1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсир

Аллоҳ таоло учун сизни фалокатга учратиш ҳеч гап эмас

19:00 / 05 июнь 827 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

ﯤ ﯥ ﯦ ﯧ ﯨ ﯩﯪ ﯫ ﯬ ﯭ ﯮ

«Албатта, бандаларим устидан сенинг ҳукмронлигинг йўқ. Роббинг Ўзи вакилликка кифоядир» (Исро сураси, 65-оят).

Кимки Аллоҳга ҳақиқий банда бўлса, қалби Аллоҳга иймон ила тўлиб-тошган бўлса, банда Роббига ибодат ила банд бўлса, ундай бандага шайтоннинг ҳеч қандай таъсири йўқ. Шайтон ҳеч қачон ундай бандани бўйсундира олмайди.

«Роббинг Ўзи вакилликка кифоядир».

Унинг Ўзи шайтоннинг васвасасидан сақлайди, ундан ғолиб келишда бандага ёрдам беради.

Лекин, айни чоғда шайтоннинг васвасасига учадиган, унинг йўлига юрадиган, Аллоҳнинг йўлидан юз ўгирадиган бандалар ҳам бор.

ﯯ ﯰ ﯱ ﯲ ﯳ ﯴ ﯵ ﯶ ﯷ ﯸﯹ ﯺ ﯻ ﯼ ﯽ ﯾ

«Роббингиз Унинг фазлидан талаб қилишингиз учун денгизда кемани юргизиб қўйган Зотдир. Албатта, У сизга ўта раҳмлидир» (Исро сураси, 66-оят).

Аллоҳ таоло бандаларига меҳрибон бўлгани учун ҳам уларга турмуш ўтказишни осонлаштириб беради. Масалан, денгизда кемаларни юргизиб қўяди. Бу иш ҳам Аллоҳнинг бандаларига меҳрибонлик ила ато қилган улкан неъматларидандир.

ﭑ ﭒ ﭓ ﭔ ﭕ ﭖ ﭗ ﭘ ﭙ ﭚﭛ ﭜ ﭝ ﭞ ﭟ ﭠﭡ ﭢ ﭣ ﭤ ﭥ

«Қачон сизни денгизда фалокат тутса, Ундан ўзга илтижо қиладиганларингиз ғойиб бўлур. Қачонки сизга нажот бериб, қуруқликка чиқарса, юз ўгирасиз. Инсон ўзи ношукрдир» (Исро сураси, 67-оят).

Аллоҳ таоло бандаларга ҳаёт кечириш осон бўлиши учун меҳрибонлик ила денгизда кема юргизиши катта неъмат эди. Бандалар бу неъматга қанчалар шукр қилсалар, шунча оз эди. Аммо улардан баъзилари ношукр бўлиб, Аллоҳнинг йўлидан тойиб, шайтоннинг йўлидан юрадилар. Ўзларига Аллоҳдан ўзгани валинеъмат тутадилар. Энди, борди-ю, Аллоҳ берган неъматдан фойдаланиб, денгизда кемага миниб кетаётганларида, фалокат юз бериб қолса, ўзларини бошқача тутадилар:

«Қачон сизни денгизда фалокат тутса, Ундан ўзга илтижо қиладиганларингиз ғойиб бўлур».

Денгизда фалокатга йўлиқиш қуруқликдаги фалокатга қараганда таҳликалироқ бўлади. Ўзига хос қўрқинч ва талвасалари бор. Шунинг учун ҳам денгизда фалокатга йўлиққан одам, ким бўлишидан қатъи назар, дарҳол бевосита Аллоҳ таолога илтижо қила бошлайди. Агар кофир бўлса ҳам, Аллоҳга ёлвориб, мадад сўрайди. Мушрик бўлса, сохта худоларини қўйиб, биру бор Аллоҳнинг Ўзига ёлворади.

«Қачонки сизга нажот бериб, қуруқликка чиқарса, юз ўгирасиз».

Фалокат вақтида ёлғиз Аллоҳга илтижо қилган банданинг ношукрлиги фалокатдан қутулганидан кейин юзага чиқади. Аллоҳ таоло унга нажот бериб, фалокатдан қутқариб, қуруқликка чиқарса, банда ҳеч нарса бўлмагандай, аввалги ҳолича қолиб, Аллоҳнинг йўлидан юз ўгириб кетаверади. Фалокатдан қутулганидан кейин қўрқинчли ҳолини унутади. Аллоҳни ҳам ёддан чиқаради.

«Инсон ўзи ношукрдир».

Булардан иймони борлар мустасно, улар доимо Аллоҳнинг неъматига шукр этиб, доимо ибодатида собитқадам бўладилар. Кофирлар кофирлигича қоладики, келаси оятда ана шундай ношукрларга хитоб қилинади:

ﭦ ﭧ ﭨ ﭩ ﭪ ﭫ ﭬ ﭭ ﭮ ﭯ ﭰ ﭱ ﭲ ﭳ ﭴ ﭵ

«Сизни қуруқликнинг бир томонига ютдириб юборишидан ёки устингиздан тошли шамол юборишидан, сўнгра ўзингизга қутқарувчи топа олмай қолишингиздан хотиржаммисиз?!» (Исро сураси, 68-оят).

Эй ношукр бандалар, денгизда фалокатга учраганингизда қўрқиб кетиб, фақат Аллоҳга илтижо қилган эдингиз. Энди, У сизни қутқарганидан кейин, қуруқликка чиқиб олиб, юз ўгириб кетишингиз нимаси? Ёки ер юзида Аллоҳнинг фалокатига учрамайман, деб хотиржаммисиз?! Сувда фалокатга учратган Аллоҳ қуруқликда ҳам фалокатга учратишга қодир. Ёки У

«Сизни қуруқликнинг бир томонига ютдириб юборишидан…» хотиржаммисиз?!

Ерга ютдирмаса, бошқа фалокатга ҳам учратиши мумкин. Ана ўшандай фалокатларга учрашдан ҳам хотиржаммисиз?! Мисол учун, Аллоҳ устингизга шамол йўллаб, тош ёғдира олмайдими?! Хотиржам бўлишга асло ҳаққингиз йўқ. Аллоҳ фалокатларини юборганида, сиз ўзингиз учун қутқарувчи топа олмай қоласиз. Аллоҳ таоло учун сизни фалокатга учратиш ҳеч гап эмас.

Тафсири Ҳилол» китоби асосида тайёрланди

 

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло Қалам сурасида шундай марҳамат қилади Ва албатта, сен буюк хулқдасанrdquo 4оят.Бу ояти карима Набий алайҳиссалом учун катта баҳодир. Аввало, ўтган давоми...

3061 19:30 / 05.12.2018
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади .Эсла, фаришталарга .Одамга сажда қилинглар, ndash деганимизда, сажда қилдилар, магар иблис .Сен лойдан давоми...

1284 19:00 / 28 май
Аллоҳ таоло Мулк сурасида шундай марҳамат қилади .Албатта, ўз Роббларидан ғойибона қўрқадиганлар учун мағфират ва улуғ ажр бордир, 12оят.Қуръондаги, умуман, давоми...

4127 18:00 / 19.04.2019
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади .Албатта, охиратга иймон келтирмайдиганларга ndash ўшаларга аламли азобни тайёрлаб қўйдик, Исро сураси, давоми...

1055 19:00 / 02 январь