Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 8 рабиъус сони | 2024 йил 11 октябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Аллоҳ ҳар бир нарсани кузатиб турувчидир | Тазкия дарслари (296-дарс)

19:00 / 31 август 484 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Муроқаба» сўзи ва унинг турланишлари араб тилида «кузатиб туриш», «пойлаш» маъноларини англатади.

Уламолар муроқабани қуйидагича таърифлаганлар:

Муҳосибий: «Муроқаба қалбнинг мусаффо яқийн – тўлиқ ишонч ила саканот ва ҳаракатда Аллоҳ азза ва жалланинг илмини давомли равишда сезиб туришидир», деган.

Ибн Қайюм: «Муроқаба банданинг давомли равишда Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло унинг зоҳири ва ботинидан хабардор бўлиб турганини билиши ва ишонишидир», деган.

Аллоҳ таолонинг муҳаббати ила машғул бўлган солик бўлиш ва эҳсон мақомига эришиш учун саҳиҳ ҳадисда келган «Аллоҳга худди Уни кўриб турганинг­дек, агар сен Уни кўрмасанг, У сени кўриб тургандек ибодат қилмоғинг», деган ҳолатга етиш керак.

Мазкур ҳолатни «мушоҳада ва муроқаба мақомлари» дейилади. Муроқаба банданинг Аллоҳ таоло уни кўриб турганини ҳис қилишидир. Мушоҳада эса банданинг Аллоҳ таолони кўриб тургандек ибодат қилишидир.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда муроқаба маъносини икки марта зикр қилган.

ﭪ ﭫ ﭬ ﭭ ﭮ ﭯ

«Албатта, Аллоҳ устингиздан кузатиб турувчидир» (Нисо сураси, 1-оят).

Инсонларни яратган, ҳар бир нарсани билувчи ва кўрувчи Зотнинг Ўзи бандаларини рақобат қилиб, кузатиб, кўриб, билиб, эшитиб туриши нақадар таъсирчан, нақадар масъулиятли ҳолдир.

ﮎ ﮏ ﮐ ﮑ ﮒ ﮓ ﮔ

«Аллоҳ ҳар бир нарсани кузатиб турувчидир» (Аҳзоб сураси, 52-оят).

Аллоҳ таоло нафақат инсонни, балки барча мавжудотни муроқаба қилиб турар экан. Бас, банда бу ҳақиқатни тўлиқ англаб етиши ва муроқаба мақомида доимий равишда яшаб бориши керак.

Муроқаба маъносини акс эттирувчи ҳадислардан намуналар:

عَنْ عُمَرَ بْنِ الْخَطَّابِ رَضِي اللهُ عَنْهُ، قَالَ: بَيْنَمَا نَحْنُ عِنْدَ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ ذَاتَ يَوْمٍ، إِذْ طَلَعَ عَلَيْنَا رَجُلٌ شَدِيدُ بَيَاضِ الثِّيَابِ، شَدِيدُ سَوَادِ الشَّعْرِ، لَا يُرَى عَلَيْهِ أَثَرُ السَّفَرِ، وَلَا يَعْرِفُهُ مِنَّا أَحَدٌ، حَتَّى جَلَسَ إِلَى النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَأَسْنَدَ رُكْبَتَيْهِ إِلَى رُكْبَتَيْهِ، وَوَضَعَ كَفَّيْهِ عَلَى فَخِذَيْهِ، وَقَالَ: يَا مُحَمَّدُ، أَخْبِرْنِي عَنِ الْإِسْلَامِ، فَقَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «الْإِسْلَامُ أَنْ تَشْهَدَ أَنْ لَا إِلَهَ إِلَّا اللهُ وَأَنَّ مُحَمَّدًا رَسُولُ اللهِ، وَتُقِيمَ الصَّلَاةَ، وَتُؤْتِيَ الزَّكَاةَ، وَتَصُومَ رَمَضَانَ، وَتَحُجَّ الْبَيْتَ إِنِ اسْتَطَعْتَ إِلَيْهِ سَبِيلًا». قَالَ: صَدَقْتَ قَالَ: فَعَجِبْنَا لَهُ يَسْأَلُهُ وَيُصَدَّقُهُ، قَالَ: فَأَخْبِرْنِي عَنِ الْإِيمَانِ، قَالَ: «أَنْ تُؤْمِنَ بِاللهِ، وَمَلَائِكَتِهِ، وَكُتُبِهِ، وَرُسُلِهِ، وَالْيَوْمِ الْآخِرِ، وَتُؤْمِنَ بِالْقَدَرِ خَيْرِهِ وَشَرِّهِ»، قَالَ: صَدَقْتَ، قَالَ: فَأَخْبِرْنِي عَنِ الْإِحَسَانِ، قَالَ: «أَنْ تَعْبُدَ اللهَ كَأَنَّكَ تَرَاهُ، فَإِنْ لَمْ تَرَاهُ فَإِنَّهُ يَرَاكَ»، قَالَ: فَأَخْبِرْنِي عَنِ السَّاعَةِ، قَالَ: «مَا الْمَسْئُولُ عَنْهَا بِأَعْلَمَ مِنَ السَّائِلِ»، قَالَ: فَأَخْبِرْنِي عَنْ أَمَارَاتِهَا، قَالَ: «أَنْ تَلِدَ الْأَمَةُ رَبَّتَهَا، وَأَنْ تَرَى الْحُفَاةَ الْعُرَاةَ الْعَالَةَ رِعَاءَ الشَّاءِ يَتَطَاوَلُونَ فِي الْبُنْيَانِ»، قَالَ: ثُمَّ انْطَلَقَ، فَلَبِثْتُ مَلِيًّا، ثُمَّ قَالَ لِي: «يَا عُمَرُ، أَتَدْرِي مَنِ السَّائِلُ؟» قُلْتُ: اللهُ وَرَسُولُهُ أَعْلَمُ، قَالَ: «فَإِنَّهُ جِبْرِيلُ، أَتَاكُمْ يُعَلِّمُكُمْ دِينَكُمْ». رَوَاهُ الْخَمْسَةُ.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бир куни биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдик. Бирдан тепамизда оппоқ кийимли, сочлари қоп-қора одам пайдо бўлди. Унда сафарнинг асари кўринмас эди. Уни бирортамиз танимас ҳам эдик. У келиб, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тўғриларига ўтирди. Икки тиззасини у зотнинг икки тиззаларига тиради. Икки кафтини сонлари устига қўйди ва:

«Эй Муҳаммад, менга Ислом ҳақида хабар бер», деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ислом «Лаа илааҳа иллаллоҳу, Муҳаммадур Расулуллоҳ», деб шаҳодат келтирмоғинг, намозни тўкис адо қилмоғинг, Закот бермоғинг, Рамазон рўзасини тутмоғинг, агар йўлга қодир бўлсанг, Байтни ҳаж қилмоғинг», дедилар.

«Тўғри айтдинг», деди у.

Биз ундан ажабландик. Ўзи сўрайди, ўзи тасдиқлайди.

«Менга иймон ҳақида хабар бер», деди.

«Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, расулларига ва охират кунига иймон келтирмоғинг, яхшию ёмон қадарга иймон келтирмоғинг», дедилар.

«Тўғри айтдинг», деди ва:

«Менга эҳсон ҳақида хабар бер», деди.

«Аллоҳга худди Уни кўриб турганингдек, агар сен Уни кўрмасанг, У сени кўриб тургандек ибодат қилмоғинг», дедилар.

«Менга соат(қиёмат)дан хабар бер», деди.

«Сўралувчи бу ҳақда сўровчидан билимлироқ эмас», дедилар.

«Унинг аломатларидан хабар бер», деди.

«Чўрининг ўз хожасини туғиши, ялангоёқ, яланғоч, камбағал, чўпонларнинг бино қуришда бир-бирларидан ўзишга уринишларини кўришинг», дедилар.

Сўнгра у қайтиб кетди. Бас, мен бирмунча вақт турдим. Сўнгра у зот менга:

«Эй Умар, сўровчи кимлигини билдингми?» дедилар.

«Аллоҳ ва Унинг Расули билувчироқ», дедим.

«Албатта, у Жаброилдир. Сизларга динларингиздан таълим бергани келибди», дедилар».

Бешовлари ривоят қилишган.

«Эҳсон» луғатда «яхшилик», «гўзал иш» маъносини англатади. Унинг бу ҳадисдаги маъносини уламолар «ихлос» маъносида, деганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эҳсоннинг таърифида:

«Аллоҳга худди Уни кўриб турганингдек, агар сен Уни кўрмасанг, У сени кўриб тургандек ибодат қилмоғинг», дедилар.

Ушбу таърифни ва у орқали «эҳсон»ни тўлиқ ва тўғри тушуниш учун аввало «ибодат» сўзининг маъносини батафсил англаб олишимиз лозим.

Бизда «ибодат» деганда намоз ўқиш, рўза тутиш, ҳаж қилиш каби нарсалар тушунилади. Албатта, бу нарсалар улкан ибодатлардан саналади. Лекин «ибодат» маъноси фақат ушбу нарсалар билан чегараланмайди.

Бу сўз «абада» феълидан олинган бўлиб, «қуллик қилди», «қул бўлди» маъносини билдиради. «Абдуллоҳ» «Аллоҳнинг қули» деганидир. Демак, «ибодат» сўзи қуллик қилиш маъносидадир. Бу маъно форс тилида «бандалик» дейилади. Агар намоз, рўза ва ҳажнигина ибодат дейдиган бўлсак, ўша ибодатларни адо этиш пайтида Аллоҳга қуллик қилинади-ю, ундан кейин Аллоҳга қуллик тўхтайдими? Унда инсон намоз, рўза ва ҳаждан бошқа вақтда кимга қуллик қилади? Инсон намоз ўқиб, рўза тутиб, ҳаж қилинаётганда Аллоҳ таолони кўриб тургандек бўлишга ҳаракат қилиши лозим-у, бошқа вақтда лозим эмасми? Ёки ўша ибодатлар пайтида Аллоҳ таоло мени кўриб турибди, деб тасаввур қилиши керагу, бошқа вақтларда кўрмаяпти, деб ўз билганини қилавериши керакми?

Йўқ, асло ундай эмас! Аллоҳ таолога инсоннинг бандалиги – қуллиги доимийдир. Намоз ўқиётган инсон ҳам, ухлаётган инсон ҳам Аллоҳ таолонинг бандаси. Рўза тутаётгани ҳам, рўза тутмаётгани ҳам Аллоҳ таолонинг бандаси. Ҳаж қилаётган ҳам, иложини қила олмай, ҳаждан қолган ҳам Аллоҳ таолонинг бандаси.

Гап фақат ўша банданинг ўзининг бандалигини тан олишида. Яъни «Аллоҳнинг қулиман», деган одамнинг Аллоҳ таолога чиндан ҳам қуллик қилишида.

Бошқача қилиб айтганда, ҳаётнинг ҳамма соҳаларида Аллоҳ таолонинг айтганини қилиб яшашдан иборат. Бир хўжайиннинг хожалигини бўйнига олиб, унга хизматкор бўлган шахс хўжайиннинг айтганларини қилмаса, хизматкорлиги қолмайди. Хожасидан қилмишига яраша жазо олишига тўғри келади. Аллоҳ таолога қул бўлгандан кейин ана шу қулликни ўрнига қўйиб яшамоқ керак.

Шунинг учун ҳам уламоларимиз: «Аллоҳнинг розилигига етказадиган ҳар бир иш ибодатдир», дейдилар.

Шундан келиб чиқиб, мусулмон одам ҳар лаҳзада Аллоҳ таолони кўриб тургандек, ихлос билан яшамоғи, У Зотнинг розилигини олишга ҳаракат қилмоғи керак. Агар бу олий мақомга эришишга ожизлик қилса, ҳар лаҳзасини «Аллоҳ таоло мени кўриб турибди», деган эътиқод билан ўтказиб, ўшанга яраша ҳаракатда бўлмоғи лозим. Ана ўшандагина эҳсоннинг қуйи даражасига эришади.

Агар бу даражага эриша олмаса, намоз вақтида Аллоҳга, иш пайтида эса молу дунёга бандалик қилади. Рўза пайтида Аллоҳга, овқатланиш пайтида қорнига бандалик қилади.

Демак, эҳсон банданинг Аллоҳни кўриб тургандек ихлос билан ишонмоғи, ҳаёт кечирмоғидир. Жуда бўлмаса, «Аллоҳ мени кўриб турибди», деган ишонч билан, ўшанга яраша амал билан яшамоғидир. Бу даражага етмаган шахс эса эҳсон-ихлос даражасига етмайди.

«Руҳий тарбия» китобининг 2-жузи асосида тайёрланди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2021 йил 14 апрелдаги 03-07/2439-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Қайтақайта дуо қилиб сўрашинг билан бирга бериш муддатининг кечикиши ноумид бўлишинга сабаб бўлмасин. Чунки, У зот сен учун ўзи ҳохлаган нарсада ва ўзи ҳохлаган давоми...

3798 05:00 / 01.03.2017
Ҳар бир мўмин мусулмон банда ҳазир бўлиши лозим ва лобудд бўлган қалб хасталикларининг бири ҳасаддир. Уламолар, ҳасадбировга етган неъматга рашк билан қараш ва давоми...

4388 05:00 / 28.02.2017
... . . Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган узун ҳадисда, жумладан, қуйидаги дуо бор .У Зот .Сўра,, деди. Мен дедим .Аллоҳим, давоми...

1056 19:00 / 24.06.2023
.Башорат берувчи, номи билан танилган бир қабила ҳақида ҳикоя қилинади. Бу қабила илммаърифат ва заковатда ажралиб турганидан уларга ушбу ном нисбат давоми...

10640 19:27 / 20.05.2017
Аудиолар

131519 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

52001 14:35 / 11.08.2021