1446 йил 20 жумадул аввал | 2024 йил 22 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом

Қуръонни тадаббур ила ўқишнинг фойдалари

11:14 / 17 август 1627 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қуръони Каримни тиловат қилиш натижасида ўқувчи кишига дунё ва охиратда жуда ҳам кўплаб фойдалар бор. Бироқ, мана шу фойдаларни яна ҳам кўпроқ ва унумлироқ қиладиган бир амал мавжуд. Бу тадаббур ила қироат қилмоқдир. Қуръони Каримни тадаббур ила ўқишда кишига кўплаб фойдалар бўлиб, уларни баён қилишдан олдин тадаббур ила қироат қилиш нима эканлигини келтириб ўтсак.

Тадаббур – бирор нарса ҳақида фикр юритмоқ, мулоҳаза қилмоқ деганидир. Қуръони Каримни қироат қилишда эса Қуръони Каримдаги оятлар борасида фикр юритиб, ақл-идрок қодир бўлган даражада оятлардаги Аллоҳ таолонинг муродини англамоқ ва фаҳмламоқдир.

Энди эса тадаббур туфайли пайдо бўладиган фойдаларнинг энг афзалларини баён қиламиз:

1. Тадаббур ила Қуръон ўқиш - Иймон шоҳтомирларини бақувват қилади. Қуръони Карим оятларини тадаббур қилиш мўмин кишини бу китоб ҳақиқатда Аллоҳ таолонинг ҳузуридан нозил қилинганига бўлган ишончини кучайтиради. Негаки, тадаббур ила ўқувчи Қуръон оятлари ичида хоҳ лафзларда, хоҳ тугалланган маъноларда бўлсин бир-бирига мухолифини топа олмагач, оятларнинг мукаммаллигидан бириси ўрнига бошқасини, ёки бирор лафзни ўзини алмаштириш мумкин бўлмаганидан албатта, бу китоб яккаю ягона Аллоҳ таолонинг нозил қилгани эканлигига яна ҳам ишончи ортади. Демак, Қуръони Каримдаги:

أَفَلَا يَتَدَبَّرُونَ الْقُرْآَنَ وَلَوْ كَانَ مِنْ عِنْدِ غَيْرِ اللَّهِ لَوَجَدُوا فِيهِ اخْتِلَافًا كَثِيرًا

Қуръон (оятларининг маънолари) ҳақида (чуқурроқ) фикр юритмайдиларми?! Агар (у) Аллоҳдан ўзганинг ҳузуридан (келган) бўлса эди, унда кўпгина қарама-қарши гапларни топган бўлур эдилар. (Нисо сураси, 82 оят), деб таърифланганига яна бир бор инониб, иқрор бўлади. Мана шу ишонч Аллоҳ таолонинг:

قُلْ نَزَّلَهُ رُوحُ الْقُدُسِ مِنْ رَبِّكَ بِالْحَقِّ لِيُثَبِّتَ الَّذِينَ آَمَنُوا وَهُدًى وَبُشْرَى لِلْمُسْلِمِينَ

(Эй, Муҳаммад! Уларга) уни (яъни Қуръонни) Руҳул-Қудус (Жаброил) Раббингиз (тарафи)дан иймон келтирганларни (динда) собитқадам қилиш учун мусулмонларга ҳидоят ва башорат бўлган ҳолида барҳақ нозил қилганини (уларга) айтиб қўйинг! (Наҳл сураси, 102 оят), деб нозил қилган оятидаги иймоннинг саботини рўёбга чиқаради. Мана, ўн тўрт аср ўтаётган бўлса-да, илоҳий мўъжиза – Қуръони Карим оятларида келтирилган маълумотларда бирорта хато жумла топилгани йўқ, топилмайди ҳам. Фалакиёт, коинот, ҳайвонот, наботот, илоҳиёт ва табииётга доир оятларнинг нақадар тўғри ифода этилгани кун сайин ўз тасдиғини топиб келаётир.

2. Тадаббур ила Қуръон ўқиш - Аллоҳ таолони танитади. Инсоният яратилибдики, ўзи, атрофидаги борлиқ, уларни Яратган Зот ҳақида билишни, танишни хоҳлайди. Қуръони Карим эса мана шу нарсаларга жавоб беради. Атроф, борлиқ яратилиши ҳақида хабар беради. Бутун оламлар Парвардигорининг зоти, исмлари ва сифатлари ҳақида баён қилади. Нималар У Зотга хос экани, У Зот нималардан пок ва муназзаҳ эканлигини ўргатади. Бандаларнинг Ўз Роббилари олдидаги вазифаларини, У Зотга боғланиш йўлларини ва У Зотга яқин кишилар сифатларини кўрсатиб беради.

3. Тадаббур ила Қуръон ўқиш - Аллоҳ таолога бандалик қилишни шакллантиради. Қуръони Каримни тадаббур ила қироат қилиш Аллоҳ таоло биздан нималарни хоҳлагани ва бизларга нимани нозил қилганини билишимиз учун энг яхши восита ва энг ишончли йўл кўрсатувчидир. Чунки, Қуръони Карим бандалар бажариши лозим бўлган шариатнинг асосидир. Шу асосга кўра банда буйруқларга амал қилиш, қайтариқлардан сақланиш амалиётини шакллантириб боради.

4. Тадаббур ила Қуръон ўқиш - Мусулмон кишига барча ишларини Аллоҳ таоло буюрганидек амалга оширишга ундайди, намозида ҳам намоздан ташқарида ҳам Аллоҳ таолонинг ҳузурида тургандагидек бўлишни шакллантиради. Мусулмон бўлмаганларга эса, агар инсофли, адолатли бўлса, иймон ва ислом неъматини ҳадя этади.

5. Тадаббур ила Қуръон ўқиш - Қалбларни ва барча борлиқни ислоҳ қилади. Қалбдаги иймон, ишонч уруғлари тадаббур суви ила суғорилса куртак очишга, ўсиб, бақувват илдиз олишга ҳамда ҳосил қилишга олиб келади. Бу уруғни ўсишдан тўхтатишга уринадиган турли хил шайтоний, шаҳвоний васвасаларни ўчиради, тозалайди.

Аллоҳ таоло:

يَا أَيُّهَا النَّاسُ قَدْ جَاءَتْكُمْ مَوْعِظَةٌ مِنْ رَبِّكُمْ وَشِفَاءٌ لِمَا فِي الصُّدُورِ وَهُدًى وَرَحْمَةٌ لِلْمُؤْمِنِينَ

Эй, одамлар! Сизларга Раббингиздан ваъз (насиҳат), диллардаги нарса (ширк ва бошқа иллатлар)га шифо ва мўминларга ҳидоят ва раҳмат келди (Юнус сураси, 57 оят), дея лутф этган. Дарҳақиқат, Қуръон оятларида келтирилган ваъз-насиҳат, эслатма, амр ва наҳйлар унга амал қилувчиларга моддий ва маънавий жиҳатдан фойдалидир. Айниқса, дилларидаги бузуқ ақидалар, салбий иллатлар тузатилар экан, инсоннинг диний ва дунёвий ишлари ўз-ўзидан изга тушиб, икки дунё саодатига эришиш имконияти туғилади. Бунинг учун фақат чин иймон ва тўғри эътиқод бўлиши зарур. Бу эса, оятда айтилганидек барча қалбий разилликларга шифо бўлади.

6. Тадаббур ила Қуръон ўқиш - озуқа, шифо ва ҳимоя-қалқондир. Қуръони Каримни тадаббур ва ихлос билан ўқишлик ила инсон кўзлаган мақсадига етади. Оч бўлса қорни тўяди, бемор бўлса шифо топади, ҳимояга муҳтож бўлса Аллоҳнинг Ўзи уни Ўз ҳимоясига олади. Энг кучли руҳий озуқа ҳам Қуръонни тадаббур ила қироат қилиш ила бўлади. Аллоҳ таоло Ўз каломи шарифида «Қуръонни мўминлар учун шифо ва раҳмат ўлароқ нозил қилурмиз. У золимларга зиёндан бошқани зиёда қилмас» (Исро сураси,82-оят) дейди.

Бошқа бир ояти каримада эса «Агар уни ажамийча Қуръон қилганимизда, албатта: «Унинг оятлари муфассал баён қилинганида эди. Арабийга ажамийчами?!» – дер эдилар. «У иймон келтирганлар учун ҳидоят ва шифодир. Иймон келтирмайдиганларнинг қулоқларида оғирлик бордир. У улар учун кўрликдир. Улар узоқ макондан чақирилаётганлардир», – деб айт» (Фуссилат сураси, 44-оят) деб хушхабар беради.

7. Тадаббур ила Қуръон ўқиш - Ақлларни ўстиради. Қуръони Каримдаги кўплаб ояти карималарда Аллоҳ таоло нозил қилган нарсалар борасида тадаббур қилиш, ақл ишлатиш, фикр юритиш ҳақида буюрилган. Мазкур иш ақл, инсон онги учун энг фойдали машғулот ҳамдир. Чунки, инсон ақли ва онги мана шу нарсалар билан чархланиши, янада ўткирланишини замонавий илм-фан ҳам исботлаган. Бу услуб хотирани мустаҳкамлашда ҳам улкан аҳамият касб этади.

Булардан ташқари Қуръони Каримдаги оятлар борасида тадаббур қилиш инсонлардаги мулоҳаза қилиш, ҳолатларни тўла илғай олиш каби хусусиятларни ўстиради. Фикрларни теран ва равшанлаштиради. Киши дунёқарашини, атрофдаги нарсаларга бошқача нигоҳ ила қарашни ўргатади. Натижада, киши борлиқ, инсоният ва бошқа нарсалар ҳақида тасаввур ва билим ҳосил қилади. Бу ҳақиқатдан энг яхши манфаат бўлади. Зеро, Қуръони каримда бежизга:

أَمْ مَنْ هُوَ قَانِتٌ آَنَاءَ اللَّيْلِ سَاجِدًا وَقَائِمًا يَحْذَرُ الْآَخِرَةَ وَيَرْجُو رَحْمَةَ رَبِّهِ قُلْ هَلْ يَسْتَوِي الَّذِينَ يَعْلَمُونَ وَالَّذِينَ لَا يَعْلَمُونَ إِنَّمَا يَتَذَكَّرُ أُولُو الْأَلْبَابِ

«Ёки кечалари сажда қилган ва тик турган ҳолда ибодат қилувчи, охиратдан қўрқадиган ва Парвадигорининг раҳматидан умид қиладиган киши (билан бошқалар баробарми?!) Айтинг: «Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?!» Дарҳақиқат, фақат ақл эгаларигина эслатма олурлар (Зумар сураси, 9 оят) дейилмаган. Яъни, олимлар билан жоҳил (илмсиз)лар маърифатда ёки мўминлар билан Кофирлар савоб ва тоатда ёхуд пайғамбарни тасдиқ этувчилар билан уни инкор этувчилар Аллоҳнинг ҳузурида тенг бўлмайдилар. Яъни, жазо ва мукофотда фарқ бўлади.

Аллоҳ таоло барчаларимизни Ўзининг каломи бўлмиш Қуръони Каримга муҳаббатли, унга риоя этадиган ва тадаббур ила қироат қиладиган бандалардан айласин.

Жалолиддин домла Ҳамроқулов

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинадиРасулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар .Одамлар олтин ва кумуш маъданлари каби маъдандирлар. давоми...

864 11:00 / 18.05.2023
Айтгин .Аллоҳим Барча подшоҳликнинг эгаси Хоҳлаган кишингга подшоҳлик берурсан ва хоҳлаган кишингдан подшоҳликни тортиб олурсан, хоҳлаган кишингни азиз давоми...

4246 15:57 / 30.09.2017
Ризқ ҳақидаги ҳадислар.Батаҳқиқ, Аллоҳ таоло орангизда хулқ ва ризқни тақсимлади. Дунёни яхши кўрганига ҳам, маҳбуб бўлмаганига ҳам беради. Аммо динни фақат яхши давоми...

9717 17:24 / 21.09.2017
Ҳужжатулислом Абу Ҳомид Ғаззолий айтадиларАллоҳ таолонинг сифатлари борасида ҳам аксар инсонлар идрок қилолмайдиган махфий нарсалар бор.Расулуллоҳ соллаллоҳу давоми...

1754 09:00 / 10.09.2021
Аудиолар

135057 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55333 14:35 / 11.08.2021