1447 йил 22 жумадис сони | 2025 йил 13 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Орияни эгасига қайтаринг

14:45 / 07 февраль 1605 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Мадинада қўрқинч вужудга келди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Толҳадан Мандуб деб аталадиган отини орияга олиб, миниб кетдилар. Қайтиб келганларида:

«Ҳеч қандай қўрқадиган нарса йўқ экан. Мана бу (от) эса денгиз экан», дедилар» (Бухорий, Муслим ривояти).

Шарҳ: Баъзилар орияни қарз деб атайди. Лекин ория билан қарзнинг орасида фарқ бор. «Ория» бир кишининг ўз ҳайвони, кийими ёки идиши ва шунга ўхшаш нарсаларини бошқа кишига вақтинчалик фойдаланиш учун бериб туришидир. Орияга олинган нарсанинг ўзи яна эгасига қайтариб берилиши шарт.

Энди эса бевосита ҳадиснинг шарҳига тўхталсак:

Бир куни Мадинаи Мунавварада «Душман бостириб келаётган эмиш», деган гап тарқалди. Ҳаммаёқни қўрқинч босди. Ҳақиқатни билиш, одамларни тинчлантириш керак эди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шаҳар ташқарисига чиқиб, воқеликни ўз кўзлари билан кўрмоқчи бўлдилар. Лекин мингани уловлари йўқ эди. Шунинг учун Абу Толҳа розияллоҳу анҳудан Мандуб номли отини вақтинча миниб туришга – орияга сўраб олдилар.

Мандуб ўта ночор, секин юрадиган от эди. Аммо уни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам минишлари билан у елдек учиб кетди.

У зот шаҳардан ташқарига чиқиб, хабар олсалар, ҳеч гап йўқ. Қайтиб келгач, «Ҳеч қандай қўрқадиган нарса йўқ экан», деб одамларга хабар бердилар. Яна «Мана бу (от) эса денгиз экан», деб Мандубни мақтаб қўйдилар. Бу «Қадами кенг, тез юрар от», деганлари эди.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг элу юрт тинчлиги учун қаттиқ қайғуришлари, камтарликлари ва жасурликлари.

Бутун шаҳарни қўрқинч босиб турганда бошқа бир одамни юбормасдан, ёлғиз ўзлари, зудлик билан хабар олгани шаҳар ташқарисига чиқишлари шуни кўрсатади.

2. Уловни орияга олиб туриш жоизлиги.

3. Ҳайвонга, жумладан, отга исм қўйиш жоизлиги.

4. Кишилар хабар кутиб турганда хушхабарни тезда айтиш кераклиги.

5. Орияга олинган нарсадан фойдаланиб бўлгач, тезроқ эгасига қайтариб бериш кераклиги.

6. Орияга олинган нарсани эгасига мақтаб қўйиш лозимлиги.

«Ҳадис ва ҳаёт»нинг 11-жузидан

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шаҳарларга тайинлаган амирлари1. Аттоб ибн Саид розияллоҳу анҳу ҳижрий саккизинчи санада Макка шаҳрига ва ҳажга масъул давоми...

2371 11:30 / 05.02.2022
Аллоҳ берган неъматларни исроф қилиш, уларнинг қадрига етмаслик гуноҳдир. Бугунги кунда дунёнинг қашшоқ давлатлари аҳолиси очликдан силласи қуриб, соғлигини давоми...

32644 11:00 / 12.02.2023
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга юриш ҳам ғанимат эди. Бунақанги имконият бўлиб қолса, саҳобалар дарров ундан фойдаланиб қолишар, имкониятни давоми...

2109 16:18 / 10 август
Исломда мусулмон кишининг ўзи тўғри йўлдан юриб, зарарли нарсалардан четда туриб, фақат ўзиниўзи тузатиш билан овора бўлиб қолишига .яхшилик, деб қаралмайди. давоми...

4096 16:00 / 09.06.2021