1447 йил 24 жумадис сони | 2025 йил 15 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Рамазон

Рамазон фонуси

13:07 / 01 март 2258 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Фонус бугунги кунда Рамазон ойининг рамзига айланиб қолган. Кўплаб мусулмон мамлакатларида Рамазон кириши билан одамлар фонуслар сотиб олиб, уйларини безатадилар. Интернет оламида ҳам фонус сурати туширилган табрик ёрлиқлари кўпайиб кетади.

Айниқса, Мисрда фонусларнинг алоҳида ўрни бор. Бу мамлакатда Рамазон ойи фонуслар билан чамбарчас боғлиқ.

Исломнинг илк даврида фонуслар тунда намозга кетаётган кишилар томонидан йўлни ёритиш учун қўлланган бўлса, кейинчалик улар ўзининг аслий вазифасидан кўнгил очиш вазифасига ўтган. Яъни, Рамазон кирганлиги билан шодлик изҳор қилишнинг ўзига хос рамзига айланиб қолган.

Бироқ, ҳамма ҳам қандай қилиб, фонуслар Рамазон ойининг рамзи бўлиб қолганлигининг тарихини билавермайди. Қуйида, айнан шу ҳақда мухтасар сўз юритмоқчимиз.

Ҳижрий 358 санада (милодий 972) Қоҳира шаҳрига Фотимийлар давлатининг асосчиси ал-Муъизз Лидийниллаҳ кириб келганда шаҳар аҳли фонуслар ва машъалалар кўтариб, олқишловчи ҳайқириқлар билан кутиб олган эдилар. Мазкур воқеа Рамазон ойининг бешинчи баъзи ривоятларда ўн бешинчи кунига тўғри келган эди.

Ўша вақтдан бери фонус Рамазон кирганини нишонлаш ва тантана қилишнинг ўзига хос кўринишларидан бирига айланиб қолган.

Рамазон кириши билан одамлар нархи ва сифатлари турлича бўлган бир-биридан чиройли фонусларни сотиб олиб уйларини безатадилар. Шу билан Рамазонга бўлган эътиборларини изҳор этадилар. Зеро, Фотимийлар давлатида шомдан сўнг болалар фонусларни кўтариб олган ҳолда Миср кўчалари ва бозорларида айланиб, ўзига хос қўшиқлар айтиб, одамлардан турли-туман ҳадялар ва ширинликлар талаб қилишарди.

Саҳар вақтида ҳам эрта уйғониб олган болалар мусаҳҳиротийнинг (Рамазонда одамларни саҳарликка уйғотиб юрувчи киши) ортидан эргашиб, маҳаллалар ва кўча-кўйлар оралаб одамларни саҳарга уйғотишар эди.

Саҳарликка уйғотувчи қофияли сўзлар гарчи оддий одамлар ва болалар томонидан ўйлаб топилган бўлса-да, ўзига хос маъно ва балоғат ташир эди ўзида. Масалан: «Исҳий я Нааим, ваҳҳиди-д-Даим», яъни «уйғон эй уйқудаги зот ва абадий зотни ширкдан поклаб ёд эт!».

Шунингдек, болалар Рамазоннинг илк кунларида «ваҳвий я ваҳвий» деб бошланувчи қўшиқлари билан Рамазоннинг кириб келганини тараннум этардилар. Дарвоқе, бу қўшиқ ҳозир ҳам айтилади.

Мазкур қўшиқ Мисрда фиръавнлар давридан қолган бўлиб янги ой кирганлигини билдирарди. Қадимий миср тилида қўшиқнинг асли «қоҳ вий, ваҳ вий, иҳъа» шаклида бўлиб, «чиқдинг, чиқдинг эй ҳилол!» маъносини англатган.

Бизнинг юртларда ҳам қадимдан болалар Рамазоннинг илк кунларида муборак ой ташриф буюрганлигидан хурсанд бўлиб, бу қувончни ўзлари назмга солган содда ва самимий рамазоний қўшиқлар билан ифода этиб келадилар. Бу ҳам бўлса бизнинг қайсидир маънода маънавий бойлигимиз ва қадриятларимиздан биридир. Бу ҳам бўлса, юртимиздаги Рамазон шукуҳининг ёрқин ифодасидир. Шундай экан, уни асраб авайлашимиз керак.

Бу ойда болаларни хурсанд қилиш керак. Токи, Рамазонни кутиб яшашсин, уни йил бўйи соғинишсин. Токи, уларнинг маъсум ва мурғак қалбларида Рамазон ойи гўзал ва ширин хотиралар билан муҳрланиб қолсин.

Алишер Султонходжаев

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ўқилиши .Субҳаана зилмулки валмалакуут. Субҳаана зилъиззати валъазомати валқудроти валкибрийаа`и валжабаруут. Субҳааналмаликил ҳаййиллазии лаа янааму ва лаа давоми...

48584 14:11 / 28 февраль
.Лайлатул қадр,ни фақат 27 кечада, деб эътиқод қилиб, охирги ўн кунликнинг бошқа кечаларида ибодатда қоим бўлмаслик, кўпгина хайрдан маҳрумлик аломатидир. давоми...

2187 14:10 / 01.04.2024
Рамазон ойи одамлар учун ҳидоят манбаи ва тўғри йўл ҳамда ҳақ билан ботилни ажратгувчи очиқ оятлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир. Рамазон ойи ҳар доим давоми...

1906 18:03 / 06.04.2024
иккинчи мақола Биз ўттиз кун мобайнида энг катта душманимизнинг устидан ғолиб бўлиб яшаймиз. Оҳ, у бизларни не кўйларга солмайдия Қаерда, обрўни, иззатни, ғурурни, давоми...

3613 17:58 / 27 февраль
Аудиолар

213588 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

132795 14:35 / 11.08.2021