1447 йил 14 жумадис сони | 2025 йил 05 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Янгиликлар

Алишер Навоий феномени – жаҳон аҳли нигоҳида

21:20 / 09 февраль 1116 pdf Ўқиш режими + -

Буюк шоир ва мутафаккир, давлат арбоби, Шарқ Уйғониш даврининг ёрқин намояндаси Мир Алишер Навоийнинг порлоқ номи ва бебаҳо мероси халқимиз тарихида, миллий маънавиятимиз ва адабий-эстетик тафаккуримиз ривожида ғоят муҳим ўрин тутади. Улуғ аждодимиз ўзининг ўлмас асарларида она тилимизнинг сўз бойлиги ва ифода имкониятларини бутун жозибаси ва латофати билан намоён этиб, ўзбек адабий тилига асос солди. Айни пайтда ўзбек мумтоз адабиётининг шаклланиши ва такомилида ҳеч ким Навоийдек беқиёс хизмат қилган эмас, десак, айни ҳақиқатдир.

Алишер Навоий умумбашарий маданият ривожига улкан ҳисса қўшган Гомер ва Данте, Сервантес ва Шекспир, Гёте ва Толстой, Низомий Ганжавий ва Ҳофиз Шерозий каби жаҳон адабиётининг даҳолари сафида туради. Ғарб оламида Тристан ва Изолда, Ромео ва Жулетта сингари қаҳрамонлар қанчалик машҳур ва жозибали бўлса, Шарқ дунёсида ҳазрат Навоий яратган Фарҳод ва Ширин, Лайли ва Мажнун каби адабий персонажлар ҳам шу қадар севимли ва қадрлидир.
 

Алишер Навоийнинг асосий феномени – у буюк инсонпарвар ва юксак идеал соҳибидир. Шоир ҳаёт ва адабиётдаги асосий орзуси – комил инсон ғоясини тараннум этиш ва уни бутун дунёга тарғиб қилиш борасида улкан маънавий жасорат кўрсатгани алоҳида эътиборга лойиқдир.


Асрлар давомида шоир асарларидан баҳраманд бўлиб келаётган минглаб инсонлар, улар қайси миллат ва элат вакили бўлмасин, жаҳоннинг қайси мамлакатида яшамасин, ўз замонасининг барча ижтимоий-маънавий муаммоларига, ўзларини қийнаётган саволларга жавоб топа оладилар. Чунки бирон-бир ҳаётий масала, қадрият ва туйғулар, фазилат ва иллатлар йўқки, Навоий қаламга олмаган бўлса!


Буюк аждодимизнинг ўлмас мероси биз учун, айниқса, бугунги мураккаб глобаллашув даврида ҳар қачонгидан ҳам долзарб ва зарурдир. Бу бебаҳо хазина тинч ва барқарор, эркин ва обод ҳаёт барпо этиш йўлида башариятга катта маънавий куч бахш этади.


Улуғ гуманист Алишер Навоий ҳамиша халқнинг дард-у ташвиши билан яшагани, умр бўйи ёрдам ва кўмакка муҳтож инсонларга меҳр-мурувват кўрсатиб, илм-фан, санъат ва адабиёт аҳлига ҳомийлик қилгани бу мумтоз сиймонинг яна бир ибратли фазилатидир. Унинг мамлакат пойтахти Ҳирот шаҳрининг ўзида ўз маблағлари ҳисобига уч юз саксондан ортиқ ижтимоий муассаса – мадраса ва масжидлар, шифохона ва кутубхоналар, ҳовуз ва ариқлар, йўл ва кўприклар, боғ ва хиёбонлар барпо эттиргани, адиб ва олимлар, рассом ва меъморлар, созанда ва хонандалар, моҳир ҳунармандларни доимо моддий ва маънавий томондан қўллаб-қувватлаб келгани ҳам бу фикрни тасдиқлайди.


Ўзбекистон Фанлар академияси академиги Шуҳрат Сирожиддиновнинг ўқувчиларга тақдим этилаётган янги асари – "Алишер Навоий феномени" номли китоби буюк шоир ижоди намуналари ҳамда илмий асосланган тарихий маълумотлар билан жаҳон афкор оммаси, хусусан, халқаро илмий, маданий-маърифий марказларини яқиндан таништириш мақсадида тайёрланган. Ушбу муҳташам китоб дунё аҳли томонидан Навоий даҳосига қизиқиш ўз давридан то бугунги кунга қадар сўнмай келаётгани ва тобора ортиб бораётганидан далолат беради.

Шоирлар сарвари, мутафаккирлар пешвоси, буюк қалб соҳиби Мир Алишер Навоийнинг барҳаёт мероси, умрбоқий асарлари ер юзидаги янги-янги авлодларни тарбиялаб, олам аҳлини доимо яхшилик ва эзгуликка, меҳр-оқибат, дўстлик ва ҳамжиҳатликка чорлаб туради.

Шавкат МИРЗИЁEВ,
Ўзбекистон Республикаси Президенти

"Жадид" газетасининг 2025 йил 7 февралдаги 6-сонида

Манба
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Мавзуга оид мақолалар
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 15 августдаги ПҚ292сонли .Имом Термизий таваллудининг 1200 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида,ги Қарорининг таъминлаш давоми...

1387 13:57 / 23.09.2024
2019 йилдан бери илк бор йиғилган юзлаб Гонконг мусулмонлари пайшанба куни Коулун масжидининг асосий залида Рамазон ифторига тўпланишди.Ушбу йиғилиш пандемия давоми...

1423 08:00 / 06.04.2023
Доғистон муфтийси шайх Аҳмад Афандининг қаламига мансуб .Солиҳларнинг фазилатлари, китобини индонезия тилига таржима қилишни режалаштирилган.Шу мақсадда давоми...

1313 16:00 / 21.01.2022
Маълумки, Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 8 августдаги 345сонли .Умра, тадбирларини ташкил этиш ва ўтказишда зиёратчиларнинг манфаатларини самарали ҳимоя қилиш давоми...

2986 15:00 / 24.10.2023
Аудиолар

210897 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130160 14:35 / 11.08.2021