1447 йил 14 жумадис сони | 2025 йил 05 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Янгиликлар

Мусулмонларнинг тўғри ақидасини асослаб берган буюк аллома

16:30 / 19 апрель 609 pdf Ўқиш режими + -

Инсоният тарихида ўз ўрнига эга бўлган буюк алломаларимиздан бири Имом Абу Мансур Мотуридийдир. Ул сиймо фақат бир замоннинг эмас, балки барча замонларнинг долзарб ва муҳим масалаларига асосли ҳамда қатъий жавобларни бера олган мутафаккир олим.

У зотнинг дунё илм-фанига, айниқса, ақида илмига қўшган ҳиссаси, ақл ва нақлни уйғунлаштиришдаги ўрни ҳақида замондошлари ҳамда муҳаққиқ олимлар томонидан юксак баҳолар берилган.

Кўпчилик «Абу Мансур» нисбасини эшитганда, у зотнинг ўғли «Мансур» бўлганми, деган саволга тўхталади. Лекин манбаларда Имом Мотуридий раҳимаҳуллоҳнинг «Мансур» исмли ўғли бўлгани айтилмаган. Аммо тадқиқотчилар манбаларга таяниб, у зотнинг қизи бўлганини таъкидлаган. Лекин Имом Мотуридий ўз тафсирида ўғил фарзандли бўлишни орзу қилганини ва уни «Мансур» деб номлашини айтиб ўтган. Бу ҳақда «Таъвилот ал-Қуръон»да шундай дейилади: «Абу Мансур» деб, унга «Мансур» исмли ўғил туғилиши умидида ишлатилади».

Бу орзу амалга ошган ёки йўқлиги ҳақида тарихий маълумот учрамайди. Қайд этилган жумла Имом Мотуридийнинг шахсий ҳаётидаги содда бир орзуни кўрсатса-да, унинг туйғулари қанчалик самимий эканини билдиради.

Имом Мотуридийнинг илмдаги даражаси ҳақида у зотнинг шогирдлари ва издошларидан етишиб чиққан етук олимлар юксак баҳолар берган. «Сайфул-ҳақ» (Ҳақиқат қиличи) деган шарафли унвонга сазовор бўлган олим Абу Муин Насафийнинг таъкидлашича: «Агар аҳли сунна олимлари орасида фақат Имом Абу Мансур Мотуридийнинг ўзи бўлганида ҳам, етарли бўлар эди». Бу таъриф Имом Мотуридийнинг аҳли сунна ва жамоа асосини барпо этишдаги ўрнини ёрқин намоён қилади.

Ундан ташқари, Абу Муин Насафий Имом Мотуридийга: «Илм уммонига шўнғиб, ундаги ноёб дурларни қўлга киритишга муваффақ бўлган, диннинг ҳужжат-далилларини баён этиб, уларни ўз фасоҳати, чуқур илми ва юксак ақл-заковати билан сайқаллаштирган олим», деган таърифни берган.

Устози Абу Наср Иёзийнинг у зотга нисбатан ҳурмати ва эътирофи ҳам жуда таъсирли. У дарс мажлисларида Мотуридий ҳозир бўлмагунча гапирмас эди. Ҳар гал уни узоқдан кўриб, ҳайрат билан назар ташлар ва Қуръони каримдан қуйидаги оятни тилга оларди: «Парвардигоринг хоҳлаганини яратади ва ихтиёр этади» (Қасос сураси 68-оят).

Абдулҳай Лакнавий «ал-Фавоидул-баҳия» асарида Имом Абу Мансур Мотуридийни мутакаллимлар имоми ва мусулмонларнинг тўғри ақидасини асослаб берган буюк аллома сифатида тавсифлайди. Унинг таъкидлашича, Имом Мотуридий беназир асарлар яратиб, ботил ақида вакилларининг бузғунчи ғояларига раддиялар берган.

Айрим манбаларда Имом Мотуридий тариқат шайхлари томонидан ҳам умматни тўғри йўлга йўлловчи шахс сифатида эътироф этилгани айтилади. Имом Абу Бакр Аҳмад ибн Исҳоқ ибн Солиҳ Жузжоний Имом Мотуридийнинг тасаввуфдаги устозларидан бири бўлган.

Замонавий мотуридийшунос олимлардан Аҳмад Саъд Даманҳурий ўзининг Имом Мотуридийга бағишлаб ёзган асарида шундай дейди: «Имом Мотуридий фиқҳ, илм, тақво, дину диёнат, фазилат ва яхшиликда пешқадам бўлиб, у билан ҳамфикр ёки унга қарши бўлганларнинг барчаси унинг беназир олим эканини эътироф этган. У суннатнинг кескир қиличи, бидъат ва гумроҳликка қарши курашган аллома бўлган. Ул зот кўплаб китоблар ёзиб, ислом динини ҳимоя қилган, унга қарши чиққанларни мағлуб этган». 

Мотуридийшунос олим Сўнмас Қутлуғ эса шундай дейди: «Имом Мотуридий Аллоҳ таоло томонидан инсониятга берилган энг улуғ инъом, бебаҳо туҳфадир».

Айримлар «Китоб ат-тавҳид»нинг кириш қисмидаги ақлий далилларга қараб, у зот фақат ақлга таянган деб хулоса қилади. Лекин Яратувчининг мавжудлигини инкор қилаётган инсонга ўша мавжудликни ақл орқали исботлаш табиий ва зарурий услубдир. Имом Мотуридий нақлни четлатмаган, балки уни ўз ўрнида ишлатган. Аксинча, Имом Мотуридий илмда нақл ва ақлни мукаммал тарзда уйғунлаштира олган олим эди. У зот ўзининг соғлом эътиқодга бағишлаб ёзган «Китоб ат-Тавҳид» асарида Қуръони каримнинг 77 та сурасининг, 350 та оятидан фойдаланган. Бу эса Мотуридийнинг ақида масаласида нақлга нақадар эътибор қилганини кўрсатади. Турк олими Бакр Тўпол ушбу кўрсаткичларни таҳлил қилиб, ҳатто Имом Мотуридийнинг ишора қилиб кетган оятларини ҳам келтирган ва бу сон янада юқори чиққанини таъкидлаган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев  томонидан буюк олимга юксак ҳурмат ифодаси ўлароқ «Имом Мотуридий таваллудининг 1155 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида»ги қарор қабул қилингани, албатта, бутун дунё мотуридийшуносларини чексиз қувонтирди. Бу эса ҳар бир инсоннинг қалбида фахр ва шодлик туйғусини уйғотмай қолмайди.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Имом Абу Мансур Мотуридий – ислом ақидасини ҳимоя қилган, аҳли сунна вал-жамоа таълимотининг илмий асосларини тизимлаштириб, мустаҳкамлаган буюк олимдир. У ўз асарлари ва илмий баҳслари орқали турли бидъатчи тоифаларнинг нотўғри ақидаларини рад этган. Имом Мотуридий фақатгина раддия берувчи эмас, балки ақидавий масалаларга ақл ва нақл асосида ечим топа билган буюк шахсият эди.

Ихтиёр Абдураҳмонов,

Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Манба: uza.uz

 

 

Мавзуга оид мақолалар
.Hilolnashr, матбаанашриёти ҳамда islom.uz портали жамоаси мужаддид шайх Маҳмуд Афанди ҳазратларининг вафоти муносабати билан чуқур таъзия изҳор қилади. Маҳмуд Афанди давоми...

1910 10:15 / 23.06.2022
Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Давронбек Махсудов ва Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раисининг ёшлар ишлари бўйича ўринбосари давоми...

1070 07:44 / 07 февраль
3 июнь куни Макка шаҳридаги ўзбекистонлик зиёратчилар ўзлари турган меҳмонхоналарда ғусл қилиб, эҳром боғлаб, ҳаж нияти ила имону ихлос билан лаббайкани айтиб давоми...

707 08:07 / 04 июнь
Мисрдаги Инсоний биродарлар бирлашмаси Динлараро Олий қўмитаси барча дин вакилларини 14 май куни Рамазон рўзасини тутишни таклиф қилди. Бу таклифини давоми...

2348 11:01 / 13.05.2020
Аудиолар

210850 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130114 14:35 / 11.08.2021