1446 йил 27 шаввол | 2025 йил 25 апрель, жума
Минтақа:
Тошкент
ЎЗ UZ RU EN
Тафсир

Бану Исроилнинг аҳдни қандай бузгани ҳақида

19:00 / 21 январь 880 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

ﯭ ﯮ ﯯ ﯰ ﯱ ﯲ ﯳ ﯴﯵ ﯶ ﯷ ﯸ ﯹ ﯺ ﯻ ﯼ ﯽ ﯾ ﯿ ﰀ ﰁ

70.«Батаҳқиқ, Бану Исроилнинг аҳду паймонини олдик ва уларга расуллар юбордик. Ҳар қачон бирор расул уларнинг нафслари истамайдиган нарса келтирса, бир гуруҳини ёлғончига чиқариб, бир гуруҳини қатл қилар эдилар» (Моида сураси, 70-оят).

Яҳудийларнинг Ислом Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга муносабатлари, душманликлари янгилик эмас. Пайғамбарларга салбий муносабатлари эса узоқ тарихга эга.

Ояти карима шу ҳақиқатни баён этиш билан бошланмоқда:

«Батаҳқиқ, Бану Исроилнинг аҳду паймонини олдик ва уларга расуллар юбордик».

Демак, Аллоҳ таоло пайғамбарларни юборишдан олдин Бану Исроилдан таъкидланган аҳднома олган. Бу аҳдномага мувофиқ, Бану Исроил ҳар бир пайғамбарга иймон келтириши, уни қўллаб-қувватлаши ва унга ёрдам бериши лозим эди. Ҳолбуки, пайғамбарлар келганда, Бану Исроил мийсоқни – аҳдни бузди.

«Ҳар қачон бирор расул уларнинг нафслари истамайдиган нарса келтирса, бир гуруҳини ёлғончига чиқариб, бир гуруҳини қатл қилар эдилар».

Бану Исроил, одатдагидек, ҳақиқатни эмас, ҳавойи нафсини устун қўйди. Бану Исроил ўз ҳавойи нафсига ёқса, шайтоннинг йўлига ҳам юраверади, ёқмаса, ҳатто у Аллоҳнинг пайғамбари бўлса ҳам, қабул қилмайди. Зотан, дунёда ҳеч бир халқ пайғамбарларга уларчалик шаккоклик қилмаган. Дунёда ҳеч бир халқ пайғамбарларни уларчалик ёлғончига чиқармаган ва ўлдирмаган. Шулардан келиб чиқилса, уларнинг Муҳаммад алайҳиссаломга нисбатан қилаётган ёмонликларидан ажабланмаса ҳам бўлади. Бу уларнинг асли бузуқликларига далолат бўлиб, шу сабабли ҳам Аллоҳнинг лаънатига учрагандирлар. Бошқалар ҳам бундан ўрнак олсинлар. Бану Исроилнинг ишини такрорламасинлар. Хўш, Бану Исроил шунчалар ёмонликларни қилишга қилди, балки бу айбларини тан олгандир? Йўқ:

ﭑ ﭒ ﭓ ﭔ ﭕ ﭖ ﭗ ﭘ ﭙ ﭚ ﭛ ﭜ ﭝ ﭞ ﭟﭠ ﭡ ﭢ ﭣ ﭤ ﭥ

«Ҳеч қандай фитна – синов бўлмас», деб кўру кар бўлиб олдилар. Сўнгра Аллоҳ уларнинг тавбаларини қабул қилди. Кейин улардан кўплари яна кўру кар бўлиб олдилар. Аллоҳ уларнинг қилаётган амалларини кўриб турувчидир» (Моида сураси, 71-оят).

Бану Исроилнинг ҳар қандай гуноҳни тап тортмай қилаверишларининг сабаби ушбу оятда очиб берилмоқда:

«Ҳеч қандай фитна – синов бўлмас», деб кўру кар бўлиб олдилар».

Яъни Бану исроилликларнинг синов, ҳисоб-китоб бўлишига иймонлари йўқ эди. Улар шундай ўтиб кетишларига, амалларининг сарҳисобини бермасликларига қаттиқ ишонар эдилар. Бундай ботил ишонч уларни кўру кар қилиб қўйган эди. Кўзлари ўнгида рўй бериб турган ҳодисалардан ибрат олмас эдилар. Қулоқлари билан эшитаётган нарсалар ҳам уларга таъсир қилмас эди. Ҳеч қандай синов, ҳисоб-китоб бўлмайди, деб қаттиқ ишонишлари уларни шу ҳолга олиб келганди.

Бугунги кунда ҳам, ҳеч қандай синов, ҳисоб-китоб бўлмайди, деб ҳисоблайдиганлар худди Бану Исроилга ўхшаб, кўру кар бўлиб қолади. Уларнинг бу бузуқ фикрлари ҳар қандай гуноҳни тап тортмай қилишларига олиб келмоқда.

«Сўнгра Аллоҳ уларнинг тавбаларини қабул қилди».

Шунчалик гуноҳларни қилсалар ҳам, Аллоҳ таоло меҳрибон ва кечиримли Зот бўлганидан, уларни кечирди. Аммо улар бундан хулоса чиқармадилар, фурсатдан фойдаланмадилар:

«Кейин улардан кўплари яна кўру кар бўлиб олдилар».

Бу ҳол уларнинг тузалмас дардга чалинганларининг далилидир. Агар уларда заррача яхшилик бўлганида, Аллоҳнинг кечирганига шукр этиб, ўзларини ўнглашга ҳаракат қилар эдилар. Улар яна ўзларининг эски одатлари бўйича, ҳеч қандай синов бўлмайди, деб юрибдилар. Аслида эса:

«Аллоҳ уларнинг қилаётган амалларини кўриб турувчидир».

Ҳаммасини кўриб-билиб, ҳисоблаб туради ва вақти келганда жазосини беради.

«Тафсири Ҳилол» китоби асосида тайёрланди

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади .Албатта, охиратга иймон келтирмайдиганларга ndash ўшаларга аламли азобни тайёрлаб қўйдик, Исро сураси, давоми...

1263 19:00 / 02.01.2024
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади Сендан етимлар ҳақида сўрарлар. Айт .Уларга ислоҳ қилиш яхшидир,. Агар уларнинг молларини давоми...

5939 13:45 / 24.10.2019
Аллоҳ таоло Нисо сурасида марҳамат қилади Албатта, Аллоҳ сизларга омонатларни ўз аҳлига топширишингизни ва одамлар орасида ҳукм қилганингизда давоми...

3945 13:39 / 30.10.2018
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қиладиМолларини Аллоҳнинг розилигини истаб, ўзларидаги ишонч билан сарфлайдиганлар худди тепаликдаги боққа ўхшайди. давоми...

2492 18:00 / 24.05.2020