1447 йил 26 шаъбон | 2026 йил 14 февраль, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсир

Худосизлар турли йўллар билан Ислом динини масхаралашади

19:00 / 12.11.2024 1020 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

ﭑ ﭒ ﭓ ﭔ ﭕ ﭖ ﭗﭘ ﭙ ﭚ ﭛ ﭜ ﭝ ﭞ

«Агар намозга нидо қилсангиз, уни эрмак ва ўйин қилишади. Бу уларнинг ақл юритмайдиган қавмлигидандир» (Моида сураси, 58-оят).

Динсизлар, кофирлар ва худосизлар турли йўллар билан Ислом динини масхаралашади, ўйин қилишади. Айниқса, ҳозирги пайтда бу нарса авж олган. Худосизлар зулми остида яшаган мусулмонлар буни жуда яхши биладилар.

Аммо Аллоҳ таоло Ўз динини масхара ва ўйин қилувчиларга мисол тариқасида айнан намозни масхара ва ўйин қилишларини алоҳида кўрсатаётганида катта маъно бор. Аввало, намоз диннинг устуни ва энг бош рамзларидан биридир. Қолаверса, кофирлар ҳам Исломни масхара қилишда кўпроқ намозни мўлжал қиладилар. Худосизларнинг динга қарши олиб борадиган фаолиятига назар соладиган бўлсак, буни яққол кўрамиз. Уларнинг динга қарши нутқларида, мақолаларида, эшиттиришларида ва кўрсатувларида, кино ва театрларида – ҳамма-ҳаммасида намозни масхара қилиш бор. Намозга азон айтилганда: «Ана энди мусулмонларнинг фалон қилиши бошланади», деб масхара қилганларини ўзимиз кўриб-эшитганмиз. Шу ва шунга ўхшаш бошқа ҳолларни ўйлаб, Қуръони Каримнинг мўъжизасига яна бир бор тан берилади.

Мўминларга қаратилган кофирларни дўст тутмаслик ҳақидаги чақириқлар тамом бўлганидан сўнг Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилади:

ﭟ ﭠ ﭡ ﭢ ﭣ ﭤ ﭥ ﭦ ﭧ ﭨ ﭩ ﭪ ﭫ ﭬ ﭭ ﭮ ﭯ ﭰ ﭱ ﭲ ﭳ

«Эй аҳли китоблар! Бизни фақат Аллоҳга ҳамда ўзимизга нозил қилинган ва авваллари нозил қилинган нарсаларга иймон келтирганимиз учун ва сизларнинг кўпчилигингиз фосиқ бўлганингиз учун айблайсизларми?!» – деб айт» (Моида сураси, 59-оят).

Аҳли китоб бўлсин, худосиз бўлсин, мушрик бўлсин, мунофиқ бўлсин, ким бўлишидан қатъи назар, мусулмон бўлмаганларнинг мусулмонларни ёмон кўришига асосий сабаб аҳли Исломнинг иймонидир. Кофирларнинг бу ишлари ҳеч қандай мантиққа тўғри келмайдиган бир ҳолат. Ўйлаб кўринг-а, иймонсиз одам мўмин инсонни мўмин бўлгани учун ёмон кўрса!... Қўполроқ мисол келтирадиган бўлсак, бу нарса ароқхўр-алкаш кимсанинг ароқ ичмайдиган пок одамни фақат ароқ ичмагани учун ёмон кўришидек гап. Ароқ кони зарар нарса, буни алкашнинг ўзи ҳам бошқалардан кўра яхши билади. Аммо барибир ароқ ичмайдиган одамни айнан ароқ ичмагани учун ёмон кўради.

Шунга ўхшаб, кофирлар мусулмонларни фақат мусулмон бўлганлари учун ёмон кўрадилар. Мусулмон одам уларга ёмонлик қилмайди. Ҳеч бир ишига зарар етказмайди. Аммо кофир уни ёмон кўради. Худосизларнинг қилмишларини эсланг. Юз минглаб мусулмонларни фақат мусулмон бўлганлари учун ўлдирдилар. Масжид, мадрасаларни буздилар. Китобларни ёқдилар. Ўйлаб кўринг, бир гуруҳ мусулмон йилда бир марта келадиган ҳайит намозини ўқиш учун одамлар кўзидан йироқ, пана-пастқам жойда тўпландилар. Фирқанинг раҳбарлари миршаблар билан келиб, ҳаммаларини калтаклаб, қувдилар. Қўлга тушганини олиб бориб, қамадилар. Нима учун? Намоз ўқимоқчи бўлганлари учун! Ҳа, мусулмонларнинг айби – мусулмон бўлгани. Кофирлар бу «айб» учун уларни ҳар қандай жазога тортишга ўзларини ҳақли деб биладилар. Уларга бу ҳақни ким берди? Кофирлиги, фосиқлиги берди.

Мусулмон Аллоҳга ишонади, Аллоҳ нозил қилган Китобга – Қуръонга ишонади. Аллоҳ юборган Пайғамбарга – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ишонади. Бировга ёмонлик қилмайди. Ичмайди, ҳаром-хариш емайди, бузуқликка юрмайди, ўғрилик-ғарлик қилмайди. Бировнинг ҳаққини емайди. Бировга зулм қилмайди. Қўлидан ва тилидан одамларга фақат яхшилик келади, ёмонликлардан қайтади. Шу нарсалар унинг бош айби. Худосиз эса Худога ишонмайди, у кофир. Қуръонга, Пайғамбарга, нимаики яхшилик келтирадиган нарса бўлса, ҳеч бирига ишонмайди. Ибодат қилмайди. Ичади, чекади, зино қилади, ўғрилик-ғарлик, порахўрлик, зулм қилади, дунёда нимаики ёмонлик бўлса, қайтмайди. Шу билан бирга, худосиз бўлгани унга мўмин-мусулмонни айблаш-азоблаш ҳақ-ҳуқуқини беради гўё. Ушбу оятда аҳли китобларга қарата берилган, ўзида инкорни мужассамлаштирган савол ҳамма кофирларга, жумладан, Ислом динига, мусулмонларга қарши бўлганларга ҳам қаратилган. Уларнинг жавоблари қандай бўлади? Агар жавоб бермоқчи бўлсалар ҳам, бу жавоб қилмишларидан ҳам мантиқсиз чиқиши турган гап.

«Тафсири Ҳилол» китоби асосида тайёрланди

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Албатта, Аллоҳ Масиҳ ибн Марямдир,, деганлар батаҳқиқ, кофир бўлдилар. Масиҳ эса .Эй Бану Исроил, менинг Роббим ва сизнинг Роббингиз ndash Аллоҳга давоми...

1559 19:00 / 29.01.2025
.Сизни улардан ва барча ғамаламлардан Аллоҳ қутқарур. Сўнгра эса сиз ширк келтирасиз,, ndash деб айт, Анъом сураси, 64оят. Аллоҳдан бошқа қутқарадиган ҳеч қандай давоми...

662 19:00 / 13 январь
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади Роҳмандан бошқа сизларга ёрдам берадиган лашкар ким ўзи Кофирлар алдовдан бошқа ҳеч нарсада эмаслар давоми...

3224 19:05 / 26.09.2019
Аллоҳ таоло Мулк сурасида шундай марҳамат қилади .Подшоҳлик Ўз қўлида бўлган Зот баракотли, улуғ бўлди. У ҳар бир нарсага ўта қодирдир, 1оят.Яъни олий оламнинг давоми...

3925 20:35 / 09.01.2019