1446 йил 26 шаввол | 2025 йил 24 апрель, пайшанба
Минтақа:
Тошкент
ЎЗ UZ RU EN
Суннат ва замонавий илм

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг асло тарк этмаган суннатлари

16:29 / 09 апрель 777 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мисвок қилиш оғизни покловчи сифатида ҳар бир ибодатимизда зарур ва муҳим воситадир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларига машаққат бўлишини мулоҳаза қилганлари сабабидангина уларга ҳар таҳоратда мисвок қилишни буюрмаганларининг ўзиёқ бу ишга қанчалар аҳамият берганларини кўрсатиб турибди. Сийрат китобларидан маълумки, жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларига қадар мунтазам мисвок қилганлар.

Аммо ҳозирги пайтда мусулмонларимиз бу муҳим ишга эътиборсиз бўлиб қолишган. Айримлари мисвокни ёнда олиб юришса ҳам, таҳоратда уни тишга теккизиб қўйиш билан кифояланишади, тишлари сарғайганича қолаверади. Баъзилари эса тишларини замонавий воситалар билан ялтиратиб ювишади, мисвок қилиш ҳам бир ибодат, ибодат бўлганда ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таъкидлаган ибодат эканини унутиб қўйишади, Роббини рози қилишни ўйлашмайди. Кўплар мисвок тутиш тартибларини билишмайди. Унга чанг-ғубор тегмаслиги учун махсус ғилофда олиб юриш, ҳар гал мисвок қилишдан олдин ва кейин уни яхшилаб ювиш, тоза ҳолда сақлаш лозим бўлади.

Мисвок борасида юздан ортиқ ҳадислар ворид бўлган. Бундан ташқари саҳобийларнинг ҳам мисвокнинг фазилатлари, фойдалари ҳақидаги сўзлари кўп. Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу: «Оғизларингиз Қуръон йўлидир. Уни мисвок билан тозаланг», «Қуръон ўқиш, рўза тутиш ва мисвок ишлатиш хотирани кучайтиради», деганлар. Аббос ибн Абдулмутталиб розияллоҳу анҳу: «Нега сарғайган тишларингиз билан ҳузуримга кирасиз? Мисвок ишлатинг», деб айтганлар. Имом Авзоий: «Мисвок қўлламоқ таҳоратнинг ярмидир», деганлар.

Арок дарахти шохчаларидан тайёрланадиган мисвокнинг фойдалари, шифобахш хоссаларини қадимда яхши билишган. Ҳофиз Ибн Ҳожар розияллоҳу анҳу ҳамда Ибн Қоййум мисвокнинг ўттиздан ортиқ фойда ва хусусиятларини санаб ўтишган. Қуйида шулардан айримларини келтирамиз:

1. Мисвок Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг асло тарк этмаган суннатлари.

2. Аллоҳнинг розилигига эриштиради.

3. Оғиздаги бадбўйларни хушбўйлаштиради.

4. Тишларнинг чириши ва дарз кетишининг олдини олади.

5. Милкларни мустаҳкамлаб, қонаши ва йиринглашини йўқотади.

6. Оғиз сувини юмшатади, балғамни кўчиради, овозни тиниқлаштиради, нутқ талаффузини енгиллаштиради.

7. Ошқозон фаолиятини яхшилаб, овқат ҳазмига ёрдам беради.

8. Юрак, меъда, кўз асабларини мустаҳкамлайди.

9. Кўзни равшан, назарни ўткир қилади, кўз оғришини тўхтатади.

10. Уйқуни қочириб, юзни гўзаллаштиради, кексайишни кечиктиради.

11. Ўлимдан бошқа кўплаб хасталикларга даво бўлади.

12. Фаришталарни мамнун-хурсанд, шайтонни хафа қилади.

13. Ҳасанотларни кўпайтиради.

14. Хотирани кучайтиради, заковатни орттиради, зеҳнни очади.

15. Шаҳодат калимасини эслаттиради, ёдга туширади.

16. Жон беришни осонлаштиради.

17. Иймон билан кетишга сабаб бўлади.

Олимлар мисвок учун ишлатиладиган дарахт шохларини кимёвий таҳлилдан ўтказиб, ақл бовар қилмайдиган хоссалари ва афзалликларини аниқладилар ҳамда ҳадиси шарифнинг илмий мўъжизаларига яна бир карра тан беришга мажбур бўлдилар. Кузатиш ва тадқиқотлар натижасига кўра, мисвок инсон организмида қон қуюлишининг олдини олувчи ва турли бактерияларни йўқотувчи тоза ва хушбўй моддаларга бой экан. Илмий изланишларнинг хулосаси шу бўлдики, арок дарахтида мавжуд моддалар ҳозирги тиш тозалаш маъжун (паста)ларининг ҳаммасидан кўра тиш ва соғлиқ учун фойдалироқ экан. Аниқроғи, унинг таркибидаги фойдали моддалар ҳеч қайси тиш пастасида учрамайди. Замонавий тиббиёт илми хулосасига кўра, мисвокнинг қуйидаги фойдалари бугунга келиб аниқланди:

1. Таркибида фтор моддаси бўлган мисвок тишларнинг емирилиши (кариес) олдини олади.

2. Мисвок хлор моддасига эга бўлгани учун тишлардаги турли ранг, кир, доғларни кетказади.

3. Унинг таркибидаги силикат моддаси тишларни яхшигина оқартиради.

4. Мисвокдаги фосфор моддаси тишни чиритувчи бактериялардан ҳимоялайди.

5. Триметиламин ва дармондорилар милкларни ёрилишдан асрайди, жароҳатларни тузатади ва тишларнинг соғломлигини таъминлайди.

6. Энг асосийси сигарета ва нос чекишни ташловчиларга яхши ёрдам беради.

Мисвок ишлатишнинг афзал вақтлари:

– Таҳорат вақтида.

– Намоздан олдин.

– Қуръон қироатидан аввал.

– Овқатдан кейин ёки таом қолдиғи сабабли оғиз ҳиди ўзгарганда.

– Узоқ сукут ёки кўп гапиргандан сўнг.

– Уйқуга ётишдан олдин.

– Уйқудан уйғонган маҳал.

– Бирор манзилга кириш ёки аҳлига йўлиқишдан аввал.

– Ўлим талвасаси ва Парвардигор ҳузурига риҳлат қилаётган маҳалда.

Кўпчилигимизга жўн туюлган ва кўпда аҳамият берилмайдиган покизалик воситаси, тиш тозалаш воситаси бўлмиш мисвокнинг фойдалари, шифобахшлиги, хусусиятлари ҳақида ҳадис китобларида, илмий адабиётларда бундан ҳам кўп ва кенг маълумотлар берилган.

«Мўминнинг меърожи» китобидан

 

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Кундан кунга Қуръони Карим ва Суннати мутоҳҳарадаги илмий мўъжизалар, ҳақиқатлар илмий томондан ҳам аниқланмоқда. Ушбу мақолада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи давоми...

1842 16:20 / 30.03.2024
. . Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Қачонки бирортангизнинг идишига пашша тушиб қолса, давоми...

3287 14:00 / 05.01.2023
Инсон ҳужайрасининг ҳозиргача олинган энг сўнгги тасвири. Расм манбаси Гарвард университети 2020 йил, декабрьРасмда битта ҳужайранинг ички тузилиши акс этган. давоми...

1940 12:30 / 11.03.2021
quotЙўқ Қасамки, агар у бу йўлидан қайтмаса, албатта, Биз уни пешонасидан тутамиз. Ўша ёлғончи, адашган гуноҳкор пешонани тутиб жаҳаннамга отурмизquot Алақ сураси, давоми...

4330 18:02 / 15.10.2018