1447 йил 25 шаъбон | 2026 йил 13 февраль, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом адабиёти

Гул билан суҳбат

11:35 / 27.02.2025 1729 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Кўринди бу кеча гулда муножот,

Забони ҳол билан кечди мулоқот.

Дедим: «Эй гул, нечун чеҳранг қизилдир?»

Деди: «Эй қул, юз изҳори кўнгилдир».

Дедим: «Недан ажаб нозикбадансан?»

Деди: «Дил нозик эрса, найласин тан?!».

Дедим: «Жисмингда йўқ ғунчангдаги бўй?»

Деди: «Хулқинг оғиздан кўрсатар бўй».

Дедим: «Баргинг яшил эркан, гўзалдир»,

Деди: «Орзу-умидлардан масалдир».

Дедим: «Сўлғин кўрингайсан хазонда?»

Деди: «Бу ерга ётмоқдан нишон-да».

Дедим: «Ҳосилларингни не қиларсан?»

Деди: «Сув ичган ўрнимга тўкарман».

Дедим: «Узмиш гулингни бир неча ёш?»

Деди: «То лаб очилди, кетди бу бош!»

Дедим: «Борми сенинг бир боғбонинг?»

Деди: «Жисминг турарми, йўқса жонинг?»

Дедим: «Булбул сенга ошиқ экан кўп?»

Деди: «Боғбондир ишқ аҳлига маҳбуб».

Дедим: «Ҳар япроғинг санъат нишони»,

Деди: «Ҳар бири боғбон достони».

Дедим: « Нега боқарсан кўкка доим?»

Деди: «Дил талпинар, айтиб «илоҳим».

Дедим: «Қанча қуёшдан баҳравар тан?»

Деди: «Ҳар қанча унга юзланарман».

Дедим: «Ёнингда бу ажриққа не бор?»

Деди: «Тушса назарлар, айлагай кор».

Дедим: «Нега гўзаллик рамзи сенсан?»

Деди: «Доим табассум суннат эркан».

Дедим: «Сен қўлма-қўл халқ ичра доим»,

Деди: «Сен ҳам тиконсиз бўл, мулойим».

Дедим: «Эл юзингга мафтун бўларлар?»

Деди: «Бадбўй эсам, ташлаб кетарлар».

Дедим: «Эсса шабода тебранарсан?!»

Деди: «Гар тебранолмассан, синарсан!»

Дедим: «Ари асал олгай гулингдан».

Деди: «Яхши, ёмон бори тилингдан».

Дедим: «Ҳуснингга ошиқлар саноқсиз»,

Деди: «Ўткинчи ҳусн ишқ(қ)а яроқсиз».

Дедим: «Қумғоқ нега гул-ғунча очмас?»

Деди: «Бебаҳра сув бирлан кўкармас».

Дедим: «Меванг йўғ-у, сен серхаридор?»

Деди: «Хушчеҳраликда яхшилик бор».

Дедим: «Жисмингни юлганни нетарсан?»

Деди: «Илгин ўпиб, атрим сепарман».

Дедим: Недир ҳаётинг қилди барбод?»

Деди: «Барвақт очилмоқ бўлди, ҳайҳот!»

Дедим: «Қайдансан-у, сўнг қайга кетмоқ?»

Деди: «Туфроғдан-у, туфроққа қайтмоқ».

Дедим: «Бу ўртада шаънингга не бор?»

Деди: «Гуллик вазифам қилмоқ изҳор».

Дедим: «Умринг, валекин, унча эрмас»,

Деди: «Бир гул бўлишга етмоғи бас».

Дедим: «Энди қачон сен-ла кўришмоқ?»

Деди: «Сен-ла кўришмоқ ўрни учмоқ».

Дедим: «Менга насиҳат айла бир дам»,

Деди: «Туфроғни ёд эт, ожиз одам!»

Дедим: «Менга васият қил, қадрдон»,

Деди: «Қуллик вазифанг, ҳазрат инсон!»

Ҳусайнхон Яҳё Абдулмажид

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Қуёш порлаб чиқди гўё Бани Ҳошим бошидан,Бир марҳамат келди Раҳмондин аларнинг қошида.Олам ғарқ бўлмоқ узра турарди қизлар ёшидан,Икки олам раҳмати мушфиқ давоми...

2025 14:18 / 11.10.2023
Камтарлик ҳақида Гарчи шунча мағрур турса ҳам, Пиёлага эгилар чойнак. Шундай экан, манманлик нечун, Кибру ҳаво нимага кepaк Камтарин бўл, ҳатто бир қадам Ўтма давоми...

2224 11:01 / 26.10.2024
Аллоҳ таоло .Карамлиларнинг карамлиси бўлган Роббинг ила ўқи Ул қалам билан илм ўргатгандир. Ул инсонга билмаган нарсасини ўргатди,, деган.Шарҳ Демак, ўқиш, илм давоми...

4136 05:00 / 07.03.2017
ЕТТИНЧИ БОБ МУНОЖОТАллоҳим, Ўзингга бош эгган бандаБошқалар наздида энг кучли одам.Аллоҳим, исломла улғайган тандаКибруу риё бўлмас зарра бўлса ҳам.Аллоҳим, Сен давоми...

8031 05:00 / 07.03.2017
Аудиолар

230219 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

148798 14:35 / 11.08.2021