1447 йил 25 шаъбон | 2026 йил 13 февраль, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом адабиёти

Яхшидир аччиқ ҳақиқат

11:01 / 26.10.2024 2224 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Камтарлик ҳақида

Гарчи шунча мағрур турса ҳам,

Пиёлага эгилар чойнак.

Шундай экан, манманлик нечун,

Кибру ҳаво нимага кepaк?

 

Камтарин бўл, ҳатто бир қадам

Ўтма ғурур остонасидан.

Пиёлани инсон шунинг-чун

Ўпар доим пешонасидан.

1956

 

Садоқат

Кекса қайрағочнинг

Илдизин очиб,

Тортдилар қўш арқон солиб белидан.

Лекин у тупроққа панжасин санчиб,

Сира қўзғалмасди

Унган еридан...

Ниҳоят гурс этиб ерга қулади,

Бутаб, сўнг кўтариб кетдилар,

бироқ –

У ўз панжасида олиб жўнади

Яшаган еридан

Бир сиқим тупроқ.

1964

 

Яхшидир аччиқ ҳақиқат

 

Яхшидир аччиқ ҳақиқат,

Лек ширин ёлғон ёмон,

Ул ширин ёлғонга мендек

Алданиб қолғон ёмон.

Умримиз алдоқ жаҳонда

Алданиб ўтгай, ва лек

Сўнгги қийналғон ёмондир,

Сўнгги қийналғон ёмон.

Айтгали аччиқ азобинг

Бўлса дилдош яхшидир,

Сўз демай ўтли аламни

Жонингга солғон ёмон.

Жонга солғон ҳам на создир,

Элга сўйлаб мен каби

Шоири девонаи ишқ

Номини олғон ёмон.

Гар қилич келса бошингга,

Қўрқма, Эркин, ростни айт,

Яхшидир аччиқ ҳақиқат,

Лек ширин ёлғон ёмон.

1988

Кечир, ё Раб!

 

Менга тош отди бир жоҳил,

Кечир, ё Раб, кечирдим мен,

У қулдир, бандаи ғофил,

Кечир, ё Раб, кечирдим мен.

 

Жаҳонда фитналар бордир,

Адолат гоҳи ночордир,

Адолат қил, ўзинг одил,

Кечир, ё Раб, кечирдим мен,

 

Ёмон бўлдим, ёмон бўлдим,

Хато ўққа нишон бўлдим,

Хато қилган эмас қотил,

Кечир, ё Раб, кечирдим мен.

 

Гуноҳидан ўт ул жоннинг,

Сўзига кирди шайтоннинг,

Кўнгил алданмоға мойил,

Кечир, ё Раб, кечирдим мен.

 

Тутарман ул синиқ одам

Синиқ имонига мотам,

Дилига эътиқод жо қил,

Кечир, ё Раб, кечирдим мен.

 

У ҳам, мен ҳам қиёматда

Турармиз лол хижолатда,

Бўлиб даргоҳингга дохил,

Кечир, ё Раб, кечирдим мен,

 

Кечир, янглишмаган ким бор,

Менинг ҳам кўп гуноҳим бор,

Одамзод асли нокомил,

Кечир, ё Раб, кечир, ё Раб!

Эркин Воҳидов 1991.

«Ҳилол» журнали 3 (60) сон

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бундан бир неча йиллар аввал Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари марҳум шоир Аъзам Ўктамнинг .Тараддуд, номли шеърий тўпламидаги баъзи шеърлари ҳақида давоми...

4926 05:00 / 07.03.2017
Анвар қори Турсунов суҳбатларидан Ҳазрат Навоийнинг адабиётга, шеъриятга қўшган ҳиссаларини эътироф қилиб тугатиб бўлмайди. У зотнинг ижодидаги асосий мавзу, ўқ давоми...

545 15:57 / 09 февраль
Кўрдим, кўрдим дунёни Ҳамиша бир кам кўрдим. Яхшини армон бирла Ёмонни бекам кўрдим. Бағри бутунларни бут, Ёлғизни ғариб кўрдим. Бирда нодон, давоми...

2162 17:46 / 17.12.2024
ТЎРТИНЧИ БОБ БОШҚАЛАРГА НАЗАРҚалбим айтур билганларин озоздин,Қалқимангиз қопқорайган қоғоздин.Андаги сўз хос одамларга хосдир,Бу мисоллар Улуғ Китобга давоми...

26213 05:00 / 07.03.2017
Аудиолар

230234 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

148811 14:35 / 11.08.2021