1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тарих

Аҳолининг ҳолидан хабар олиш

12:25 / 24 август 1153 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ташаббускор ва масъулиятни чуқур ҳис қиладиган инсон Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу кечалари ҳеч кимга билдирмай, одамларнинг ҳолларидан хабар олишни ҳам биринчи бўлиб йўлга қўйдилар. Бу ишларга масъул кишилар тайинланган бўлишига қарамай, у киши кечалари ўзларини танитмасдан халқнинг ҳолидан хабар олар эдилар. Бу соҳада жуда ҳам кўп ишлар қилганлар. Уларнинг кўпчилиги ишончли ровийлар орқали ривоят қилинган.

«Халифа Умари одил кечаси ҳеч кимга билдирмай одамлар ҳолидан хабар олиб юрардилар. Бир аёлнинг овқат топа олмаганидан қозонга сувнинг ўзини қуйиб, тагига олов ёқиб: «Сабр қилинглар, ҳозир овқат пишади», дея болаларини ухлатишга уринаётганини кўрдилар. Халифа дарҳол орқаларига қайтиб, Байтулмолдан бир қоп егуликни ажратиб, ҳамроҳларидан қопни орқалатиб қўйишда ёрдам сўрадилар. Ҳамроҳларидан бири: «Эй мўминлар амири, ижозат беринг, юкни мен кўтариб борай», деди. Шунда ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу: «Агар қиёмат куни ўша оиланинг оч қолгани гуноҳини ҳам менинг ўрнимга сен кўтарадиган бўлсанг, бу юкни кўтар, бўлмаса ўзимга қўйиб бер, ўзим кўтарай», дедилар. Сўнг қопни ўзлари кўтариб олиб бордилар».

Ҳазрати Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу халифалик вақтларида кечаси одамларнинг ҳолларидан хабар олиш мақсадида айланиб юриб, бир ҳовлида аёл кишининг ҳижрон ҳақида байт айтаётганини эшитиб қолдилар. Суриштирсалар, у аёлнинг эри Ислом лашкарлари билан урушга кетган экан. Сўнг ҳазрати Умар қизлари Ҳафса онамизнинг олдларига одам юбориб: «Аёл киши эрисиз қанча сабр қилади?» деб сўратдилар. У киши: «Тўрт ой», деб жавоб бердилар. Ушбу жавобдан сўнг ҳазрати Умар ҳеч кимни аскарликда тўрт ойдан ортиқ ушлаб турмаслик ҳақида фармон бердилар.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу бу каби кузатишларда ҳам шариат қоидаларига қаттиқ риоя қилар ва ундан четга чиқмас эдилар, чунки Ислом шариати жосусликдан, бировнинг бошқалардан беркитаётган сирини ўзига бидирмасдан билиб олишдан қайтарган.

Ибн Мунзир ва Саъид ибн Мансурлар Шаъбийдан ривоят қиладилар:

«Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ўз соҳибларидан бирининг йўқолиб қолганини кўриб, Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳуга: «Юр, фалончининг уйига бориб келамиз», деди. Унинг уйига келишди. Эшиги очиқ экан. Қарашса, у ўтирибди. Хотини идишга бир нарса қуйиб, унга бермоқда. Умар Абдурраҳмон ибн Авфга: «Мана шу буни биздан машғул қилган экан-да», деди.

Ибн Авф Умарга: «Идишдаги нима эканини қаердан биласиз?» деди.

«Бу жосуслик бўлишидан қўрқасанми?» деди Умар. Шунда Ибн Авф: «Йўқ, бу жосусликнинг ўзгинаси», деди.

«Бунинг тавбаси қандай бўлади?» деди Умар.

«Унга ўзи ҳақида билган нарсангизни билдирмаслигингиз ва нафсингизда яхшиликдан бошқа ҳеч нарса бўлмаслиги ила», деди Ибн Авф.

Сўнгра иккови қайтиб кетишди».

Табароний Абу Қилобадан ривоят қилади:

«Умар розияллоҳу анҳуга Абу Миҳжан Сақафийнинг ўз шериклари билан уйида ичиб ўтиргани ҳақида хабар беришди. Умар унинг устига кириб борган эди, бир киши билан ўтирган экан. Шунда Абу Миҳжан: «Эй мўминлар амири! Бундай қилиш сизга ҳалол эмас! Аллоҳ сизни жосусликдан қайтарган!» деди.

«Манави нима деяпти?!» деди Умар.

Зайд ибн Собит ва Абдурраҳмон ибн Ар­қам розияллоҳу анҳумо: «Эй мўминлар амири, тўғри айтди. Бу жосусликдир», дейишди. Умар уни тарк қилиб чиқиб кетди».

Ҳа, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг давр­ларида, Ислом ҳукмлари асл ҳолида татбиқ қилинган пайтда қонунни бузганликда шубҳа қилинаётган оддий фуқаро билан буни аниқламоқчи бўлган раҳбарнинг муносабати ана шундай бўлган. Қонунни татбиқ қилиш учун раҳбарнинг ўзи уни бузмаслиги шарт қилинган.

Албатта, ароқ ичишда шубҳа қилиниш билан бировнинг уйига қонун номидан изнсиз кириб бориш гуноҳлари орасида осмон билан ерча фарқ бор. Лекин шундай бўлса ҳам, жамият вазифадорининг қонунни бузишга заррача ҳаққи йўқ. Агар бузиб қўйса, ҳазрати Умар розияллоҳу анҳуга ўхшаб, бунинг тавбасини излаши керак бўлади.

«Ислом тарихи» китоби биринчи жуз

Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 14 мартдаги 03-07/1733-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ироқ тарафга бориб, қарор топган одамлар жамоаси Шинъор номли пасттекисликка жойлашди. У ерда уларнинг ҳаёти яхшиланди. Қадрлари баланд, даражалари юқори бўлди ва давоми...

3389 16:20 / 29.01.2019
Анбот наботийлар давлатиБу давлат милоддан 400 йилча аввал қурилган ва милодий 106 йилда инқирозга юз тутган. Анботлар саҳровий қабилалар бўлиб, Шом ўлкасининг давоми...

2790 12:31 / 30.06.2019
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнингҳаётларини ўрганишВафодорлик Қурайш мушриклари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ва у зотга эргашган давоми...

4913 05:00 / 07.03.2017
Бани Ҳашиш қабиласининг раисларидан бири қўшнисининг ерини эгаллаб олади. Улар қозига шикоят қилиб боришади. Қози имом Шавконий роҳимаҳуллоҳ эди. Шавконий давоми...

3133 17:00 / 12.04.2022
Аудиолар

137635 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

57701 14:35 / 11.08.2021