24) юқорида айтганимиздек, авл бўладиган асллардир. Ҳар бир аслнинг авл бўлишда ўз тури бор.
Олти тоқ ва жуфт ҳолда ўнгача авл бўлади, яъни олти еттига, саккизга, тўққизга ва ўнга авл бўлади. Бундан ортиб кетмайди. Демак, олти фақат тўрт маротаба авл бўлиши мумкин экан.
Ўн икки фақат тоқ ҳолда ўн еттигача, яъни 13, 15, 17 гача авл бўлади. Демак, 12 фақат уч мартагача авл бўлар экан.
Йигирма тўрт (24) фақат бир марта йигирма еттига (27) авл бўлади. Бу масала «минбария масаласи» номи билан машҳур бўлиб қолган. Унинг қандай бўлишини, иншааллоҳ, тез фурсатда келтирамиз.
«Ислом шариатида мерос илми» китобидан
Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2021 йил 24 августдаги 03-07/5163-рақамли ҳамда 2022 йил 27 сентябрдаги 03-07/7348-рақамли хулосалари асосида чоп қилинган.