Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
عَنْ أَنَسٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَنْ نَسِيَ صَلَاةً فَلْيُصَلِّ إِذَا ذَكَرَهَا، لَا كَفَّارَةَ لَهَا إِلَّا ذَلِكَ أَقِمِ الصَّلَاةَ لِذِكْرِي. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ. وَلِمُسْلِمٍ: إِذَا رَقَدَ أَحَدُكُمْ عَنِ الصَّلَاةِ أَوْ غَفَلَ عَنْهَا فَلْيُصَلِّهَا إِذَا ذَكَرَهَا فَإِنَّ اللهَ يَقُولُ - ﭟ ﭠ ﭡ-.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким намозни унутса, бас, уни эслаган пайтида ўқиб олсин. Унинг бундан бошқа каффороти йўқдир. «Намозни Менинг зикрим учун қоим қил», дедилар».
Бешовлари ривоят қилганлар.
Муслимнинг ривоятида:
«Бирортангиз намоздан ухлаб ёки ғофил қолса, бас, уни эслаганда ўқиб олсин. Чунки Аллоҳ: «Намозни Менинг зикрим учун қоим қил», деди», дейилган.
Шарҳ: Ислом дини осонлик, кенгчилик ва бандаларга раҳм-шафқат динидир.
У инсонни тоқати ва имкониятидан ташқари нарсага таклиф қилмайди.
Аллоҳ таоло инсонни ва у яшаб турган оламни яратган Зотдир. Шу боисдан ҳам Аллоҳ таоло Ислом шариатини инсониятга қиёматгача мукаммал ва барча талабларга жавоб берадиган шариат қилиб жорий қилгандир.
Бинобарин, Аллоҳнинг Ўзи яратган оламида яшайдиган инсонларга Ўзи туширган шариати мос келмаслиги мумкин эмас. Аллоҳ таоло ҳикматли Холиқ сифати билан инсонга нима мос келади-ю, нима мос келмайди, яхши билади.
Мазкур нарсаларнинг бир тарафини ушбу ҳадиси шарифда кўриб турибмиз.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким намозни унутса, бас, уни эслаган пайтида ўқиб олсин», демоқдалар.
Инсон борки, эсдан чиқариши, унутиши бор. Араблар «инсон» сўзи «нисён», яъни «унутиш» сўзидан олинган, дейдилар. Демак, унутиш айб эмас, балки узрлидир. Намозни унутган одам эслаган пайтида қазосини ўқиб олади.
«Унинг бундан бошқа каффороти йўқдир».
Яъни, қазо бўлган намознинг ўрнини бундан бошқа нарса билан тўлдириб бўлмайди. Бу эса қазо намозни ўқишдан бошқа илож йўқлигининг энг кучли далилларидан биридир.
«Намозни Менинг зикрим учун қоим қил».
Бу ояти каримада Аллоҳ таоло Ўзининг зикри учун намоз ўқишни амр қилмоқда. Шунинг учун ҳам унутган одам намозни эслаган заҳоти ўқиб олади.
Имом Муслим қилган ривоятда эса намозни унутган киши қаторига ухлаб қолган одам ҳам қўшилмоқда.
Ухлаб қолган одам ҳам худди эсидан чиққан одамга каби айбдор бўлмайди. У ҳам уйғонган заҳоти ўқилмаган намозининг қазосини ўқиб олади.
Ушбу ҳадиси шарифдан, намозни вақтида ўқимаган одам қазосини ўқиб олади, деган хулоса чиқмоқда. Чунки ухлаб қолган ёки эсидан чиқарган одам намозни қазо қилиб ўқиши лозим бўлгач, узрсиз қазо қилган одам ҳам қазо намозини ўқиши керак. Бу жумҳур уламоларнинг сўзларидир.
Аммо баъзи кишилар «Беш вақтдан ортиқ намозни қазо қилмайди, унинг гуноҳини қазо намоз ўқиш билан ҳам ювиб бўлмайди. Бундай одамни диндан чиққан муртад деб ҳисоблаш лозим», дейдилар.
«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 4-жузи асосида тайёрланди