1446 йил 16 жумадис сони | 2024 йил 18 декабрь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Намоз

Мусулмон ҳаётини намозсиз тасаввур қилиб бўлмайди

16:28 / 07 октябрь 1728 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ عَلِيٍّ رَضِي اللهُ عَنْهُ ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: يَا عَلِيُّ، ثَلَاثٌ لَا تُؤَخِّرْهَا: الصَّلَاةُ إِذَا أَتَتْ، وَالْجَنَازَةُ إِذَا حَضَرَتْ، وَالْأَيِّمُ إِذَا وَجَدْتَ لَهَا كُفْؤًا. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَأَحْمَدُ وَالْحَاكِمُ.

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Эй Али, уч нарсани кечиктирма: (вақти) келганда намозни, ҳозир бўлганда жанозани ва тенгини топганинг­да эрсиз аёл-қизни», дедилар».

Термизий, Аҳмад ва Ҳоким ривоят қилганлар.

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда кечиктириб бўлмайдиган уч нарса ҳақида сўз кетмоқда:

1. Намоз.

Намозни ўз вақтида ўқиш фарз. Уни мутлақо кечиктириб бўлмайди. Фақат унутиш ёки ухлаб қолишгина узр бўлиши мумкин, бошқа узр йўқ. Намозни вақтида ўқиш лозим.

2. Жаноза.

Жанозани ҳам узрсиз орқага суриш ҳаром. Узр эса фақат яқин кишиларини, аҳли фазл ва солиҳ кишиларни кутиш бўлиши мумкин, холос.

3. Эрсиз қиз-жувонларни эрга беришни кечиктириб бўлмайди.

Бу иш кечикса ҳам фасодга олиб бориши мумкин. Шунинг учун қиз-жувонларни тезроқ тенгини топиб, узатишга ҳаракат қилиш керак.

عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَمْرٍو رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: مَاتَ رَجُلٌ بِالْمَدِينَةِ مِمَّنْ وُلِدَ بِهَا، فَصَلَّى عَلَيْهِ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ ثُمَّ قَالَ: يَا لَيْتَهُ مَاتَ بِغَيْرِ مَوْلِدِهِ، قَالُوا: وَلِمَ ذَاكَ يَا رَسُولَ الله؟ قَالَ: إِنَّ الرَّجُلَ إِذَا مَاتَ بِغَيْرِ مَوْلِدِهِ قِيسَ لَهُ مِنْ مَوْلِدِهِ إِلَى مُنْقَطَعِ أَثَرِهِ فِي الْجَنَّةِ. رَوَاهُ النَّسَائِيُّ.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Мадинада ўша ерда туғилган бир киши вафот этди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга жаноза ўқидилар ва сўнгра:

«Қани эди, у туғилган жойидан бошқа жойда вафот этганда», дедилар.

«Нима учун бундай, эй Аллоҳнинг Расули?» дейишди.

«Қачонки бир инсон ўзи туғилган жойдан бошқа жойда вафот этса, жаннатдан унга туғилган жойидан изи қирқилган жойгача ўлчаб берилади», дедилар».

Насаий ривоят қилган.

Шарҳ: Чунки ғурбатда оламдан ўтган одам ватан соғинчи билан, ғариблик ваҳшатида вафот этади. Агар ўша банда солиҳ бандалардан бўлса, Аллоҳ таоло уни жаннатга киритиб, қилган яхши амаллари мукофотига, ғурбат қийинчиликлари эвазига туғилган жойидан то ғурбатда оламдан ўтган жойигача бўлган масофача ерни қирқиб, унинг ихтиёрига берар экан.

Бу ҳадис одамлар ичидаги «Фалончи ғурбатда вафот этди», деб, камситиш оҳангида айтиладиган гаплар нотўғри эканлигини кўрсатади. Банда солиҳ бўлса, Аллоҳнинг амрида юрса, қаерда бўлса ҳам қадр-қимматини топаверар экан. Лекин кофир, мунофиқ, фосиқ, ибодатсиз бўлса, қаерда ўлса ҳам, тўппа-тўғри жаҳаннамнинг қаърига қараб йўл олар экан.

Шу билан жаноза намози ҳақидаги маълумотлар ҳам охирига етди. Энди эса дафн, қабр саволи, таъзия ва жаноза намозидан кейин бўладиган бошқа ишлар ҳақидаги ҳадислар ўрганилади. Шу муносабат билан хаёлга баъзи мулоҳазалар келди.

Мусулмон инсон бу дунёдан кетиши олдидан қилинадиган энг охирги ва энг аҳамиятли иш унга жаноза намози ўқишдир. Ҳа, айнан намоз, бошқа нарса эмас. Бошқа нима бўлса, бўлсин, барибир намознинг ўрнига ўтмайди. Шунинг ўзидан мусулмон инсон ҳаётида намоз қанчалик ўрин тутишини билиб олсак бўлади.

Умуман, мусулмон инсоннинг ҳаёти ҳамма томондан намоз билан ўралган. Ушбу нарсани жуда яхши аҳамият билан ўйлаб кўришимиз лозим.

Инсон туғилиши билан унга исм қўйишда ўнг қулоғига азон, чап қулоғига иқомат айтилади. Ҳа, айнан намозга айтиладиган азон ва намозга айтиладиган иқомат айтилади. Бошқа нарса айтилмайди. Нима учун? Яхши ният учун. Бола катта бўлганида намоз ўқийдиган, илоҳий нидога жавоб берадиган бўлиши учун. Шунинг ўзидан ҳам намознинг аҳамиятини тушуниб олсак бўлади. Ана ўша кундан бошлаб мусулмон инсоннинг ҳаёти намоз билан боғлиқ бўлиб қолади. Ўрганиб ўтган ҳадисларимизга умумий равишда бир назар солайлик:

1. Бола етти ёшга етганида уни намоз ўқишга амр қилиш ота-онанинг вазифасидир. Нима учун бошқа ибодатларга амр қилинмай, айнан намозга амр қилинади? Чунки намоз энг аҳамиятли ибодат. Бу амалсиз мусулмон инсон исломий ҳаёт кечириши қийин.

2. Бола ўн ёшга етганида намоз ўқимаса, уриш керак. Нима учун бошқа ибодатлар учун эмас, айнан намоз ўқимаганлиги учун уриш керак? Чунки намоз энг аҳамиятли ибодат. Бу амалсиз исломий ҳаёт кечириб бўлмайди.

3. Бола балоғатга етиши билан намозни бир маҳал ҳам қолдирмай ўқиши керак. Чунки ҳар бир қолдирилган намоз учун йиллаб дўзахда куйиш керак бўлади. Нима учун айнан намоз хусусида шу гап бор? Чунки бошқа ибодатларга қўшимча шартлар керак. Намозга эса бу нарсалар йўқ. Бунинг устига, бошқа ибодатларнинг мукаммал бўлиши учун ҳам намоз керак.

4. Рўзанинг мукаммал бўлиши учун таровеҳ ва ийд намозлари ўқилиши керак.

5. Ҳаж ёки қурбонлик мукаммал бўлиши учун тавоф намози ва ийд намози каби намозлар керак.

Ҳа, ҳамма нарсага намоз керак.

6. Ҳар куни беш вақт фарз намоз ўқиш лозим.

7. Ўша фарз намозларда камчилик содир бўлиши эҳтимолидан уларни тўлдириш учун суннат намозлар ўқиш керак.

8. Қуёш чиққанидан кейин шуруқ намози ўқиш нур устига нур.

9. Чошгоҳ намози ўқиш эса умранинг савобига тенг.

10. Заволда ўкиладиган намоз ҳам фазилатли.

11. Кечаси ўқиладиган намозлар, хусусан, таҳажжуд намози қанчалар яхши эканлиги кўп таъкидланган.

12. Ҳафтанинг байрам куни бўлмиш Жуманинг энг бош маросими ҳам Жума намозидир. Бу намоз қанчалар аҳамиятли эканлигини ўрганиб ўтдик.

13. Йилнинг икки улуғ байрами – Ийди Фитр ва Ийди Азҳонинг бош маросими ҳам ийд намозларидир.

14. Табиатда хавфли ҳолатлар юзага келиб қолса ҳам мусулмон инсон намоз ўқиши керак. Жумладан, қуёш ва ой тутилганида кусуф намози ўқимоғи лозим.

15. Қаҳатчилик, қурғоқчилик бўлиб қолса ҳам намоз ўқиш керак. Истисқо намози шунинг учун шариатга киритилган.

16. Мусулмон киши икки ишдан қайси бири яхши эканлигини танлаш учун ҳам намоз ўқиши керак. Бунинг учун истихора намози шариатга киритилган.

17. Мусулмон киши яхшироқ тавба қилиши учун ҳам намоз ўқимоғи лозим. Бунинг учун эса тавба намози шариатга киритилган.

18. Мусулмон киши яхшироқ тасбеҳ айтиши учун, гуноҳларини яхшироқ ювиши учун ҳам намоз ўқиши керак. Бунинг учун тасбеҳлар намози жорий қилинган.

19. Мусулмон киши Аллоҳдан ёки бандадан ҳожатини чиқариш учун ҳам намоз ўқиши керак. Бунинг учун ҳожат намози жорий қилинган.

20. Ниҳоят, мусулмон одам ўлганда ҳам унга намоз ўқилиши керак. Бунинг учун жаноза намози жорий қилинган.

Мазкур намозлар бош нуқталардаги намозлар.

Кўпчиликнинг фикрида бир тўғри тасаввур ўрнашган. У ҳам бўлса, жаноза ўқимай, ўликни кўмиб бўлмаслиги. Шундай пайтлар ҳам бўлдики, баъзи иймонсиз кимсалар жаноза намозини ўқитмасликка зўр бериб уриндилар. Лекин бунинг уддасидан чиқа олмадилар. Чунки ҳамманинг фикрида жаноза намози ўқилмаса бўлмайди, мусулмон одам жаноза намозисиз кўмилиши мумкин эмас, деган тушунча бор эди. Бу эса жуда тўғри тушунча эди.

Энди фарз намоз ҳақида ҳам худди шу тушунчада бўлишимиз кераклигини тушунмоғимиз керак.

Жаноза намози ўқилмай қолишидан қаттиқ қўрқиш «Кимга жаноза намози ўқилмаса, тўнғиз қавмида кетади, дўзахга тушади» деган тушунча билан боғлиқ. Фарз намозларни ўқимаслик ҳам худди шу маънода қабул қилиниши лозим. Чунки бир маҳал фарз намозини ўқимаган одам маълум муддат дўзахда куйиши маълум.

Умуман, мусулмон ҳаётини намозсиз тасаввур қилиб бўлмайди.

 

«Ҳадис ва ҳаёт» китоби асосида тайёрланди

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бир она айтади .Бир куни мен бир нечта қоғоз сотиб олдим. Бу қоғозларга ҳар хил мукофотларни ёзиб қўйдим. Масалан, ўн беш дақиқа ўйнаш, ширинлик, музқаймоқ истеъмол давоми...

2017 16:00 / 02.12.2021
31МатнНабий соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз ўртасидаги ташаҳҳуддан фориғ бўлганларида учинчи ракатга турардилар. Бунда ҳам ерга қўллари билан суянмас эдилар. давоми...

3440 05:00 / 09.01.2017
Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир тепалик ёки довонга чиқа бошладилар. Унинг устига чиқилганда бир киши давоми...

93230 05:00 / 04.01.2017
Ҳазрати Оиша розияллоҳу анҳодан Пайғамбар алайҳиссаломнинг кечасилик намозлари ҳақида сўрашганида шундай дедилар .Жаноби Расули акрам соллаллоҳу алайҳи давоми...

7766 11:45 / 02.09.2018