1447 йил 14 жумадис сони | 2025 йил 05 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Силаи раҳм

Фарзандларга яхшилик қилиш ва уларга одоб бериш

13:38 / 04 май 1877 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ислом дини ота-оналарга фарзандлар устидан ҳақ бергани каби, фарзандларга ҳам ота-оналар устидан ҳақ берган. Ҳар бир ота-она ўз фарзанди олдидаги бурчини адо этиши лозим. Ана шу бурчларнинг баъзилари ҳақида келаси бобларда сўз юритилади.

كَانَ سُفْيَانُ الثَّوْرِيُّ يَقُولُ: حَقُّ الْوَلَدِ عَلَى الْوَالِدِ أَنْ يُحْسِنَ اسْمَهُ، وَأَنْ يُزَوِّجَهُ إِذَا بَلَغَ، وَأَنْ يُحْسِنَ أَدَبَهُ.

Суфён Саврийдан ривоят қилинади:

«Фарзанднинг ота-онадаги ҳаққи: исмини чиройли қўйиш, балоғатга етганда уйлантириш ва гўзал одоб беришдир».

Шарҳ: Ушбу ривоятда фарзанднинг ота-онадаги ҳақларидан учтаси зикр қилинган:

Биринчиси: ота-она фарзандига чиройли, гўзал, мусулмонча исм қўйиши керак.

Иккинчиси: фарзанд балоғатга етганида уни уйлантириб қўйиши керак. Қиз бўлса, турмушга чиқаради, ўғил бўлса, уйлантириб қўяди.

Учинчиси: фарзандига гўзал одоб бериб, тарбиялаб бориши керак.

Биз ота-онанинг ҳаққи тўғрисида жуда кўп гапирамиз. Бу китобнинг аввалида ҳам ота-онанинг ҳақлари ҳақида кўплаб ривоятлар келтирилди. Бу ерда фарзанднинг ҳам ота-онада ҳаққи борлиги ҳақида сўз кетяпти.

Фарзандга чиройли исм қўйиш ҳам ота-онанинг фарзанди олдидаги бурчи, фарзанднинг ота-онасидаги ҳаққи экан.

Шунингдек, фарзанд балоғат ёшига етганида уйлантириб қўйиш ва унинг одобини яхши қилиш каби нарсалар ҳам бор экан. Буларни яхши билиб олишимиз керак.

عَنْ أَبِي الْمُعْتَمِرِ قَالَ: تَذَاكَرُوا عِنْدَ عُمَرَ بْنِ عَبْدِ الْعَزِيزِ، فَقاَلَ رَجُلٌ: بَلَغَنِي أَنَّ الْمَوْلُودَ إِذَا مَاتَ وَلَمْ يُسَمَّ يَقُولُ لِأَبِيهِ يَوْمَ الْقِيَامَةِ: تَرَكْتَنِي وَلَا اسْمَ لِي.

Абул Муътамирдан ривоят қилинади:

«Умар ибн Абдулазизнинг ҳузурида турли нарсаларни эслашди. Бир киши: «Менга етиб келишича, исм қўйилмай туриб вафот этган бола қиёмат куни отасига: «Мени исмсиз қолдирдинг», дейди», деди».

Шарҳ: Демак, туғилган фарзандга дарҳол яхши бир исм қўйиш отанинг бола олдидаги бурчларидан бири экан. Бу муҳим ишга бепарво бўлмаслик, уни пайсалга солмаслик лозим. Янги туғилган чақалоқда жон аломати борлиги сезилса бас, дарҳол унга исм қўйишга, оталикнинг бу бурчини адо этишга шошилиш керак.

Аллоҳ кўрсатмасин, мабодо туғилган бола исм қўйилиши керак бўла туриб, исмсиз қазо қилса, қиёмат куни Аллоҳ таолонинг олдида отасига: «Мен туғилганимда жоним бор эди, исм қўйишинг керак эди, мана энди исмсиз қолдим», деб даъвогарлик қилар экан.

Аслида исм қўйиш оталик бурчларининг энг содда, энг дастлабки бир тури. Бундан ташқари ҳам фарзанднинг ота-онада жуда кўп улуғ ва масъулиятли, моддий ва маънавий ҳақлари бор. Ота-она болани боқиши, едириб-ичириши, кийинтириши, ювиб-тараши лозим.

Янги туғилиб, тезда вафот этган бола ўзига исм қўйилмаганини даъво қилар экан, албатта, бундан бошқа адо этилмаган ҳақларини ҳам даъво қилиши шубҳасиз. Ота-оналар буни зинҳор унутмасликлари лозим.

Фарзанднинг ҳақлари ҳақида маълумотлар

Исломда фарзанднинг ҳуқуқлари риоя қилинган бўлиб, булар унинг ота-онаси ёки яқин қариндошлари, яшаётган жамиятига вазифа қилиб юклатилгандир. Бу ҳақларни адо этиш вожиб бўлиб, унга амал қилиш мажбурийдир.

Фарзанднинг қандай ҳуқуқлари бор? Уламоларимиз бу саволга жавоб тарзида жумладан, қуйидагиларни зикр қиладилар:

1. Насаб.

Никоҳнинг асл мақсадларидан бири ҳам насл-насабни сақлашдир. Бусиз оила ҳам, жамият ҳам бўлмайди. Фарзанднинг ота-онаси никоҳдан ўтган, ҳалол-пок яшагандагина насаби аниқ ва пок бўлади.

2. Бўлажак фарзандга муносиб она ва ота танлаш.

Ислом бола ҳақида у ҳали дунёга келмасидан анча олдин, оила қуришга тайёргарлик кўрилаётган пайтдан бошлаб қайғура бошлайди.

«Талхийс» номли китобда Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Сизлар ўз нутфангизга муносиб жуфти ҳалолни ихтиёр қилинглар. Ўзингизга муносибларга никоҳланинг ва уларга никоҳлаб беринг».

Ибн Можа ва Дора Қутний ривоят қилишган.

Оила қурилар экан, ота-онанинг диндорлигига, ахлоқи ва одобига, инсонийлигига алоҳида эътибор берилади. Чунки улардаги хислатлар, фазилатлар ҳам, ёмон одатлар ҳам болага кўчиши исбот талаб этилмайдиган ҳақиқатдир.

3. Эмизиш.

Туғилган фарзанд аввало эмизишга муҳтож. Бу эса онасининг вазифаси. Шаръий узр сабабли она эмиза олмаса, эмизувчи топиш ва уни рози қилиш отанинг иши ҳисобланади. Аллоҳ таоло Бақара сурасида:

«Оналар фарзандларини тўлиқ икки йил эмизурлар. (Бу) эмизишни батамом қилмоқчи бўлган киши учундир», деган (233-оят).

Гўдакнинг ҳақларидан бири ва оналарнинг энг мўътабар вазифаси фарзандни икки йил эмизишдир. Янги туғилган гўдак жисми ва руҳининг ўсишига онасининг сутидан афзал озуқа йўқ. Боланинг суяги онанинг сути билан шаклланади, шунингдек, унинг бошқа тарафлари, руҳий ривожланишига ҳам она сути зарур озуқа ҳисобланади.

Ушбу озуқанинг муддати тўлиқ икки йил бўлиши керак. Бу Қуръоний ҳақиқатни адашган инсоният бир минг тўрт юз йилдан кейин тушуниб етди. Ҳозирги пайтда илмий текширишлардан сўнг гўдак бола учун энг яхши озуқа онанинг сути бўлиб, уни тўлиқ икки йил эмизиш керак, деган гапни айтишмоқда.

Тарихдан маълумки, дунёга довруқ солган аксари буюк алломаларга, фозилу уламоларга болалик пайтида оталари ҳаром касб билан топилган бирор луқма ҳам таом едирмаган, оналари уларни бетаҳорат эмизишмаган.

4. Боланинг ота-онадаги ҳақларидан бири унга муносиб исм танлашларидир.

Ота-онанинг вазифаларидан бири фарзандга маънодор, чиройли исм қўйишдир.

Шунинг учун ҳар бир мусулмон ота-она бу муҳим ишга алоҳида эътибор ила ёндашмоғи лозим. Токи фарзанд катта бўлиб, оқ-қорани таниганида ўз исмидан уяладиган бўлмасин. Балки исми унга зийнат бўлиб турсин.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Исмларнинг яхшиси бандалик ва ҳамдни билдирувчисидир», деганлар. Шунинг учун Аллоҳ таолога бандалик маъносини англатувчи Абдуллоҳ, Абдурраҳмон, Абдусаттор ва Аллоҳ таолога ҳамд маъносини англатувчи Ҳамидуллоҳ каби исмлар яхши исмлар ҳисобланади.

Шунингдек, набийларнинг, саҳобаларнинг ва салафи солиҳларимизнинг исмлари ҳам яхши исмлар ҳисобланади.  Қизларга ҳам ўтган аҳли иймон момоларимиз ва саҳобия аёлларнинг исмларини ҳамда эзгулик маъносини англатувчи бошқа исмларни қўйиш лозим.

5. Ақийқа ҳам боланинг ота-онадаги ҳақларидандир.

«Ақийқа» луғатда «ёрди» деган маънони англатиб, аслида янги туғилган боланинг сочи шундай аталади.

Шариат таълимотларига мувофиқ, туғилишнинг еттинчи куни боланинг сочини олиб, ўша соч оғирлигида кумуш садақа қилиш тавсия этилади. Соч бошдан ажратиб олингани учун «ақийқа» дейилади. Ана шу муносабат билан сўйиладиган қўй ҳам «ақийқа» дейилади. Истеъмолда шу маънода кўп ишлатилгани учун «ақийқа» деганда фақат янги фарзанд туғилиши муносабати ила сўйиладиган қўй тушуниладиган бўлиб қолган.

Салмон ибн Омир Зоббий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ғулом ила ақийқа бордир. Унинг учун қон чиқаринг ва ундаги нопокликни кетказинг», дедилар».

Бешовларидан фақат имом Муслим ривоят қилмаган.

Ҳадисдаги бу жумла «янги туғилган боланинг ақийқаси ўзи билан», деб тушунилади. Бу эса ҳар бир янги туғилган болага ақийқа лозим, деганидир.

«Унинг учун қон чиқаринг».

Яъни янги фарзанд туғилгани шарафига жонлиқ сўйинг. Бу муносабат билан қон чиқариш қандай бўлишини келаси ҳадиси шарифлар баён қилади.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳасан ва Ҳусайн розияллоҳу анҳумога биттадан қўчқор сўйиб, ақийқа қилдилар».

«Сунан» эгалари ривоят қилишган.

6. Янги туғилган боланинг қулоғига азон ва такбир айтиш.

Рофеъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Фотима розияллоҳу анҳонинг туққан боласи Ҳасан ибн Алининг қулоғига азон айтаётганларини кўрдим».

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

Ушбу ҳадиси шарифга биноан, янги туғилган фарзанднинг ўнг қулоғига азон, чап қулоғига иқома айтиш мандубдир. Аллоҳнинг зикри янги туғилган боланинг қулоғига кирган биринчи нарса бўлиши қандай яхши! Албатта, бу улуғ нарсанинг ўзига яраша баракаси бўлади.

Ҳусайндан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимнинг боласи туғилса-ю, унинг ўнг қулоғига азон, чап қулоғига иқома айтса, унга Умму Сибён зарар етказа олмас», дедилар».

Абу Яъло ривоят қилган.

Умму Сибён – болаларга зиён етказадиган жин тоифасидир.

7. Янги туғилган боланинг танглайини кўтариш.

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Менинг ўғлим туғилганда уни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб бордим. Ул зот уни Иброҳим деб атадилар, хурмо билан танглайини кўтардилар ва унга барака тилаб дуо қилиб, менга тутқаздилар. У фарзандларимнинг каттаси эди».

Икки шайх ривоят қилишган.

Кўпчилик саҳобалар ўзларининг янги туғилган фарзандларини Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб борар эдилар. Ул зот алайҳиссалом ёш болаларни кўрсалар, ниҳоятда хурсанд бўлиб кетардилар. Янги туғилганларга Абу Мусо розияллоҳу анҳунинг ўғлига қилган муносабатни қилар эдилар.

Ана шу ишга тақлид қилиб, янги туғилган фарзандни аҳли солиҳ кишилар ҳузурига олиб бориш мусулмонлар ичида доимий одатга айланган.

«Ул зот уни Иброҳим деб атадилар…»

Демак, аҳли фазл, олим ва муқтадо кишилар томонидан янги туғилган фарзандларга исм танланиши ҳам яхши иш. Чунки ундай кишилар бунга ўхшаш ишларга боғлиқ масалаларни, шаръий ҳукмларни яхши биладилар ва тўғри тасарруф қиладилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Абу Мусо розияллоҳу анҳунинг ўғлига Иброҳим деб исм қўйганлари ҳам бунинг бир мисолидир.

«...хурмо билан танглайини кўтардилар…»

Ёш боланинг танглайини кўтариш катта одам бир нарсани олдин ўзи чайнаб туриб, боланинг оғзига қўли билан солиб қўйишидир. Бу нарса мева бўлгани афзал. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам деярли ҳар доим болаларнинг танглайини хурмо билан кўтарганлар. Бу ҳам яхши ният аломатидир. Аҳли солиҳ, фазилатли кишиларнинг бу ишни қилишлари марғубдир.

«...ва унга барака тилаб дуо қилиб, менга тутқаздилар…»

Бу иш энг марғуб ишдир. Аҳли солиҳ, дуогўй кишиларнинг янги туғилган болалар учун дуо қилишлари, айниқса, барака тилаб дуо қилишлари жуда яхши ишдир. Барча ота-оналар бунга катта эътибор беришлари керак.

8. Ҳомийлик.

Бола етти ёшга киргунича бировнинг ҳимоясига муҳтож бўлади. Яъни овқатланиш, кийиниш, ювиниш ва бошқа ҳолатларда доимо катталарнинг ёрдамига муҳтож. Бу ишларни унинг ота-онаси, улар бўлмаса, яқин қариндошлари амалга оширишлари вожибдир.

9. Валийлик.

Етти ёшдан балоғат ёшига етгунча бўлган болалар валийга, ўзидан катта раҳбарга муҳтождирлар. Бу ҳам ота-она бўлмаса, яқин қариндошларига юклатилади.

10. Нафақа.

Болаларнинг нафақаси. Уларни озиқ-овқат, кийим-кечак, турар-жой билан таъминлаш отанинг бурчидир. Бу нарсалар ҳалол-пок бўлиши матлубдир.

Фақир ёш боланинг нафақаси отасига вожиб бўлади.

Бу ҳукмнинг далили қуйидаги ояти каримадир.

Аллоҳ таоло Бақара сурасида:

«Уларни маъруф ила едириб, кийинтириш туғдирганнинг зиммасидадир», деган (233-оят).

Боланинг сабабидан онага нафақа бериш вожиб бўлганидан кейин, боланинг ўзига нафақа бериш вожиб бўлишида ҳеч шубҳа қолмайди.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Ҳинд бинти Утба: «Эй Аллоҳнинг Расули, Абу ­Суфён ўта бахил одам, менга ва боламга кифоя қиладиган нарсани бермайди. Фақат унга билдирмай олсамгина бўлади», деди.

«Ўзингга ва болангга етарлисини тўғриликча ол», дедилар у зот».

Икки шайх ривоят қилишган.

Унга бу ишда худди ота-онаси ва хотинининг нафақасидаги каби бирор киши шерик бўлмайди.

Яъни боланинг нафақаси фақат отага, ота-онанинг нафақаси фақат ўғилга ва хотиннинг нафақаси фақат эрга вожиб бўлади. Унга бу нафақада ҳеч ким шерик бўлмайди.

11. Болага меҳрибонлик кўрсатиш ота-онанинг вазифаси.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида Ақраъ ибн Ҳобис Таймий ўтирганида Ҳасан ибн Алини ўпдилар. Шунда у: «Менинг ўнта болам бор. Улардан бирортасини ўпмаганман», деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга назар солдилар ва: «Раҳм қилмаганга раҳм қилинмас», дедилар».

Бухорий, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ниҳоятда болажон зот эдилар. Ул зот болалар ичида набиралари Ҳасан ва Ҳусайнни жуда яхши кўрар ва уларга меҳрибонлик кўрсатар эдилар.

Ушбу ривоятда у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Ҳасан розияллоҳу анҳуга кўрсатган меҳрлари, саҳобалардан бирининг бунга бўлган муносабатлари ва бу муносабатнинг Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан баҳоланиши ҳақида сўз кетмоқда.

Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени олиб, тиззаларига ўтирғизар эдилар. Ҳасанни эса бошқа тиззаларига ўтирғизар эдилар. Сўнгра тиззаларини бир-бирига қўшиб туриб: «Аллоҳим! Уларга раҳм қилгин, мен уларга раҳм қиламан», дер эдилар».

Бухорий ривоят қилган.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Бир аъробий Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келди ва: «Сизлар болаларни ўпасизларми? Биз уларни ўпмаймиз», деди.

Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ қалбингдан раҳматни суғуриб олган бўлса, мен нима ҳам қила олардим», дедилар».

Икки шайх ривоят қилишган.

Расулуллоҳнинг қизларга алоҳида ҳурмат ва меҳр билан муносабатда бўлиш ҳақида ҳам кўрсатмалари бор. Сабаби, қизлар меҳрга муҳтож, ўзлари ожиза бўлишади. Шу боис уларнинг тарбиясида кўпроқ эътибор ва меҳр, эҳтиёткорлик зарур бўлади.

12. Фарзандлари орасида адолат қилиш ҳам ота-онанинг вазифасидир.

Нуъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Отам мени кўтариб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб борди ва: «Эй Аллоҳнинг Расули, гувоҳ бўлинг, мен Нуъмонга ўз молимдан буни-буни бердим», деди.

«Ҳамма ўғилларингга ҳам шунга ўхшаш бердингми?» дедилар у зот. «Йўқ», деди у.

«Ундай бўлса, бунга мендан бошқани гувоҳ қил, – дедилар ва сўнгра: «Сени уларнинг барчаси сенга бирдек яхшилик қилиши хурсанд қиладими?» дедилар.

«Ҳа», деди.

«Ундай бўлса, (ҳаммасига бирдек бермагунингча) йўқ!» дедилар».

Бошқа бир ривоятда: «Аллоҳга тақво қилинглар ва фарзандларингиз орасида адолатли бўлинглар», дейилган.

Бешовлари ривоят қилишган.

Ушбу ҳадисга биноан мусулмон инсон молиявий масалаларда ўз фарзандларининг барчасини баробар кўриши керак бўлади. Агар тенг имкониятли фарзандларнинг бирига мол бериб, бошқасига бермаса ёки бирига оз, иккинчисига кўп берса, адолатсизлик бўлади. Фарзандлари орасида ҳиқду ҳасад, фитна кучаяди.

Лекин агар шаръий узр сабаб бўлса, ота-она ўз болаларидан бирига кўпроқ, бошқасига озроқ мол берса бўлади. Мисол учун, бири бемор, иккинчиси соғ, бири камбағал, иккинчиси бой, бирининг фарзандлари кўп, иккинчисиники оз ва ҳоказо.

13. Балоғатга етгандан сўнг уйлантириб, оилали қилиб қўйиш ва бошқалар.

Оилада фарзандларнинг алоҳида ҳуқуқлари бўлиб, уларга амал қилиш шарт этиб қўйилгандир.

Шу ўринда оила раҳбари зиммасига катта масъулият юклатилишини алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман. Маълумки, ўз фарзандларининг, аҳли-аёлининг ахлоқи, хулқ-атвори, юриш-туриши учун оила бошлиғи масъулдир.

14. Тарбия ҳаққи ҳам фарзандлик ҳақларидандир.

Аллоҳ таоло Таҳрим сурасида: «Эй иймон келтирганлар! Ўзингизни ва аҳли аёлингизни ёқилғиси одамлару тошдан бўлган дўзахдан сақланг. Унинг тепасида қўпол, дарғазаб фаришталар бўлиб, улар Аллоҳнинг амрига исён қилмаслар ва нимага буюрилсалар, шуни қилурлар», деган (6-оят).

«Яхшилик ва силаи раҳм» китоби 1-жуз.

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 5 октябрдаги 03-07/7613-рақамли хулосаси асосида чоп қилинган.

 

 

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. .Саъд ибн Убода Зарқийдан, у отасидан ривоят қилади.Мадинанинг масжидида Амр ибн Усмон ибн Аффон билан ўтирган эдим. давоми...

2185 13:30 / 19.02.2020
27. Абдуллоҳ ибн Амрдан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Бир кишининг ўз отаонасини сўкиши гуноҳи кабиралардандир,, дедилар..Қандай қилиб ўз давоми...

5122 10:30 / 05.12.2018
Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Албатта, киши ўзининг ҳусни хулқи ила кечалари бедор бўлганнинг даражасини топади,, давоми...

1348 09:00 / 16.02.2023
Салмондан ривоят қилинади.Гумондан хавфсираб, ходимимга суякни ҳам санаб бераман,.Салмондан ривоят қилинади.Гумондан қўрқиб, суякни санаб бераман,.Шарҳ Ушбу икки давоми...

2498 15:02 / 13.06.2020
Аудиолар

210837 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130101 14:35 / 11.08.2021