
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
عَنْ أَبِي بَكْرِ بْنِ حَزْمٍ، عَنْ رَجُلٍ مِنْ أَصْحَابِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: كَفَيْتُكُم أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «الْوُدُّ يُتَوَارَثُ».
Абу Бакр ибн Ҳазм Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан бир кишидан ривоят қилади:
«Мен сизларга кифоя қилиб айтаманки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Дўстлик мерос бўлиб қолади», дедилар».
Шарҳ: Бу нима дегани? Бу ота-онанг дўст тутган кишини сен ҳам дўст тутишинг керак, дегани. Демак, ота-онасига дўст бўлган одамларни улардан кейин фарзандлар ҳам дўст тутиб, уларнинг ҳурматини ўрнига қўйиб, яхшилик қилиб, дуосини олиб юришлари керак. Ана шунда ота-оналарининг яхшилигини уларнинг вафотидан кейин ҳам давом эттирган, уларнинг руҳини шод қилган бўладилар.
Ота-онага фарзанд қандай муносабатда бўлиши кераклигига оид биринчи ва иккинчи қисмда келган ҳадиси шариф ва ривоятларни қўлдан келганича ўрганиб бўлганимиздан кейин хулоса тариқасида баъзи маълумотларни тақдим этишга рухсат бергайсиз. Албатта, бунда такрордан қочиб бўлмаслиги аниқ ва бунинг учун сиз азизлардан узр сўраймиз.
Ота-онани ҳурматлаш, эъзозлаш масаласида ҳеч бир тузум ёки тарбия воситаси Исломга тенг ҳам, яқин ҳам кела олмайди. Ота-онанинг ҳурмати, фарзанд устидаги ҳаққи тўғрисидаги оятлар, ҳадислар, исломий ҳикматлар, мусулмонлар ҳаётидаги тажрибалар дунё тарихида бу борада мисли кўрилмаган олиймақом нарсалар эканлиги маълум ва машҳурдир.
Ислом фарзандлар зиммасида ота-оналарнинг бир қанча ҳақ-ҳуқуқлари борлигини таъкидлайди. Бу масала Қуръони Каримда, суннати набавияда ва Ислом тарбияси ҳақидаги китобларда алоҳида баён қилинган.
Мазкур ҳуқуқлар асосан учта муҳим қисмдан иборатдир.
Биринчи қисмдаги ҳақлар:
Фарзандлар ўз ота-оналарига яхши муомалада ва ширинсухан бўлишлари, уларга меҳрибонлик кўрсатишлари, доимий эҳтиром билан уларни тақдирлаб туришлари, Аллоҳ таолонинг шариатига зид бўлмаган барча буйруқ, талаб-истакларини бажармоқлари лозим.
Аллоҳ таоло Исро сурасида:
«Роббинг фақат Унинг Ўзигагина ибодат қилишингни ва ота-онага яхшилик қилишни амр этди. Агар ҳузурингда уларнинг бирлари ёки икковлари ҳам кексаликка етсалар, бас, уларга «Уфф» дема, уларга озор берма ва уларга карамли сўз айт! Икковларига меҳрибонлик ила хокисорлик қанотингни пастлат ва: «Роббим, улар мени кичикликда тарбия қилганларидек, уларга раҳм қилгин», деб айт», деган (23-24-оятлар).
Аллоҳ таолонинг ота-онани бунчалар эъзозлашининг алоҳида ҳикмати бор: онангиз сизни ҳомиладорлик пайтида, туғилганингиздан сўнг авайлаб кўтариб юради, сутини, меҳрини, қалб қўрини бағишлаб парваришлайди, сизни деб оромидан кечади. Отангиз ҳам сизнинг комил инсон бўлиб етишишингизда ўз ҳиссасини қўшади.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг Луқмон сурасида: «Инсонга ота-онаси ҳақида тавсия қилдик: онаси уни заифлик устига заифлик билан кўтарди; уни сутдан ажратиш икки йилдадир. Менга ва ота-онангга шукр қилгин. Ва қайтиш фақат Менгадир», деган (14-оят).
У Зот Бақара сурасида: «Эсланг, ўшанда: «Аллоҳдан бошқага ибодат этмайсиз, ота-онага яхшилик қиласиз ва яқин қариндошларга, етимларга, мискинларга ҳам; одамларга яхши гаплар айтинг, намозни қоим қилинг, закотни беринг», деб Бану Исроилнинг аҳду паймонини олган эдик», деган (83-оят).
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу:
«Қайси бир мусулмон фарзанди савоб умиди билан эрталаб ота-онасини зиёрат қилса, Аллоҳ таоло унга жаннатнинг икки эшигини очади. Агар улардан бирини зиёрат қилса, унга жаннатнинг бир эшигини очади. Бола ота-онасидан бирини хафа қилгудек бўлса, уни рози қилмагунича Аллоҳ таоло ундан рози бўлмайди», дедилар.
Шунда бир киши: «Агар ота-оналар болага зулм кўрсатган бўлса-чи?» деб сўради.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу: «Агар улар боласига зулм кўрсатган бўлса ҳам, фарзанд уларни ранжитмаслиги керак», деб жавоб бердилар.
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бир киши келиб, жиҳодга ижозат сўради. Шунда у зот: «Ота-онанг ҳаётми?» деб сўрадилар. «Ҳа, ҳаёт», деди. «Ота-оналаринг ҳаққида жиҳод қил», дедилар».
Яъни: «Ота-онангнинг кўнглини олиш учун жон-жаҳдинг билан ҳаракат қил», дедилар.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Қайси амал Аллоҳ таолога севимлироқ?» деб сўрадим.
«Фарз намозларни ўз вақтида адо этиш», дедилар.
«Сўнг қайсиниси?» дедим.
«Ота-онага яхшилик қилиш», дедилар.
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.
Бу ҳадис аниқ шуни кўрсатадики, ота-онага яхшилик Исломдаги энг оғир ва шарафли вазифа ҳисобланган жиҳоддан ҳам олдин зикр қилиниб, афзал кўрилган. Ҳатто жиҳодда ҳалок бўлиб кетиши эҳтимоли бўлишига қарамай, унинг мартабаси ота-онага қилинган яхши муомаладан кейинга қўйилишидан ҳам фарзанд олдида ота-она ҳаққининг нақадар оғир эканлигини, агар шу ҳадиси шарифларга биноан иш қилса, фарзанд қанчалик савобларга эришишини яққол билса бўлади.
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинади:
«Жаннатнинг ҳиди беш юз йиллик масофадан сезилади. Унинг ҳидини амалини миннат қилувчи, оқ бўлган ва сурункали хамр ичганлар топа олмайди», дедилар».
Табароний ривоят қилган.
Иккинчи қисмдаги ҳақлар:
Ота-она ўзига тўқ бўлса ҳам, уларнинг нафақаларини яхшилаш, нафақа бериб туриш, уларни сўрашга муҳтож қилмай ёки миннат қилмай, иззат кўрсатишдир.
Ота-оналари заифлашган, қартайган вақтларида фарзандлар томонидан уларнинг ҳаққи адо этилишини Ислом биринчи ўринга қўяди.
Ислом шариати қодир фарзандларга ожиз бўлган ота-оналар ҳаққини кафолатга олишни ҳукм этади. Ишни уларнинг ўзларига топширмайди, балки бу кафолат фарздирки, агар вақтида вафо қилмаса ҳам, кейинчалик қазоси вожиб бўлади.
Бола ота-онасига қанчалик эҳсон қилмасин, қанчалик уларни ўзидан ортиқ кўрмасин, ўзи дунёга келишига сабаб бўлган мукофотни қайтара олмайди.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бола отасининг мукофотини қайтара олмайди. Фақат отаси қуллик азобида юрган бўлса, фарзанд уни сотиб олиб, озод қилсагина, мукофот бўлиши мумкин», дедилар».
Абу Бурда ибн Абу Муъаййид Ашъарий айтади:
«Абдуллоҳ ибн Умар яманлик бир кишининг ўз онасини елкасига опичлаб, хонаи Каъбани тавоф қилдириб юрганини кўрибди. У одам тинмай қуйидаги байтни ўқиб юраркан:
«Мен онамнинг минган ювош туясиман,
Уловлари чарчаса ҳам, чарчамасман».
У буни айтар экан, Абдуллоҳга қараб:
«Эй Абдуллоҳ ибн Умар, мана шу хизматим билан мен онамнинг ҳаққини адо қила олдимми?» деб сўрабди.
Абдуллоҳ ибн Умар: «Йўқ, бу хизматинг онанг сени туғиш пайтида тутган тўлғоқларнинг биттасига ҳам тенг бўлолмайди», деди».
Бухорий ривоят қилган.
Учинчи қисмдаги ҳақлар:
Фарзанд ота-она хизматида доимо шай туриши, ҳатто мушрик бўлсалар ҳам, уларнинг розилигини топиши, вафотларидан сўнг шариат ҳукмига кўра ҳақларини адо этиши лозим.
Шунга кўра, ота-она томонидан яқин қариндошлик алоқаси бор кишилардан ҳам алоқани узмаслик вожиб. Яна ота-онанинг ҳақларига ҳаёт вақтларида ҳам, вафотларидан кейин ҳам дуода бўлиб туриш лозим.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар банда вафот этса, унинг савоб келтирадиган барча амаллари кесилади. Лекин садақаи жория, манфаат берадиган илм ва унга дуо қиладиган солиҳ фарзанддан кесилмайди», дедилар».
Бухорий ривоят қилган.
Яъни садақаи жория, яъни оқиб турувчи садақа – Аллоҳ ризолиги учун қилинган кўпчиликка хизмат қилувчи масжид, мадраса, кўприк, йўл ва бошқа бинолар, жамият манфаати учун ёзиб қолдирилган илмий асарлар ва ўзидан кейин хайр-дуода бўлувчи солиҳ фарзандлар қолдирган бўлса, ана шулар воситасидаги савоб вафотидан сўнг ҳам давом этади.
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бир киши келиб, «Эй Аллоҳнинг Расули, ота-онамга вафотларидан кейин ҳам мен қила оладиган эзгу амаллар қолдими?» деди.
«Ҳа, тўрт хислат бор: уларнинг ҳаққига дуо қилиш, гуноҳларини кечиришини Аллоҳ таолодан сўраш, уларнинг насиҳат ва шаръий васиятларини бажариш, дўст-биродарларини иззат-икромда тутиш ва ота-она тарафидан бўладиган қариндошликни давом эттириш», дедилар» (Имом Бухорий ривоят қилган).
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир киши:
«Эй Аллоҳнинг Расули, онам вафот этди, лекин васият қилмади. Мен унинг номидан садақа берсам, фойдаси тегадими?» деди.
«Ҳа», дедилар у зот.
Имом Бухорий ривоят қилган.
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Макканинг йўлида у кишига бир аъробий учраб қолди. Ибн Умар салом бериб, уни ўз эшагига миндириб олди. Кейин унга бошидаги салласини берди. Шунда Ибн Динор унга: «Аллоҳ сенинг ишингни ўнгласин. Булар аъробийлар. Улар оз нарсага ҳам рози бўлаверадилар», деди.
«Бунинг отаси Умар ибн Хаттобнинг оғайниси эди. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Яхшиликларнинг яхшиси бола отасининг оғайнисига яхшилик қилишидир», деганларини эшитган эдим», деди».
Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.
Бану Саламадан бир киши келиб, «Эй Аллоҳнинг Расули, ота-онамнинг вафотларидан кейин уларга қилишим керак бўлган яхшиликлардан бирор яхшилик қолдими?» деди.
«Ҳа. Уларнинг ҳаққига дуо қилиш, улар учун истиғфор айтиш, улардан кейин аҳдларига вафо қилиш, улар воситаси ила қилинадиган силаи раҳмни қилиш ва уларнинг дўстларини икром этиш», дедилар».
Абу Довуд ва Байҳақий ривоят қилишган.
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Роббнинг розилиги ота-онанинг розилигидадир. Роббнинг норозилиги ота-онанинг норозилигидадир», дедилар».
Термизий ривоят қилган.
Шунинг учун Аллоҳ таолони рози қиламан деган киши Аллоҳ таоло чизган чегарада ота-онасини рози этишга ҳаракат қилмоғи лозим. Аллоҳ таолони норози қилмайман деган одам Аллоҳ таоло чизган чегарада ота-онасини норози қилмасликка ҳаракат қилмоғи лозим.
Ҳасандан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Холиққа маъсиятда махлуққа итоат йўқ», дедилар».
Ибн Абу Шайба ривоят қилган.
Яъни бандани рози қиламан деб, Аллоҳ таолони норози қиладиган нарсани қилиб бўлмайди.
Мусулмон фарзанд ота-онасини рози қилиш учун барча яхшиликларни қилиши матлуб. Аммо бу ишлар шариат кўрсатмаларидан заррача ҳам четга чиқмаслиги лозим. Акс ҳолда банда Аллоҳ таолонинг олдида гуноҳкор бўлиб қолади.
«Яхшилик ва силаи раҳм» китоби 1-жуз.
Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 5 октябрдаги 03-07/7613-рақамли хулосаси асосида чоп қилинган.